Жамият | 22:08 / 24.01.2025
32441
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида эри томонидан калтакланган аёл вафот этди

Аёлнинг эри процессуал тартибда ушланган. Энди у 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида эри томонидан калтакланган 23 ёшли аёл шифохонада вафот этди. Тошкент вилояти Ички ишлар Бош бошқармаси қўзғатилган жиноят иши қайта малакалангани ҳақида хабар берди.

«Афсуски, 23 ёшли аёл кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай бугун шифохонада вафот этди… Мазкур ҳолат жабрланувчининг ўлимига олиб келгани сабабли қўзғатилган жиноят иши Жиноят Кодексининг 126 (1) - моддаси 8-қисми «г» бандига қайта малакаланди», дейилади хабарда.

Аввалроқ, Оққўрғон туманида турмуш ўртоғини урган 37 ёшли эркак қўлга олинган, аёл жароҳатлар билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди.

Таъкидланишича, 16 январда Оққўрғон туманида 1988 йилда туғилган фуқаро К.Г. ва унинг 2001 йилда туғилган турмуш ўртоғи Ш.У. ўртасида оилавий келишмовчилик келиб чиққан. Жанжал вақтида фуқаро аёлни уриб, унга тан жароҳати етказган. Жабрланувчи Чиноз тумани тиббиёт бўлимига мурожаат қилган. Аёлнинг эри процессуал тартибда ушланиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 126 (1) -моддаси (оилавий маиший зўравонлик) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Энди гумондор қайта малакаланган иш бўйича 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Мавзуга оид