Жаҳон | 15:37 / 19.01.2025
7897
6 дақиқада ўқилади

Ғазода сулҳ кучга кирди

Dawoud Abu Alkas / Reuters / Scanpix / LETA

Ғазода ўт очишни тўхтатиш режими белгиланганидан бир неча соат кечикиб амал қила бошлади. Исроил 19 январ куни озод этиладиган асирлар рўйхатини тўлиқ олганини тасдиқлади. Бунгача Исроил расмийлари Ғазо бўйлаб зарбалар йўллашни тўхтатишдан бош тортиб, Ҳамас озод этиладиганлар рўйхатини тақдим этмаётгани учун ўт очишни тўхтатиш режими кечикаётганини маълум қилганди. Ҳамасдагилар буни «техник муаммо» билан изоҳлаган.

Кейинроқ Ҳамас 19 январ куни озод этилиши керак бўлган яна уч кишини эълон қилди.

Гаровдаги уч аёл маҳаллий вақт билан 16:00 дан (Тошкент вақти билан 19:00) озод этилиши керак.

Якшанба куни кимлар озод этилади?

Фото: Emily Damari

Якшанба куни Роми Гонен, Эмили Дамари ва Дорон Штейнбреҳер уйларига қайтади.

Дорон Штейнбреҳер 31 ёшда бўлиб, ветеринария клиникасида ҳамшира бўлиб ишлаган. Ҳамас ҳужуми вақтида Кфар-Аза кибуцидаги ўз квартирасида эди ва қўлидан яраланган.

Эмили Дамари (фотода), 28 ёш, Исроил ва Британия фуқароси. У ҳам Кфар-Аза кибуцидан ўғирлаб кетилган. Ўтган йил ноябрида гаровдан қайтарилганлар асирлик чоғида Эмили билан гаплашишганини айтиб беришганди.

Роми Гонен, 24 ёшда, Supernova фестивалига ҳужум вақтида ўғирлаб кетилган.

Яна тўрт аёл 7 кун ўтганидан кейин озод этилади. Ўт очишни тўхтатиш режимининг 6 ҳафта давом этадиган биринчи фазасида Исроил 33 кишисини қайтариб олиши кўзда тутилган.

Сулҳ ўз вақтида бошланмади

Исроил мудофааси армияси матбуот котиби Даниэл Ҳагари якшанба куни тонгда, маҳаллий вақт билан соат 8:30 да бошланиши керак бўлган ўт очишни тўхтатиш режими Исроил Ҳамасдан биринчи босқич доирасида озод этиладиганларнинг тўлиқ рўйхатини қабул қилмагунича кечиктирилишини айтганди.

Ҳагари ўшанда Ҳамас сулҳ бошланиши шартларини бажармаётганини билдирганди.

«Бугун тонгдаги ҳолатга кўра Ҳамас ўз мажбуриятларини бажармади ва келишувга зид равишда Исроилга [сулҳнинг илк кунида] уйга қайтиши кутилаётган гаровдаги аёлларнинг исмларини тақдим этмади», — деганди Даниэл Ҳагари.

BBC мухбири Жоэл Гантер хабар беришича, Исроил 19 январ куни соат 8:30 гача Ҳамасдан 42 кун давом этадиган биринчи босқич доирасида озод этиладиган 33 кишидан уч нафари ҳақида маълумот олмаганди.

Ўшанда Ҳамасдагилар озод этиладиган асирларнинг тўлиқ рўйхати яқин вақтлар ичида Исроилга юборилишига ишонтиришганди. Шу билан бирга, Ҳамас вакилига кўра, кечикиш Исроил Ғазони бомбардимон қилишда давом этаётгани билан боғлиқлиги, шу туфайли уларда рўйхат бўйича ишларни якунлаш учун техник имкониятлар бўлмаганини билдиришган.

Маҳаллий вақт билан соат 10:30 атрофида ОАВ Исроил ва Ҳамас ўртасидаги музокараларда иштирок этаётган воситачилар Исроилга Ҳамасдан 19 январ куни озод этиладиган асирларнинг тўлиқ рўйхатини олгани ҳақида хабар тарқатди. Аммо Reuters ўз манбасига асосланиб, Исроил ҳукуматидагиларга бу вақтда ҳали рўйхат келиб тушмаганини маълум қилди.

Бу вақтда Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ҳамас билан сулҳ тузилгани туфайли истеъфога чиқишини эълон қилди.

Ўта ўнг партия «Оцма Йехудит» етакчиси бўлган Бен-Гвир аввалроқ ўзи ва бошқа партиядошлари Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни алмаштириш бўйича келишув кучга кирганидан кейин истеъфога чиқишини маълум қилганди.

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу шанба куни кечқурун Ҳамас яқин олти ҳафта ичида озод этишни ваъда қилган 33 киши исмлари келтирилган рўйхатни бермагунича Исроил келишувни амалга ошириш бўйича ҳеч қандай ҳаракат қилиш ниятида эмаслигини айтди.

Исроил матбуотига кўра, бу вақтда бош вазир офисиига фақат 30 киши рўйхати берилганди — шу билан бирга, келишув шартига кўра, тўлиқ рўйхат сулҳ бошланишидан камида 24 соат олдин тақдим этилиши лозим эди.

Исроил ва Ҳамас ўртасида, Қатар, Миср ва АҚШ воситачилигида тузилган келишув шартларига кўра, 19 январ куни 2023 йил 7 октябрда асир қилиб олиб кетилган исроилликларни Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларга алмашиш жараёни бошланиши белгиланган.

Гаровдаги 33 фуқароси эвазига Исроил қамоқхоналардан 700 дан ортиқ фаластинликни қўйиб юборишга рози бўлган. Ҳамас асирлигидаги исроилликларнинг жами сони 98 нафарни ташкил этади.

Янги қурбонлар

19 январ тонгида Исроил мудофаа армияси Ҳамас ўз мажбуриятларини бажармагунича Ғазодаги ҳарбий амалиёт давом эттирилишини маълум қилди.

Якшанбага ўтар кечаси — режадаги сулҳ бошланишига бир неча соат қолганида — Исроил армияси Ғазо сектори шимоли бўйлаб зарбалар йўллаган.

Маҳаллий вақт билан соат 9:00 атрофида Ғазонинг шимолий-шарқий чеккасида тутун устуни кўтарилган. Исроиллик ҳарбийлар «Ғазонинг шимолий ва марказий қисмларида террорчилик нишонлари бўйлаб» зарбалар йўлланганини маълум қилган.

Ўт очишни тўхтатиш режими бошланиши керак бўлган соатларда Исроилнинг Ғазо бўйлаб навбатдаги зарбалари оқибатида 10 киши ҳалок бўлди, деб хабар беради ҳудудда ишловчи гуманитар ташкилот.

Олти киши Ғазо шаҳрида, яна уч киши Ғазо сектори шимолида, бир киши Рафаҳда ҳалок бўлди, деб хабар қилган Ғазо фуқаролик мудофааси бошқармаси расмий вакили Маҳмуд Басал.

Мавзуга оид