Болтиқбўйи давлатлари Европа Иттифоқи электр тармоқларига уланишга тайёр
8 феврал куни Латвия, Литва ва Эстония Россия ва Беларус билан ягона энергетика тизимидан узилиб, электр тармоқларини континентал Европа билан синхронлаштиради. Хавфсизлик чоралари кучайтирилди, деди уч давлат вазирлари.

Фото: AFP
Болтиқбўйининг уч давлати Европа Иттифоқи энергетика тармоғига уланиш ва Россия энергетика тизимидан узилиш бўйича тайёргарликни якунлади. «Биз барча даражадаги синхронизацияни якунлашга тайёрмиз», деди Латвия иқлим ва энергетика вазири Каспарс Мелнис 24 январ, жума куни Ригада Литва ҳамда Эстониядан бўлган ҳамкасблари Жигимантас Вайчюнас ва Йоко Алендер билан учрашувда.
Уч мамлакат энергетика идоралари раҳбарлари «ҳамма нарса режа бўйича кетаётганини» тасдиқлади. Улар энергия тизимларини синхронлаштиришдан олдин муҳим энергетика инфратузилмаси учун хавфсизлик чоралари кучайтирилганини таъкидлади. Шу билан бирга, Латвия, Литва ва Эстония ҳукуматлари барча сценарийларга тайёр, дея таъкидланади қўшимча равишда. Мелниснинг сўзларига кўра, Россия тизимидан узилишнинг олдини олишга уринишлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Литва вазири лойиҳани «тарихий» деб атади. Унинг ёрдами билан Болтиқбўйи давлатлари Россия электр энергиясидан қурол сифатида фойдалана олмаслигини таъминламоқчи. Эстония энергетика вазири, ўз навбатида, Европа электр тармоқлари билан синхронлаштириш уч давлатнинг энергетика тизимларини хавфсиз ҳолатга келтиришини ва уларни Россия Федерацияси назоратидан мустақил қилишини таъкидлади. «Биз электр энергияси фақат тўлиқ ишончли бўлган шериклар ўртасида ўтказилишини истаймиз», деб қўшимча қилди Алендер.
Феврал бошида БРЭЛЛдан узилиш амалга оширилади
Эстония, Латвия ва Литва 8 феврал куни Беларус, Россия, Эстония, Латвия ва Литва (БРЭЛЛ) электр тармоғидан узилишни режалаштирмоқда, улар унга СССР давридан бери кириб келган. Шу билан бирга, улар ўзларининг электр тармоқларини Полша орқали Европа билан синхронлаштиради.
Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо учта давлат Россиянинг Украинага қарши давом этаётган ҳарбий тажовузи фонида электр энергияси импортини тўхтатиб қўйганидан кейин ўз электр тармоқлари устидан тўлиқ назоратни тиклашга ва энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга интилмоқда.
Болтиқбўйи уч давлатининг 2025 йил февралидан кечиктирмай континентал Европа билан электр тармоқларини синхронлаштириш тўғрисидаги қўшма декларацияси 2023 йил августида имзоланган ва режа Европа Комиссияси билан келишилган. 2022 йил декабр ойида Эстониянинг ўша пайтдаги бош вазири Кая Каллас Таллин БРЭЛЛ ҳалқасидан фавқулодда узилишга тайёрлигини, аммо юзага келиши мумкин бўлган хавфларни минималлаштиришни хоҳлаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Эстонияда бундай қадам учун сиёсий ирода бор, бироқ у ҳали ҳам бир қатор техник элементлардан маҳрум.
Мавзуга оид

10:12 / 22.02.2025
Уч ҳудудда 530 млн сўмдан ортиқ энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилди

15:24 / 17.02.2025
Ўзбекистонда "яшил" энергия улуши 10 фоизга оширилади

16:42 / 08.02.2025
Болтиқбўйи давлатлари Россия электр тармоғидан узилди

16:08 / 06.02.2025