Жамият | 16:03 / 25.01.2025
5763
4 дақиқада ўқилади

Банк ходимасига нисбатан журналист суриштируви ўтказган телеканал мухбири ИИБга чақиртирилди

Жиззахда ўзгалар номига кредит олган банк ходимасининг қилмиши ҳақида суриштирув тайёрлаган MY5 телеканали мухбири ИИБга чақиртирилди. Пойтахтдаги тегишли ИИБ мухбирдан ҳолат юзасидан тушунтириш хати олган. Бировлар номига олинган кредитнинг бир қисмини ходиманинг Олий суд судяси бўлиб ишловчи турмуш ўртоғи Шарофиддин Болиев тўлаб келгани маълум бўлди.   

Фото: Facebook / ruxsora.gafurova

MY5 канали мухбири Рухсора Ғофурова Жиззахдаги банк ходимасининг фирибгарлиги юзасидан материал тайёрлаб эфирга бергач, ИИБга чақиртирилди. Журналистнинг суриштирувида банк ходимаси фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, уни ўзи ўзлаштиргани тилга олинган.

Навоий вилояти Қизилтепа туманининг Хўжақўрғон маҳалласида яшовчи Ойбек Очилов MY5 телеканалига мурожаат йўллаб, унинг номига кимдир кредит олганини билдирган. Телеканал мухбири Рухсора Ғофурова фуқаронинг мурожаати асосида журналистлик суриштирув ўтказган.

Суриштирувда келтирилишича, собиқ ҳарбий хизматчи бўлган Ойбек Очилов 2019 йил Халқ банки Жиззах вилояти филиалига истеъмол кредитини олиш бўйича мурожаат қилган. Аммо ўша вақтда банк ходимаси унга “ипотека кредити борлиги ва йил охири бўлгани сабаб лимит ёпилгани” важи билан рад жавобини берган.

Орадан бир неча йил ўтиб Ойбек Очиловнинг собиқ иш жойига кредит қарздорлигини тўлаш шартлиги бўйича Халқ банкидан расмий хат келган. Қолаверса, маълум вақт давомида кредитни сўндириш учун унинг банк картасидан маблағ ҳам ечиб олинган.

Суриштирув жараёнида Ойбек Очилов номига банк ходимаси кредит расмийлаштириб олгани, шунингдек, яна бир собиқ ҳарбий Жамшид Бойназаровга нисбатан ҳам шундай ҳолат амалга оширилгани аниқланган. Буни унинг турмуш ўртоғи тасдиқлаган. Қолаверса, ўзга шахслар номига расмийлаштириб олинган кредитлар банк ходимасининг Олий суд судяси бўлиб ишловчи турмуш ўртоғи Шарофиддин Болиев банк картасидан тўлаб келгани ойдинлашган.

Журналист Рухсора Ғофурованинг ушбу ҳолат бўйича тайёрлаган лавҳаси 2024 йил 23 декабрда “Марказий студия” информацион дастури орқали эфирга берилган. 

Ижтимоий тармоқларда ушбу журналистик суриштирувдан сўнг Рухсора Ғофуровага нисбатан маъмурий иш қўзғатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Журналистлар уюшмаси ҳолатга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, уюшма масъуллари масалага ойдинлик киритиш мақсадида Рухсора Ғофурова билан мулоқотда бўлган.

“Телеканалга 2024 йилнинг декабр ойида фуқаролар Ойбек Очилов, Зебо Бойназарова ва унинг турмуш ўртоғи Жамолиддин Бойназаров томонидан ёзилган мурожаат хати келган. Айни хат асосида «Менинг юртим» телеканали журналисти материал тайёрлаган. Ушбу материал-лавҳа эфирга узатилгач, банк ходимаси мурожаатига кўра, пойтахтимиздаги тегишли ички ишлар бўлими Р.Ғофуровадан фақатгина айни ҳолат юзасидан тушунтириш хати олган холос. Буни Р.Ғофурованинг адвокати Амрулло Аҳмедов уюшмага маълум қилди.

 Адвокатнинг айтишича, 2025 йил 24 январ кунги ҳолатда Р.Ғофуровага нисбатан маъмурий баённома тузилмаган. Демак, Р.Ғофуровага нисбатан маъмурий иш қўзғатилган қабилида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асоссиз.

Мазкур ҳолатни ўрганиш жараёнларида фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, ўзлаштиргани айтилаётган банк ходимасининг турмуш ўртоғи судя экани маълум қилинмоқда.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 322-моддаси 3-бандида оммавий ахборот воситалари берган хабарлар жиноят иши қўзғатишга сабаблар ва асослар қаторида қайд этилганини эслатади. Юқоридаги ҳолат бўйича тегишли органлардан қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ ҳуқуқий баҳо берилишини сўрайди”, дейилади уюшма муносабатида.

Шунингдек, Журналистлар уюшмаси журналист Рухсора Ғофурова билан боғлиқ ҳолат бўйича адолатли қарор қабул қилиниши таъминланишига ҳар жиҳатдан кўмаклашишини билдирган.

Судялар олий кенгаши ҳам ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

“MY5 телеканалининг “Марказий студия”  дастурида эфирга узатилган лавҳадан сўнг унинг муаллифига нисбатан қўзғатилгани айтилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишга судялар ҳамжамияти вакилининг эҳтимолий алоқадорлигига оид ижтимоий тармоқдаги хабарлар Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар одоб комиссиясида ўрганиб чиқилади”, дейилади баёнотда.

Судялар олий кенгаши ўрганиш натижаси юзасидан қўшимча ахборот берилишини маълум қилган.

Мавзуга оид