Олимлар энг митти биотиббий роботни яратди: у нималарга қодир?
Кичик ўлчами туфайли қурилма тананинг тор қисмларида бемалол ҳаракатланади ва сифатли тасвирлар олади.

Фото: HKUST
Ҳонконг Фан ва технологиялар университети муҳандислик мактаби олимлари дунёдаги энг кичик кўп функцияли биотиббиёт роботини яратишга муваффақ бўлди. MedicalXpress хабар қилишича, робот шу пайтгача мавжуд моделлардан 60 фоиз кичикроқ.
Робот тасвирга олиш, аниқ йўналишда ҳаракатланиш ва турли вазифаларни бажариш қобилиятига эга. Хусусан, у тўқима намуналарини олади, дори етказиб беради ва лазер билан даволайди. Унинг йўғонлиги атиги 0,95 миллиметрга тенг бўлиб, бу бошқа эндоскоп-роботларга нисбатан 60 фоиз юпқа.
Ушбу роботда илгари имконсиз деб ҳисобланган учта асосий хусусият бирлаштирилган. Қурилма юқори сифатли тасвирларни олади ва 9,4 миллиметргача бўлган масофада тўсиқларни аниқлайди. Бу назарий чегаралардан ўн баробар кўп. Бундан ташқари, у 30 микрометрдан кам хатолик билан юқори аниқликда ҳаракатланади. Унинг кўриш майдони шу каби қурилмаларга нисбатан 25 баробар катта.
Робот тўртта асосий қисмдан иборат: организм ичидаги тасвирларни олиш учун оптик толали матрица, дориларни аниқ етказиб бериш учун махсус мослама, толалар ва мосламаларни ушлаб турувчи ичи бўш каркас ҳамда роботнинг ҳаракатларини бошқариш имконини берадиган функционал қобиқ.
Робот жарроҳлик амалиёти пайтида организм ичида осон ҳаракатланади. Олимлар уни лабораторияда ва чўчқа ўпкасида синаб кўрди. Синовлар натижасида робот тор жойларда бемалол ҳаракатланиши, сифатли тасвирлар олиши ва бориш қийин бўлган жойларда муолажа ўтказа олиши аниқланди.
Кичик ўлчамдаги робот-жарроҳлар турли хил касалликларни даволашда қўлланиб келинади. Хусусан, улардан юрак касалликлари, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраларини даволашда фойдаланилади. Олимлар бундай роботлардан тиббиётда кенг фойдаланиш мақсадида уларни такомиллаштиришга интилмоқда.
Мавзуга оид

19:11 / 07.03.2025
Беморнинг COVID оқибатида йўқолган ҳид ва таъм билиш қобилиятини тиклаш усули топилди

14:18 / 02.03.2025
Янги “аждарҳо жангчиси”, космосга туристик парвоз ва “ақлли” ғилоф — технодайжест

18:18 / 28.02.2025
Тошкент, Фарғона, Бухоро, Андижон ва Самарқандда кўптармоқли клиникалар қурилади

15:11 / 27.02.2025