Ўзбекистон | 14:43 / 28.01.2025
11741
3 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways Европага Россия ва Беларус ҳудудини айланиб уча бошлади

Авиакомпаниядагилар буни «Европа авиация хавфсизлиги агентлиги тавсияси» ва «эҳтиёт чораси» деб атаган.

Uzbekistan Airways Европа ҳудудига парвозларни Россия ва Беларус ҳудудини айланиб ўтган ҳолда амалга оширмоқда. Бу ҳақда компания бошқаруви раиси Шуҳрат Худойқулов 28 январ кунги матбуот анжуманида хабар берган.

Маълум бўлишича, авиакомпания рейслари 2025 йил 20 январдан бошлаб жануброқдан – Озарбойжон ва Туркия ҳудудлари орқали амалга оширилмоқда.

Компания матбуот хизмати Kun.uz’га берган изоҳида йўналиш ўзгариши Azerbaijan Airlines самолёти авиаҳалокати билан боғлиқ эмаслигини билдирган.

«Бу Европа авиация хавфсизлиги агентлиги тавсияси, чунки биз Европа фуқароларига ҳам хизмат кўрсатамиз. Бу Озарбойжон ҳаво йўллари самолёти ҳалокати билан боғлиқ эмас», — дейилади изоҳда.

Ўз навбатида, компания матбуот хизмати Repost.uz нашрининг худди шу саволига жавобан «бу шунчаки эҳтиёт чоралари ва маълум даражада йўналишларни оптималлаштириш» эканини айтган.

Эндиликда Европагача масофа узайган, масалан, Тошкент-Мюнхен рейсида олдин Россия орқали училганида масофа 4849 километрни ташкил этган бўлса, эндиликда 5156 километрга етган.

Европа ҳудудига жануброқдан, Озарбойжон ва Туркия орқали йўналиш. Фото: Flightradar24.

«Табиийки, бу рейсни бир томонга 30–40 дақиқага узайтиради ва компания учун қўшимча харажатларни келтириб чиқаради. Шунга қарамай, биз тарифларни оширмадик, чунки бу форс-мажор ҳолати ва йўловчи бунинг учун жавобгар бўлмаслиги керак», – дея авиаташувчи раҳбарининг сўзларини келтирган Gazeta.uz.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 25 декабр тонгида Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга учган самолёти Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида қулаб тушди ва бортдагиларнинг 38 нафари ҳалок бўлиб, 29 киши омон қолган. Дастлаб Euronews ва Reuters Озарбойжон ҳукуматидаги манбага асосланиб, самолёт ҳалокатига Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбаси сабаб бўлганини хабар қилди. Маълум қилинишича, самолёт Грознийга украин дронлари ҳужум қилган вақтда ракета зарбасига учраган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига шикаст етказган.

Уч кун ўтиб Россия президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилиб, «Россия ҳаво кенглигида рўй берган фожиали ҳодиса» учун узр сўради. Алиев Россия самолёт ҳалокатидаги айбини тан олиши зарурлигини айтган.

Январ ойи бошида Ўзбекистондаги Qanot Sharq авиакомпанияси Россиянинг Москва, Санкт-Петербург ва Нижний Новгород шаҳарарига парвозларни тўхтатди. Авиакомпаниядагилар бу қарорни «эксплуатация зарурати» деб изоҳлаган.

Мавзуга оид