Шартнома шартлари тинчликка бўлган умидларни йўққа чиқариши мумкин — эксперт Исроил-Ҳамас сулҳи ҳақида
Исроил ғалабани эълон қилиши мумкинми? Ҳамас-чи? Музокаралар кейинги босқичга ўтадими? Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Шавкат Икромов Kun.uz'нинг жонли эфирдаги «Геосиёсат» ҳафта таҳлилида шу саволлар юзасида фикр билдирди.
— Исроил-Ҳамас музокараларининг кейинги босқичи бундан ҳам қийин бўлади дейиш мумкинми?
— Биз ҳозир 1-босқичда маълум бир натижаларга эришилганини айтяпмиз, бироқ аслида, 1-босқич муваффақиятли якунлангани йўқ, чунки бу ерда қўйилаётган шартлар ҳар икки томонда ҳам манфаатларга мос келадиган шартлар эмас. Халқаро кузатувчилар биринчи босқичнинг ўзидаёқ етарлича муаммолар вужудга келиши ва натижада иккинчи ёки ундан кейинги босқичлар бўлмаслиги тўғрисида айтяпти.
Реал вазият шуни кўрсатяптики, томонлар можаронинг бу нуқтада якунланишига жуда кучли хайрихоҳлик билдирмаяпти. Келишувнинг биринчи босқичидаги шартларга кўра, Исроил ўз ҳарбийларини Ғазонинг Миср билан чегарадош ҳудудларидаги, ўтиш йўлакларидан ва минтақанинг шимол ва жанубидаги буфер зоналаридан босқичма-босқич олиб чиқиши керак. Исроилнинг мазкур шартга қарши томони ҳарбийларни бу ҳудудлардан олиб чиқиб кетишни Ҳамасга қайта бирлашиш ва янги ҳужумлар учун куч тўплашига имкон бериш сифатида баҳоламоқда.
Исроил мухолифатидаги кучлар ва Исроилдаги ўта ўнг кучлар шартноманинг мазкур бандига доимий равишда қаршилигини билдириб келмоқда ва бу эришилган ғалабани йўқ қилиш билан тенг деган даъвони билдирмоқда. Мазкур урушда ким ғалаба қилди? Айни пайтда ҳар икки томон ҳам ғалабани нишонлаш учун етарли асосларга эга эмас.
Исроил ғалабани эълон қилиши мумкинми? Агар Бинямин Нетаняҳунинг дастлабки реторикасига эътибор қаратилса, аввал бошида айтилган гаплар, яъни Ғазо минтақасини тўлиқ Ҳамас кучларидан тозалаш, Ғазо минтақасида тўлиқ назоратни амалга ошириш ва асирларни озод қилишдан ташқари айтилган гаплар ҳозиргача амалга ошмади. Исроил Ғазони тўлиқ назорат қилаётгани йўқ, шунингдек, Ҳамас ташкилоти ҳам гуруҳ сифатида тугатилгани йўқ. Аввал бошида кўзланган мақсадлар амалга ошмаган.
Ҳамас ғалабани эълон қила оладими? Ҳамас ҳам ғалабани эълон қилиш учун ҳеч қандай асосларга эга эмас. Ҳамас энг бошида мазкур урушни бошлашдан кўзлаган устувор мақсадларидан бири – мазкур уруш ҳаракатларини минтақавий даражага олиб чиқиш ва шу орқали Исроилга қарши курашишни режалаштирганди ва у чекланган даражада бу мақсадига эришди. Уруш кўлами Ғазо минтақасидан чиқди, Ливанда, Сурияда уруш ҳаракатлари бўлди. Лекин натижа Исроил фойдасига ҳал бўлди. Ливанда «Ҳизбуллоҳ» мутлақо кучсизлантирилди ва охирги бир неча йил давомида Ливанда муваффақиятли сайловлар ўтказилиб, мамлакатга раҳбар тайёрлаш масаласига «Ҳизбуллоҳ» доимий қаршилик қилиб келаётганди, энди эса Ливанда янги раҳбарият тайинланди, яъни Ливанда «Ҳизбуллоҳ»нинг асосий фаолияти тугатилди.
Сурияда эса муваффақиятли инқилоб амалга оширилиб, янги кучлар ҳокимиятга келди. Бу ҳукумат Эрон билан эмас, балки Исроил билан ҳамкорлик қилиш ҳақида гапирмоқда. Демак, бу ерда ҳам манфаатлар бой берилди, яъни Яқин Шарқда ҳаракатланаётган Эроннинг қаршилик ўқи заифлаштирилди.
Музокаралар кейинги босқичга ўтадими? Биринчи босқичда асирларни озод қилиш амалга ошади, буни Қўшма Штатлар ва халқаро жамоатчилик қаттиқ назорат қилади, шу билан бирга араб давлатлари томонидан ҳам босим ўтказилади. Бу амалга ошган тақдирда ҳам, кейинги босқичлар икки томондан ҳам шубҳа остига олинмоқда. Чунки кейинги босқичларда Ғазода бир неча кучларнинг тенг равишда шаклланиши ва иш олиб боришига имкон бериш масаласи кўтарилиши керак.
Ҳамаснинг ғояларидан келиб чиқсак, у Ғазодаги бошқарувни бошқа кучлар билан бўлишишни истамайди. Бундан ташқари, Исроил ҳам фаластинлик асирларни озод қилиши керак, бундай амалиёт илгари ҳам бўлган ва озод қилинганлар орасидан Ҳамас етакчилари етишиб чиққан, шунингдек, ҳозир ҳам асирлар орасида кейинчалик ғоявий жиҳатдан қўллаб-қувватловчилар бор. Шунинг учун ҳам Исроил ҳозирча асирларни озод қилишга рози бўлиши, кейинчалик эса буни рад этиши ҳам мумкин. Ҳозирги кунда бутун дунё Ғазода тинчлик бўлишини истайди, аммо таклиф қилинаётган шартнома шартлари бизнинг умидларимизни йўққа чиқариши мумкин.
Мавзуга оид

12:25
Исроил Ғазога электр энергияси етказиб беришни тўхтатди

21:58 / 09.03.2025
Исроил Ғазо бўйича музокараларни давом эттириш учун Доҳага делегация юборади

18:20 / 07.03.2025
ҲАМАС Исроил ҳарбий ҳаракатлар бошласа, гаровга олинганларни ўлдириш билан таҳдид қилди

12:50 / 06.03.2025