Спорт | 12:01 / 17.01.2025
19616
11 дақиқада ўқилади

«МЮ»да камбэк, «Реал» ўзига муаммо туғдирди. Кун ўйинлари

Диалло аутсайдерга қарши мағлубиятдан қутқарди, «Реал» ўйин охирида икки гол устунлигини бой берди.

Фото: Angel Martinez/Getty Images

«Реал» — «Селта» 5:2
Голлар:
Мбаппе (37), Винисиус (48), Эндрик (108, 119), Валверде (112) — Бамба (83), Алонсо (90+1, пеналти). 
«Реал» – Лунин, Фран Гарсия (Беллингҳэм, 90+2), Рюдигер, Асенсио, Васкес, Себаллос (Камавинга, 70), Тчуамени, Модрич (Валверде, 79), Винисиус (Родриго, 105), Мбаппе (Эндрик, 79), Диас (Гулер, 70).
«Селта» – Виляр, Мингеса, Каррейра (Серви, 75), Алонсо, Старфелт, Хави Родригес (Манкилло, 90), Сведберг (Дуран, 56), Мориба, Белтран (Сотело, 56), Алварес (Бамба, 67), Иглесиас (Фер Лопес, 75).
Огоҳлантиришлар: Асенсио (90+1), Виляр (96), Алонсо (101), Старфелт (101), Эндрик (109), Иглесиас (111).

«Реал» ўтган ҳафтада Испания Суперкубоги финалида «Барселона»дан бешта гол ўтказганди. Мадридлик мухлислар қаторасига иккинчи мағлубиятни кўтара олмасди, қолаверса, Испания Кубогидаги рақиб нисбатан кучсиз бўлган «Селта» эди.

Чемпионлар майдонга экспериментал таркибда тушди. Лунин бошланғич таркибдан жой эгаллади, Куртуа эса ўйин қайдномасига ҳам киритилмаганди. Менди, Валверде, Камавинга, Беллингҳем ва Родриго захирада қолдирилди, Асенсио илк дақиқалардан ўйнади. Ҳимоядаги кадрлар муаммосига қарамай, унга асосан кубок ўйинларида имконият берилмоқда. «Барса» билан ўйинда муваффақиятсиз ҳаракатланган Тчуамени ҳам стартдан жой олди. Таркиблар эълон қилинганида ва у ҳар тўпга тегинганида ҳуштакбозлик қилинди.

Ўйиннинг дастлабки қисми анча сокин кечди. Рақиблар ниманидир кутаётгандек у қадар хавфли бўлмаган ҳужумлар уюштиришди. Мухлислар кўз ўнгида ўзини оқлашга уринган Тчуамени 14-дақиқада узоқ масофадан зарба йўллаб кўрди. Дарвозабон Виляр эса хотиржамлик билан тўпни эгаллаб олди. Жамоалар худди Испания кубоги 1/8 финалида эмас, ЕЧЛ яримфиналида ўйнаётгандек эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишда давом этишди.

«Реал» тўпга эгалик қилди ва уни йўқотганида фаоллик билан прессинг уюштирди. «Селта» учун бу муаммо туғдирмади. Жамоанинг позицион мудофааси хатога йўл қўймади. Мбаппе ва Винисиус дриблинг ишлатиб бир рақибдан ўтиши билан иккинчиси қарши олаверди. 36-дақиқагача фақат Браим Вилярни чинакамига ишлашга мажбур қилди.

Аммо «Реал» барибир ҳисобни очди. Лекин бу анча баҳсли кўриниш олди: Сведберг рақиб жарима майдони ичида Лунин билан контактдан кейин йиқилди, ҳакам пеналти белгиламади ва қарши ҳужумда гол урилди. Мбаппе марказий доира атрофида тўпни эгаллаб олдинга юрди, дарвозага яқинлашди ва тўпни ерлатиб олис бурчакка аниқ йўналтирди.

Ҳолбуки видеотакрор Лунин қоида бузгани ва унинг дарвозасига 11 метрлик жарима зарбасини белгиланиши керак бўлганини кўрсатди. Бу эпизод узоқ муҳокама қилинади. Айниқса у титулга таъсир этса.

48-дақиқада «Реал» яна гол урди. Мбаппе Диасга диагонал пас узатди. У эса Винини тўп билан таъминлади, бразилиялик вингер яқин бурчакка қайтариб бўлмас зарба йўллади. «Селта» таслим бўлмади ва жавоб қайтаришга уринди, аммо «Реал»га қарши ўйинда 0:2 ҳисобидан чиқиб кетиш жуда мушкул вазифа эди. 

Винисиус парашют услубидаги зарбаси билан ҳисобни йириклаштириши мумкин эди. Старфелт бунга рози бўлмади ва бўш дарвозага кириб кетаётган тўпни тўхтатиб қолди. 77-дақиқада эса Килиан ва Винисиуснинг комбинациясидан кейин Гулер зарба бериш нуқтасига чиқиб борди ва аниқ зарба йўллади. Аммо унга тўп узатган Винида бир сантиметрлик офсайд қайд этилди. 

83-дақиқада эса Камавинга томошабинларни экранга қайтарди — Эдуарду тўпни ёнидаги Тчуаменига узатмоқчи эди, аммо жамоадоши олдинга қадам ташлаб бўлганди ва Дуран тўпни эгаллаб олиб, жарима майдони марказида турган Бамбага етказиб берди, ҳисоб қисқарди.

«Реал» барибир ҳисобни ушлаб қоладигандек эди. Аммо Асенсио қўшимча дақиқаларда жарима майдони ичида Бамбани йиқитди. Алонсо эса белгиланган пеналтини аниқ ижро этди.

Валверде, Беллингҳем, Гулер, Эндрик — ўйинга захирадан тушган бу футболчилар қўшимча бўлимларда ғалабани таъминлашди. Бразилиялик ёш ҳужумчи 108-дақиқада туркиялик жамоадошидан тўпни қабул қилиб олиб, ўгирилди ва чап оёғида олис бурчакка қайтариб бўлмас зарба йўллади. Виляр сакрашига ҳам ҳожат қолмаганди — зарба идеал чиқди.

«Селта»да яна ҳисобни қисқартириш учун вақт жуда кам эди. Бунинг ўрнига улар яна икки гол ўтказиб юборди: Валверде Тчуамени ташлаб берган тўпни ўзига бўйсундириб, ўз услубида узоқдан зарба йўллади, сўнгги дақиқаларда эса Эндрик техникасини намойиш этган ҳолда товони билан ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

«Манчестер Юнайтед» — «Саутҳэмптон» 3:1
Голлар:
Диалло (82, 90, 90+4)  — Угарте (43, автогол). 
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мартинес, де Лигт, Йоро (Магуайр, 83), Фернандеш, Гарначо, Мазрауи (Эриксен, 83), Майну (Антони, 46), Угарте (Коллиер, 54), Амад Диалло, Ҳойлунд (Зиркзе, 53).
«Саутҳэмптон» – Рэмсдейл, Ҳарвуд-Беллис, Беднарек (Вуд-Гордон, 83), Бри, Фернандеш (Армстронг, 73), Уокер-Питерс, Арибо (Даунс, 73), Угочукву (Онуачу, 83), Сугавара, Сулемана, Диблинг (Смоллбоун, 63).
Огоҳлантиришлар: Диблинг (45), Фернандеш (45+1), Мартинес (52), Даунс (79).

«Манчестер Юнайтед» АПЛда қаторасига тўрт турда ғалаба қозона олмаганди. Ва шусиз ҳам оғир вазиятини ёмонлаштириб юбориб, 15-ўринга тушиб кетганди. Аммо «МЮ»да ниҳоят чемпионатда ғалаба қозониш имконияти пайдо бўлди. Уйда аутсайдер «Саутҳемптон»га қарши ўйинда бўлмаса яна қачон?

«МЮ» бош мураббийи Рубен Аморим бошланғич таркибда сюрприз қилмади. Фақат Алехандро Гарначо декабр ойи бошларидан буён илк бор илк дақиқалардан ўйнади, қолгани — одатдагидек. Аммо бу манкунианликларга ўйин стартида ташаббусга эгалик қилишга имкон бермади. «Саутҳемптон» кутилмаганда тетик, жаҳл ва қатъият билан ҳаракатланди. Янги мураббий Иван Юричнинг имзоси сезилиб турди: юқори прессинг, доимий ҳаракатда бўлиш ва жон бериб ўйнаш. Ва ўйиндаги илк хавфли вазиятни айнан меҳмонлар юзага келтирди: 12-дақиқада Камал Сулейман «МЮ» жарима майдонига ёриб кириб, зарба берди. Андре Онана ўзини кўрсатишига ва жамоасини қутқаришига тўғри келди.

Камерунлик дарвозабон бўлим давомида «Саутҳемптон»даги ҳамкасбига қараганда кўпроқ ишлаши талаб этилди. 27-дақиқада эса бир ҳужумнинг ўзида иккита сейв амалга оширди: аввалига ҳимоячилар ортидан ерлатиб йўлланган зарбага реакция кўрсатди, кейин эса яқин масофадан йўлланган такрорий зарбани кўкраги билан тўсиб қолди. Агар камерунлик посбон бўлмаганида «МЮ» турнир жадвалида ҳозирги ўрнидан ҳам пастроқда жойлашган бўларди.

Барча биринчи бўлим голсиз дуранг билан якунлашига тайёрланаётганида ҳисоб очилди. 42-дақиқада меҳмонлар бурчак зарбаси ишлади. Матеуш Фернандеш стандарт вазиятни ижро этди, тўп жарима майдони бўйлаб учиб, «МЮ» яримҳимоячиси Мануэл Угартенинг елкасига теккан ҳолда дарвоза тўрига йўл олди. Онана тўпга қўлини қўйишга улгурди, аммо тўп чизиқни кесиб ўтиб бўлганди. Меҳмонлар фойдасига 1:0 — «Олд Траффорд»даги мухлислар карахт аҳволга тушди.

«Саутгҳемптон» АПЛнинг бу мавсумидаги ягона ғалабасини ноябр бошида «Эвертон» устидан қўлга киритганди. Шундан кейин — 10 учрашувдан иборат ғалабасиз серия қайд этилди. Энди эса «Манчестер Юнайтед» майдонидан уч очко олиб қайтиш имкони юзага келди. Топ-клубларга (АПЛда «Ливерпул», кубок ўйинида «Арсенал») қарши «МЮ» муносиб ҳаракат қилмоқда, кучсиз жамоаларга қарши эса Робин Гудга айланмоқда. Аммо Рубен Аморим шогирдларида камбэк учун ҳали 45 дақиқа бор эди.

Иккинчи бўлим боши эса яна «Саутҳемптон» устунлигида кечди. Жамоа яна гол уриши мумкин эди, аммо 58-дақиқада Сулейман йўллаган зарбадан кейин тўп устун ёнидан ўтиб кетди. Кейин эса «МЮ»да захирадан тушган Антони навбатдаги «шоу»сини намойиш этди. У Гарначонинг қанотдан узатмасидан кейин яқин масофадан дарвозани ишғол эта олмади, тўп тўғри Рамсдейлнинг қўлига борди.

Мезбонлар жавоб голини уриш учун олдинга боришди, аммо ҳар сафар меҳмонлар ёки ҳимояда яхши ҳаракатланишди, ёки омад уларга кулиб боқди. Вақт ўтган сари «Саутҳемптон» ҳисобни ушлаб қолишига ишонч орта бошлади ва жамоа қарши ҳужумларда «Манчестер Юнайтед»ни жазолаб, ўйин масаласини ҳал қилишга уринди. Меҳмонлар бир омилни ҳисобга олишмади, мезбонларда Амад Диалло деган футболчи бор эди.

82-дақиқада «МЮ»нинг янги юлдузи ташаббусни ўз қўлига олди. Ивуарлик футболчи Зиркзеедан тўпни қабул қилиб олди ва рақибларни алдаб ўтиб, жарима майдонига кириб борди. Диаллонинг биринчи зарбасидан кейин тўпни Уолкер-Питерс тўсиб қолди, аммо тўп Амаднинг ўзига қайтиб келди ва у иккинчи уринишда дарвозани ишғол қилди. Диалло қаторасига иккинчи турда гол урди: у ўтган турда «Ливерпул» билан ўйинда ҳам (2:2) ҳисобни тенглаштирганди.

Ўйин охиригача кўп вақт қолмаганди. «Манчестер Юнайтед» ғалаба учун олдинга ташланди. Амад Кристиан Эриксен билан ажойиб комбинация уюштирди. Ивуарлик футболчи ўнг қанот бўйлаб ҳаракатланиб, тўпни даниялик шеригига оширди ва жарима майдони ичига югуриб, қайтариб берилган тўпга бир тегинишда ғалаба голини урди.

Қўшимча дақиқаларда эса Амад ҳет-трикни расмийлаштирди. У рақиб жарима майдони ичида босим уюштириб, Ҳарвуд-Беллисдан тўпни олиб қўйди ва уни бўш дарвоза томон юмалатиб юборди. 2022 йил Криштиану Роналду кетганидан буён илк бор «қизил иблислар» жамоаси футболчиси бир ўйинда уч гол уриши рўй берди.

Муҳим ғалабадан кейин «МЮ» охирги беш тур ичида илк бор уч очко қўлга киритди ва турнир жадвалида 12-ўринга кўтарилди. «Саутҳемптон» эса яхши ўйнаганига қарамай, яна очко ололмади. Клуб чемпионшипга қайтиб кетиши муқаррар бўлиб бормоқда.

Мавзуга оид