Ўзбекистон | 18:00 / 18.01.2025
8328
4 дақиқада ўқилади

Кўмир ва мазутдан чиқаётган заҳар айланиб юрибди – Тошкент шаҳри ҳавоси ифлосланишига ташхис

16-17 январ кунлари пойтахт ҳавосидан яна нафас олиб бўлмай қолди. Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналар кўмир, мазут ёқяпти ва шамол улардан чиқаётган заҳарли ҳавони шаҳар ичига қараб ҳайдаяпти, деб изоҳ берди Экология вазирлиги Kun.uz’га. Бундан ташқари, шаҳар ичидаги хонадонларда ҳам иссиқхоналар бор. Бу эса пойтахт ҳавосини янаям ифлослаяпти.

16-17 январ кунлари Тошкент шаҳри ҳавоси ифлослиги бўйича дунёда 2-ўринга чиқди. Ҳаво ифлосланиши нега тез-тез такрорланаётгани ва уни қандай яхшилаш мумкинлиги ҳақида Kun.uz Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигидан изоҳ сўради. Тошкент шаҳрида атмосфера ифлосланишининг асосий сабабларидан бири иссиқлик марказлари ва иссиқлик электр станциясида кўмир ва мазутдан фойдаланиш бўлиб турибди, деб изоҳлади вазирликнинг атмосфера ҳавоси муҳофазасини таъминлаш бўлими бош мутахассиси Нозимбек Носиров. Шу билан бирга, Тошкент шаҳри ва вилояти чегарасида жойлашган иссиқхоналарда кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ифлосланиш даражасини ошириб юборяпти. Вазирлик космосдан кузатганда, одамлар хонадонида ҳам иссиқхоналар пайдо бўлгани кўрингани, бу эса вазиятни яна ҳам оғирлаштираётганини маълум қилди.

Асосий ифлосланиш Тошкент ҳалқа автомобил йўли атрофида бўлганини кўриш мумкин. IQAir платформасига қаралса, куннинг энг ифлосланган вақтида шамол йўналиши вилоят ҳудудидан Тошкент шаҳрига қараб эсган. Шамол ҳаракати шаҳардан ташқарига эсган кунлари ифлосланиш даражаси ҳам пасаяди. Агар кузатилаётган шамолнинг оқими тез бўлса, бу бевосита ер сиртидаги майда дисперс заррачаларнинг атмосфера ҳавосига кўтарилишига олиб келади ва бу юқори ифлосланишга сабаб бўлади”, – деб тушунтирди вазирлик мутахассиси.

Kun.uz мухбири шамол оқимига қараб ҳаво ифлосланиши ҳақида аҳолини эрта огоҳлантириш тизими бор-йўқлигини сўради. Вазирлик вакили бундай маълумот берилмаслиги, Ўзгидромет фақат ноқулай об-ҳаво шароитлари ҳақида огоҳлантириш бериб боришини айтди.

Шунингдек, Носиров куз-қиш мавсумида ташкилотлар ва иссиқхоналар тўлиқ қувватда ишлашни давом эттиргани учун ҳаво илиса ҳам улардан чиқадиган заҳар камайиб қолмаслигини қўшимча қилди.

Харитадаги қизил нуқталарда, яъни катта ҳалқа автомобил йўлининг Ҳасанбой, Уч қаҳрамон томонларида иссиқхона жойлашган ҳудудларда ҳаво ифлосланиши ҳам юқори бўлади. Сариқ белгилар билан шаҳар атрофидаги иссиқхоналар кўрсатилган. У деярли тўлиқ кўмир ёқилғисидан фойдаланади”, – деди масъул.

Вазирлик вакили вазиятни яхшилаш бўйича сентябр ойида эълон қилинган президент қароридаги айрим бандларни эслади. Қарорда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифасига мансуб бўлган саноат корхоналарида чанг-газ тозалаш ускуналарини 2025 йилнинг ноябр ойигача ўрнатиш белгиланган. Кўмир билан ишлайдиган иссиқхоналарда самарадорлиги камида 99,5 фоиз бўлган сертификатланган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш учун эса 2025 йилнинг октябригача муддат қўйилган.

Kun.uz мухбирининг белгиланган муддатгача иссиқхоналар филтр ўрнатишга улгурадими деган саволига жавобан вазирлик вакили ускуналарни харид қилиш ишлари бошлангани, бу бўйича мониторинг натижалари билан 2025 йилнинг ҳар чорагида маълумот бериб борилишини билдирди.

Масъул шаҳар ҳавоси ифлосланишида транспорт воситаларининг ҳам улуши кам эмаслигини айтди. “Ҳозир шаҳарда рўйхатдан ўтган 700 мингдан ортиқ автотранспорт воситалари бўлса, вилоятлардан яна 300 минг машина кириб келади. Бу эса маълум ҳудудларда ифлосланиш ортишига сабаб бўлади”, – деди у.

Вазирлик вакили муаммонинг комплекс ечими сифатида Транспорт, Энергетика, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликлари билан ҳамкорликда ишланаётганини айтиб, жамоат транспортига кўпроқ улуш бериш, электромобилларга ўтиш ҳаракатлари ҳам муаммони енгиллатишига умид билдирди.

Зуҳра Абдуҳалимова, Kun.uz

Тасвирчи – Боймирза Ҳалилов

Мавзуга оид