Ўзбекистон | 15:31 / 25.01.2025
7805
5 дақиқада ўқилади

Поезд чипталари нархи ошмоқда. Темирйўлчилар буни бозор иқтисодиёти деяпти

1 февралдан барча турдаги йўловчи поездларида чипта нархи ошмоқда. “Ўзбекистон темирйўллари” вакиллари Kun.uz билан суҳбатда бу давомли бўлишини айтди. Сабаблар кредит, электр нархининг ошгани, техник кўрик ва инфратузилма харажатларига бориб тақалади. Расмийларга кўра, “Афросиёб” Тошкентдан Самарқандга бир марта келиши – 8 минг евро харажатни талаб қилади.

1 февралдан бошлаб “Афросиёб” поездларида чипта нархи 25 фоизга, “Ўзбекистон”, “Шарқ”, “Насаф” поездлари чиптаси эса 30 фоизга қимматлайди. Тезюрар бўлмаган (ётоқли) йўловчи поездлар чипта нархининг тариф қисми 10,5 фоизга кўтарилади.

Ўтган 2 йилда “Афросиёб”да юриш нархи камида 200 фоизга ошмоқда. Темирйўлчиларнинг сўзларига кўра, тарифларни давлат томонидан тартибга солиш бекор қилингач, тўртта “Афросиёб” поезди 2024 йилнинг 1 январидан ўз харажатларини ўзи қоплашга ўтган.

“Афросиёб”га масъул ташкилот вакили Шаҳзод Мўминов нархларни бошқа давлатлар билан таққослади. “Жанубий Кореяда Сеул ва Пусан шаҳарлари ўртасидаги масофа 300 километр, худди “Афросиёб”дек поезд чиптаси нархи 27 доллар. Бизда эса шундай масофадаги Тошкент–Самарқанд чиптаси 19 доллар”, дейди у. Аммо турган гапки, икки давлатдаги аҳоли даромадларини таққослаб бўлмайди.

Kun.uz суҳбатдан аввал поезддан кўп фойдаланувчи аҳоли фикрига қизиқди. Табиийки. деярли ҳамма бир фикрда –нархлар ошишига қарши. Лекин темирйўлчилар ўтказган сўровномада бунинг акси бўлган экан. Шаҳзод Мўминовнинг таъкидлашича, “Афросиёб” йўловчиларининг 90 фоизи нарх-наво ошишини ижобий қабул қилган ва ўтказилган сўровномаларда чипта нархини оширишни сўраган.

Нега темир йўллари тизими ҳалиям монополия?

Темирйўллар соҳаси – бошқа кўплаб соҳалар қатори – монополия. Лекин расмийлар буни рад этади: уларга кўра, тизим турли йўналишлардаги компанияларга бўлиб юборилган. Жамоатчилик фаоли Умид Гафуров эса, бу ташкилотлар “бир онанинг болалари” эканини айтди.

“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ бош директори ўринбосари Фозил Шариповга кўра, бозор очиқ ва хоҳлаган тадбиркор келиб, ўз таклифларини бериши мумкин. Лекин бугунги кунга қадар бирор тадбиркор бу масала жамиятга мурожаат қилмаган ва қизиқмаган. Умид Гафуровнинг фикрича, бу – маълумотларнинг ёпиқлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

“Ҳозир монополмасмиз деяпсиз, лекин де-факто монополия ҳалиям. Масалан, мен тадбиркорман ва бирор жойга инвестиция қилмоқчи бўлсам, даромад, харажат кўрсаткичларини очиқ кўришни истайман. Тизим ҳозир унчалик очиқ эмас, 2021 йилда бу ҳақида гапирилган эди ва ундан бери 4 йил ўтди, трансформация ҳақида энди биляпман. Тадбиркорни асосий қизиқтирган саволлар – очиқ манбаларга бориб тақалади. Вокзалга, тизимга тадбиркорларнинг қизиқмагани, балки, етарлича маълумотлар йўқлигидан”, дейди блогер.

Тизими доим йилни зарар билан якунлайди

Темирйўлчилар фикрича, тизимнинг даромади харажатни қопламайди, натижада молиявий ҳисоботларда зарар билан чиқади. Бунинг сабаби эса биринчи навбатда олинган кредитлар, электр энергия нархининг кетма-кет ошгани, техник кўриклар, инфратузилма харажатлари, капитал таъмирлаш, ходимларнинг маошлари – ҳаммаси ҳисобланганда, харажатлар даромадлардан кўп.

“Афросиёб” учун тўланадиган кредит суммалари 2035 йилгача давом этади, сўнгра Hyundai поездларига навбат келади.

Хизмат кўрсатиш сифатими ҳам ошадими?

Kun.uz ўтказган сўровномада қатнашганлар “Афросиёб”нинг тозалиги, хизмат кўрсатиш сифати яхшилигини, лекин қолган поездлардаги ҳолат талабга унчалик жавоб бермаслигини айтишди. Хусусан, гигиена талабларига риоя қилиш керак, чипта нархлари ошганига яраша сервис сифати ҳам янада яхшиланиши, вагонлардаги имкониятлар кўпайиши лозим. Фозил Шарипов эса вагонларнинг ҳар доим ҳам тоза бўлмаслиги йўловчиларга боғлиқлигини айтади.

“Поездлар қатновга чиқиб кетишидан аввал тозаланади, ўзим текшириб оламан. Йўлда эса йўловчилар ҳар хил, улар чиққанидан кейин шундай аҳволга келиб қоляпти”, дейди у.

“Поездларимиз кунибўйи юриб келганидан кейин 200 дан ортиқ одам кечқуруни билан шу поездларни тозалайди, тайёрлайди. Сўнгра вокзалга жўнатамиз, йўл давомида эса вагон кузатувчилари яна тозалаб туришади. Менинг ўзим заводга бораман, вагонларни кўриб чиқаман, ювишини текшираман. Янги вагонлар яхши, лекин 40 йилдан ортиқ хизмат кўрсатган вагонлар бор. Уларнинг муддати келиши билан рейсдан оламиз”, дейди “Ўзтемирйўлйўловчи” директори ўринбосари.

Суҳбатни тўлиқ форматда Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.

Мавзуга оид