Жаҳон | 20:38 / 27.01.2025
4726
2 дақиқада ўқилади

Украина Қуролли кучлари Россия армияси сафида урушда қатнашган Италия фуқаросини асирга олди

Италия Адлия вазирлиги мамлакатнинг 51 ёшли фуқароси ҳақиқатан ҳам асирга олинганини тасдиқлади. Маълумотларга кўра, Италия томони уни экстрадиция қилишга эришмоқчи.

Фото: Видеодан кадр

Италия Адлия вазирлиги Украина Қуролли кучлари (УҚК) Россия армияси сафида урушда қатнашган Италия фуқаросини асирга олганини тасдиқлади.

Гап Жанни Ченни исмли италиялик ҳақида кетмоқда. Январ бошларида Today нашри эркак ўз исмини айтгани, бироқ ҳарбийларга алоқадор эканини рад этгани тасвирланган видеони эълон қилганди.

«Бугунги кунда техник жиҳатдан ҳибсга олинган эмас, балки жанговар ҳаракатлар иштирокчиси сифатида асирга тушган Жанни Ченнининг экстрадицияси бўйича сўровлардан бехабармиз», — дейилади Италия Адлия вазирлиги хабарида.

Today нашрининг ёзишича, Италия Жанни Ченни экстрадиция қилинишига эришмоқчи. Нашр, шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги томонидан италияликка 2024 йил 13 ноябрда берилган ҳарбий гувоҳнома суратини ҳам эълон қилган. Маълумотларга кўра, УҚК Жанни Ченнини 2025 йил 7-8 январ кунлари Харкив областида асирга олган. Ҳозирда у Украинадаги шифохонада даволанмоқда.

Таъкидланишича, 51 ёшли Жанни Ченни Италия ва Россия фуқаролигига эга. Сўнгги йилларда у Самарада яшаб, пицца тайёрловчи сифатида ишлаб келган. Today’нинг қайд этишича, Жанни Ченни 80 йил ичида ҳарбий асирга айланган биринчи Италия фуқароси ҳисобланади. У экстрадиция қилингудек бўлса, мамлакатда қамоққа олинади.

Мавзуга оид