Ўзбекистон | 19:59 / 20.01.2025
9739
2 дақиқада ўқилади

Халқаро танловда ғолиб бўлган президент мактаби ўқувчиларига BYD совға қилинди

Саида Мирзиёева Шайх Зоид мукофоти совриндори бўлган икки нафар ўқувчининг ота-онаси ва устозига президент номидан мукофотларни топширди. Шунингдек, уларга BYD автомобиллари ҳам совға қилинди.

Саида Мирзиёева Абу-Даби шаҳрида «Глобал ўрта мактаблар» номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга президент номидан мукофотларни топширди. Бу ҳақда у ўзининг Telegramʼдаги каналига ёзиб қолдирди.

Тантанали тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этган.

«Бугун Абу-Даби шаҳрида «Глобал ўрта мактаблар» номинацияси бўйича Шайх Зоид мукофоти совриндори бўлган президент мактаби икки нафар ўқувчисининг ота-онаси ва устозига Ўзбекистон президенти номидан мукофотни топширишдан хурсанд бўлдим.

Бу ғалаба барча ёшларимиз учун умид ва илҳом рамзидир. Биз Сиз билан фахрланамиз», — деб ёзади Саида Мирзиёева.

Президент мактаби ўқувчилари ва уларнинг устозига BYD автомобиллари ҳам топширилган.

Танловда мактаб ўқувчилари Паҳлавон Ғуломов ва Асилбек Ашрапов ҳамда уларнинг устози Соҳибхон Азизовнинг ёмғир сувини ичишга яроқли даражагача қайта ишлаш лойиҳаси ғалабани қўлга киритган. Таъкидланишича, танловга 156 та давлатдан жами 5980 та ариза келиб тушган.

14 январ куни Абу-Дабида мукофотни ўқувчиларга Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён шахсан топширган эди. Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этган.

Мавзуга оид