Энергетика вазирлиги: Бойсундаги М25 конида тўпланган газни хавфсиз ёқиш ишлари олиб борилмоқда
«Мустақилликнинг 25 йиллиги» кони ҳудудида оловли майдонлар юзага келди. Энергетика вазирлиги айни пайтда ҳудудда кичик ҳажмда тўпланган газни ёқиш орқали зарарсизлантириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр
Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кони жойлашган ҳудудда оловли майдонлар юзага келгани тасвирланган видео эълон қилинган эди. Энергетика вазирлиги мазкур ҳолатга муносабат билдириб, конда тўпланган газни хавфсиз ёқиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, М25 кони ҳудудида ҳеч қандай кутилмаган вазиятлар кузатилмаган. 2024 йил сентябр ойида метан эмиссияси содир бўлган қудуқ ўрнида объектни консервация қилиш бўйича режалаштирилган ишлар олиб борилмоқда ва бу ерда доимий мониторинг юритиляпти.
Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, 604-сонли қудуқда тозалаш ишлари олиб борилаётганда қудуқдан олис ҳудудларда ер юзасига яқин жойлашган бўшлиқлар ва коллекторлардаги микро ёриқларда кичик ҳажмдаги газ тўпланган.
Айни пайтда ҳудудда кичик ҳажмда тўпланган газни ёқиш орқали зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад кислотали газларнинг атмосферага чиқишини олдини олишдан иборат.
«Ушбу жараён атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда стандарт ёндашув ҳисобланади ва халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўла жавоб беради.
Режалаштирилган консервация ва профилактика ишлари мазкур технологик жараённинг ўзига хос хусусиятларини тушунмайдиган одамлар бошқача талқин қилиши мумкин бўлган бир қатор операциялардан иборат. Бунга ҳолат бўйича тарқалган видеолавҳа яхши мисол бўла олади», — дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида дастлабки офат 1 сентябр куни содир бўлиб, 15 сентябрда жиловланганди. 17 сентябрда эса 2-авария ҳолати юзага келди ва қурбонлар қайд этилди. Бу ҳақдаги маълумот бир кун ўтиб АОКАда бўлиб ўтган бошқа мавзудаги матбуот анжуманида берилганди. 18 сентябрда ўтган брифингда энергетика вазири вафот этганларнинг оиласи пудратчи ташкилот томонидан оталиққа олинишини хабар қилганди.
Мавзуга оид

18:37 / 28.02.2025
“Халқнинг ичида қўрқув бор” – кофрунликлар ҳамон хавотирда яшамоқда

15:30 / 20.01.2025
Видео: Бойсундаги М25 кони жойлашган ҳудудда оловли майдонлар юзага келган

16:00 / 23.11.2024
“Президентимиз, одамлар кўчишга розими-розимасми, дедилар” – Абдулла Арипов Бойсунда бўлиб қайтди

19:44 / 19.11.2024