Очиқлик талабларини бажармагани учун 2024 йилда 5 нафар мансабдор жаримага тортилди
Ўтган йили Жомбой, Уйчи, Наманган туманлари ва Марғилон шаҳри ҳокимларининг очиқликни таъминлашга масъул ўринбосарлари давлат ташкилотлари фаолиятининг очиқлигига оид талабларни бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
2024 йилда давлат идоралари фаолияти очиқлиги даражасини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси шакллантирилиб, унда 103 та давлат органидан 31 таси «яшил», 43 таси «сариқ» ва 29 таси «қизил» баҳоланди. Бу ҳақда 20 январ куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди.
2024 йилда давлат идораларининг функцияларидаги коррупция хавф-хатарлар даражаси баҳолашдан ўтказилиб, 101 та давлат органлари ва ташкилотларининг 7 525 та функцияларидан 495 таси коррупция хавф-хатар даражаси «юқори», 1 541 таси «ўрта», 5 489 таси «паст» деб баҳоланди. Шунингдек, коррупцияга мойил муносабатлар электрон реестри шакллантирилди.
«Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги баҳоланиб, 95 та ташкилотнинг 42 таси «яхши», 38 таси «қониқарли» ва 15 таси «қониқарсиз» деб топилди. «Қониқарсиз» баҳоланган раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилиб, танқидий муҳокама қилинди», – дейилади брифингда.
Шунингдек, брифингда очиқликка оид қонун ҳужжатлари талабларини бузган 5 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўллангани маълум қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, маъмурий жавобгарликка тортилган 5 нафар мансабдор шахслар: Самарқанд вилояти Жомбой тумани, Фарғона вилояти Марғилон шаҳри, Наманган вилоятининг Уйчи ва Наманган туманларининг соҳага масъул ҳоким ўринбосарлари. Шунингдек, Халқ банки ахборот хизмати раҳбари ҳам маъмурий жавобгарликка тортилган.
Ушбу мансабдорлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 215-7-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган.
Ушбу моддада «давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик, жумладан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштириладиган, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаганлик ёки тўлиқ эълон қилмаганлик, эълон қилиш муддатларига ва тартибига риоя этмаганлик ёки маълумотларни бузиб кўрсатганлик» учун —мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.
Модданинг 2-қисмига кўра, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Kun.uz ихтиёрига келиб тушган маълумотга кўра, “Халқ банки” АЖ ахборот хизмати раҳбарига нисбатан маъмурий иш 2024 йил март ойида ЖИБ Тошкент шаҳар суди томонидан апелляция инстанцияси томонидан кўриб чиқилиб, қарор қисман ўзгартирилган. Хусусан, банк ахборот хизмати раҳбари МЖтКнинг 215-7-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилишда айбдор деб топилган, лекин МЖтКнинг 21-моддасига мувофиқ, "ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги" сабабли маъмурий жавобгарликдан озод этилиб, огоҳлантириш берилган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил июн ойида Очиқликка доир президент фармони эълон қилинган бўлиб, унда давлат органлари ва ташкилотлари 30 дан ортиқ тоифадаги маълумотларни очиқ эълон қилиши шартлиги белгиланган эди.
Мавзуга оид

14:04 / 05.03.2025
Президент амалдорларнинг ҳашамат ва дабдабага интилишини коррупциянинг илдизи деб атади

13:43 / 05.03.2025
Президент адвокатлар дуч келаётган тўсиқларни бартараф этиш топшириғини берди

12:10 / 05.03.2025
Бош прокуратура ва ИИВ бир-бирини тийиб туриши кераклиги айтилди

12:07 / 05.03.2025