Ўзбекистон | 18:37 / 28.02.2025
16194
6 дақиқада ўқилади

“Халқнинг ичида қўрқув бор” – кофрунликлар ҳамон хавотирда яшамоқда

Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ кони яқин атрофда яшаётганларнинг соғлиғига хавф солмоқда. Ҳудудда яшовчи инсонларнинг айтишича, болалар орасида аллергик касалликларга чалиниш ҳолатлари ошган. Айримлар вилоятнинг бошқа туманларига кўчиб кетган, бошқалар эса ҳар эҳтимолга қарши ўзлари учун жой ҳозирлаб қўйган.

Бойсун туманида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида вазият ҳали ҳам барқарор эмас. Буни 18 январда кондан олинган видеотасвирлар ҳам кўрсатган эди. Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида газ конида бўлди.

Йирик қудуқ атрофида катта-кичик ўнлаб тирқишлар пайдо бўлган ва улар ёниб турибди. Уларга яқинлашганда, газ кучли босим билан ёнаётганини кўриш, кон ҳудуди бўйлаб юрганда эса бадбўй ҳидни сезиш мумкин.

Кофрун қишлоғи одамлари масъулларнинг вазиятга бефарқлигидан хавотирда. Шу ерда яшовчи фуқарога кўра, ИИО ходимлари ОАВ ва блогерларга интервю бераётганларга турли босимлар ўтказяпти. Бу айрим блогерларнинг юзни кўрсатмаслик ваъдасини бузгани ортидан келиб чиқмоқда. Шу сабабми, баъзилар интервю беришни истамади.

Бир блогер келган эди, чиқарамиз-чиқарамиз деганди, униям чиқармади. Кейин бир келинчакни сиқувга олди, оиламни сиқувга олди. Хотиним вазиятни гапириб берди. Кейин уни ИИБ ходимлари чақирди. Сўнгра у шифохонага тушиб қолди. Шундан бери гапиришдан қўрқаман. Газ ҳолати бор, эрталаб, кечқурун келиб туради, ердан чиқаётгани хавфли экан”, дейди Кофрун қишлоғида яшовчи фуқаролардан бири.

Ободонлаштириш бошқармаси ходимининг айтишича, одатда газ ҳиди шамол кўтарилган пайти келиб туради.

Олдин газ ҳидидан безовта бўлардик, ҳозир ўрганиб ҳам қолдик. Бир хил овқатни еяверсангиз, бошида қийналасиз, кейин ўрганиб кетасиз-ку, буям худди шундай. Лекин барибир зарари бўлса керак. Маҳаллага борсак, яхши бўлади дейди, ўт ўчоқларига яқинлашиб, вазият ҳақида сўрасангиз шу ердаги назоратчилар нима ишинг бор, кет бу ердан, деб қайтариб юборади”, дейди у.

Ўрганиш давомида бир неча фуқаролар ўт ўчоқлари, газ ҳиди ўзларига салбий таъсир қилмаётганини айтди. Бошқа кишилар эса аксинча кўп ҳолларда болалар аллергик касалликларга чалинаётгани ҳақида гапирди.

Аллергия, юзда тошмалар кўпайган, газ ҳидининг таъсири дейишяпти. Катталарда ҳам бўляпти. Яқинда овсинимнинг келинининг юзида тошмалар тошган эди, Тошкентга бориб келди, аллергия газдан дебди. Бу қайталанади. Ҳафталар ўтди, яна юзида тошмалар пайдо бўлди. Кўпроқ аёлларда бундай касалликлар учраяпти.

Биз-ку, майли, шифокорлар келиб ўқувчиларнинг ҳолатини ўрганса бўлади-ку. Ўрганмайди. Бойсундан, Термиздан келсин. Ўқувчиларга газ таъсир қиляптими-йўқми, бепул текширсин. Текширмайди. Кўплар вазиятни яширишига ҳаракат қилади. Халқниям иложи бўлса ёмонламаса дейди. Нима бўлишини билмаймиз, лекин халқнинг ичида қўрқув бор”, дейди шу ерда яшовчи аёллардан бири.

Шунингдек, болаларнинг соғлиғидан хавотирга тушган аёллар қишлоқдан кўчиб кетиш ҳолатлари борлигини, ўт ўчоқлари 50 тадан кам эмаслигини маълум қилди.

Бу ердан кўчиб кетганлар бор, ўқувчиларимиз камайди. Масалан, 50 нафардан ортиқ ўқувчимиз бошқа жойларга кўчиб кетди. Ота-оналар болаларни олиб кетишди. Сизга сентябрдан буён кўчиб кетганларнинг ҳисобини айтдик.

Газ ҳидини баъзида сезмаймиз. Иссиқ кунлар бошланса, газ ҳиди келади дейишяпти. 50 дан ортиқ ўт ўчоқлари бор экан, лекин биз кўрмаганмиз. Дарадан ўтиб-қайтганлар у ёқ ҳам, бу ёқ ҳам ёниб ётибди деяпти. Назоратчилар ҳеч нимани айтмаяпти. Ҳозир бу қишлоқнинг келажаги йўқ деб Тошкент, Термиздан уй олиб кўчиб кетаётганлар бор, кўчмагани ҳам бу ерда яшаш хавфли деб жой олиб қўйибди”, дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган аёллар.

Одамлар фикрига қулоқ тутар эканмиз, йўл бўйида тандирга нон ёпиш учун пичан йиғаётган аёлга кўзимиз тушди. Унинг айтишича, қишлоқдан кўчиш ёки шу ерда қолиш бўйича масъуллар аниқ тўхтамга келмаган.

Ҳокимлар келиб-кетяпти. Лекин газ ҳақида биронта гап йўқ-да. Кўпчилик бу газнинг таъсири бор дейди. Бу ерда одамлар ишлашга ҳам қўрқиб қолган. Чунки газ ҳиди туфайли 2 нафар киши вафот этди. Қишлоқнинг ичидан ҳам иш йўқ, боғча, мактабларда иш бор. Аммо у ерда ўқиганлар ишлайди. Газ кони биздан анча узоқда бўлгани боис, ҳиди келмайди. Лекин кўчадиям, кўчмайдиям демайди. Ҳозир уйимизни таъмирлашга ёки бошқа уй қуришга ҳам иккиланиб қолганмиз”, дейди аёл.

Одамларга кўра, ҳозирда заҳарли газ ҳиди яққол сезилмаса-да, болалар орасида аллергик касалликлар учраётгани анча ташвишли. 2024 йил ноябр ойида кон яна портлаган ва бу ҳодисадан кейин ёнғин ва бадбўй ҳид камайган эди. Ўшанда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов вазиятни барқарорлаштириш 2-3 ой вақт олишини маълум қилган. Орадан 3 ой ўтганига қарамай, вазир ҳолат юзасидан бирон нима дегани йўқ. Kun.uz’нинг бу борадаги сўровлари эса жавобсиз қолган.

Шаҳзод Ўроқбоев тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов

Мавзуга оид