Ўзбекистон | 20:32 / 20.01.2025
4805
2 дақиқада ўқилади

Президент барча идораларда молиявий интизом ва тежамкорликка қатъий амал қилишга чақирди

Шавкат Мирзиёев 20 январ куни Ҳисоб палатаси томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йилги асосий вазифаларга оид тақдимот билан танишди.

Йиғилишда қайд қилинишича, 2024 йилда Ҳисоб палатаси янги манбалар ҳисобидан 3,7 триллион сўм бюджетга қўшимча тушумларни таъминлади. Вазирлик ва идораларнинг 9,2 триллион сўмлик самарасиз харажатлари мақбуллаштирилди, 2,3 триллион сўмлик молиявий камчиликлар олди олинди. Давлат харидларига оид 4,5 триллион сўмлик камчиликлар бартараф этилди.

Таъкидланишича, бундай тизимли ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилади. Жумладан, “Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизимига 110 та вазирлик ва идоранинг маълумотлар базаси интеграция қилинади. Бу орқали жорий йилда 480 триллион сўмлик бюджет харажатлари мониторинги тўлиқ қамраб олинади.

Бюджетга қўшимча даромад манбаларини аниқлаш, молиявий ва бошқа хавфларнинг олдини олиш доимий вазифа ҳисобланади. Давлат улуши бор корхоналарнинг молиявий фаолиятини доимий мониторинг қилиб борилади.

Жорий йилда бюджетга 309 триллион сўм даромадлар тушишини таъминлаш чоралари кўрилади. Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларни халқаро стандартлар асосида аудитдан ўтказиш амалиёти бошланади.

Президент барча давлат идораларида молиявий интизом ва тежамкорликка қатъий амал қилиниши зарурлигини таъкидлади.

Мавзуга оид