Хитойда дарахт шаклидаги вертикал парк яратилди (фото)
“Сиан дарахти” номли паркнинг баландлиги 57 метрни ташкил этади. Унда террасалар, боғлар ва ноёб ўсимликлар мавжуд.

Хитойнинг тарихий Сиан шаҳрида дарахт шаклидаги вертикал парк қурилди. Иншоот муаллифи Heatherwick Studio, деб ёзмоқда New Atlas нашри. Баргларни эслатувчи зинапояли айвонларга эга минора ташриф буюрувчиларга панорамали манзарадан баҳраманд бўлиш имконини беради.
Xi’an Tree(“Сиан дарахти”)нинг баландлиги 57 метрни ташкил этади. Унда 56 та терраса ва каскад боғлар бор. Паркда Ипак йўлидаги Алп тундрасидан тортиб қуруқ даштларгача бўлган табиатнинг хилма-хиллигини намойиш этувчи ўсимликлар ўтқазилган. Энг юқори қисмида эса боғ жойлашган.
“Ботаника боғи каби, ҳар бир бўлим ўзида ноёб ўсимликлар хилма-хиллигини жамлаган бўлиб, уларнинг аксариятини сиз илгари ҳеч қачон кўрмагансиз. Юқоридан туриб, Сианнинг янги ва эски қисмлари уйғунлашиб кетган манзарасини кузатишингиз мумкин”, — деб таъкидлайди Heatherwick Studio.
Дарахт шаклида яратилган парк ва бутун ҳудуднинг дизайни Сиандаги машҳур терракота армиясидан илҳомланган — бу милоддан аввалги 210-209 йилларда барпо этилган минглаб хитой жангчилари ва уларнинг отлари ҳайкаллари дафн этилган жой. Қурилиш жараёнида Heatherwick Studio маҳаллий кулоллар билан ҳамкорлик қилди, улар 100 000 дан ортиқ сопол плиталар тайёрлаб берди. Шунингдек, дизайнда анъанавий Хитой ибодатхоналари томларига ишора қилинганини ҳам кўриш мумкин.
Лойиҳа боғдан ташқари турар жой бинолари, савдо марказлари, очиқ майдонлар, офислар ва меҳмонхона мажмуаларини ўз ичига олади. Шунингдек, ҳашаматли кўкаламзорлар ва кўплаб пиёдалар йўлаклари барпо этилган.
Heatherwick Studio илгари Ню Йоркда Little Island парки, шунингдек, Токио марказида янги туман қурганди.
Мавзуга оид

22:37 / 10.03.2025
Чирчиқда собиқ техникум биноси бузилиб, ўрнида Хитой ОТМ филиали қурилади

09:21 / 10.03.2025
Хитой Ўзбекистонда таълим ва касбга тайёрлаш ўқув марказини очади

22:47 / 08.03.2025
ШҲТ саммити Хитойнинг Тянцзин шаҳрида кузда бўлиб ўтади

16:41 / 08.03.2025