“Кам бўлганимиз йўқ”: қишда ҳам қулупнай ва редиска етиштириб сотаётган қувалик деҳқон
Отахон Бобоев Қува туманининг Акбаробод қишлоғидан. Ҳозир деҳқоннинг қўли қўлига тегмайдиган вақт. У томорқасидаги иссиқхонада етиштирган қулупнай ва редискадан яхшигина даромад топяпти. Қулупнайлар килограмми 150 минг, бир боғ редиска эса 2500 сўмдан сотиляпти.
Деҳқон Отахон ака яхши ниятда 20 сотих томорқасига иссиқхона қуриб, унга редиска уруғини қадаганди. Айни пайтда етилган редискалар йиғиштириляпти.
Маҳалланинг бир қанча аёллари иш билан таъминланган. Қишда уйида ишсиз ўтирган аёллар деҳқон иссиқхонасида тушликкача редиска боғлаб, кунлик ҳақ оляпти.
Деҳқон йиғиштирилган редискаларни бозорга олиб чиққани ҳам йўқ, чунки харидорларнинг ўзи келиб олиб кетяпти. Ичида 7 дона бўлган бир боғлам редиска 2 500 сўмдан сотиляпти.
Бундан ташқари Отахон Бобоев уйидаги 5 сотих иссиқхонасига қулупнай эккан. Қулупнайлар 1 килоси 150 минг сўмдан сотиляпти.
“Қимирлаган қир ошар дейишади. Қишлоқда ҳам меҳнат қилган кам бўлгани йўқ. Ҳаракат қилган яхши яшаяпти. Иссиқхоналардан яхшигина даромад оляпмиз, қора қозон қайнаяпти, Худога шукур. Маҳалла аёлларини кунлик ишлатиб, иш билан таъминлаяпмиз. Чорвамиз бор. Сигир соғиб, сутини рўзғорга ишлатамиз, ортиб қолганини сотамиз. Хуллас, қишлоқ тинч, сокин, маза, асаблар дам олади”, — дейди қувалик деҳқон.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров
Мавзуга оид

14:29
“Чигит экиш муддатини мажбуран белгилаб бериш нотўғри” — мутахассислар

17:57 / 07.03.2025
“Бир қўлда ишлашимни кўриб ҳайрон қолишади” – Тошкентни кўрмаган оқбўйралик деҳқон она ҳикояси

10:45 / 21.02.2025
Тошкент вилоятида газдан ўғринча фойдаланган иссиқхоналар аниқланди

08:23 / 13.02.2025