Жаҳон | 10:57 / 17.01.2025
2857
2 дақиқада ўқилади

Ҳамбургда 16 мингдан ортиқ киши ГуМга қарши намойишга чиқди

«Германия учун муқобил» ўнг популистик партиясидан Германия канцлери лавозимига номзод Алис Вайдел Ҳамбург мэриясида нутқ сўзлади. Унга 16 мингдан ортиқ киши қарши чиқди.

Фото: IMAGO/Revierfoto

Ҳамбургда ўнг популистик «Германия учун муқобил» партиясидан Германия канцлери лавозимига номзод Алис Вайделнинг ташрифига қарши митингда 16 мингдан ортиқ одам иштирок этди. Бу ҳақда 16 январ, пайшанба куни dpa агентлиги хабар берди.

Намойишчилар Ҳамбургнинг асосий вокзалига йиғилиб, у ердан шаҳар кўчалари бўйлаб юришди. Полиция маълумотларига кўра, намойиш тинч ўтган. Хабар берилишича, митингга ёшлар ҳам, кексалар ҳам, болали оилалар ҳам чиққан.

Пайшанба куни кечқурун Вайдел Ҳамбургда нутқ сўзлади. Бу ҳудудда ГуМ фракцияси 123 ўриндан атиги 7 тасига эга. Фракция аъзолари шаҳар ҳокимиятида тадбир уюштириб, Вайделни таклиф қилишди. У 100 дан ортиқ одам уни тинглаган тўла зал олдида чиқиш қилди.

Полиция маҳаллий парламент атрофини қўриқлашга олди. Жами 1500 га яқин полициячи жалб қилинган. Бир неча киши парламент биноси атрофидаги полиция тўсиғини бузиб ўтишга ҳаракат қилди, дея хабар беради dpa.

Ҳамбург расмийларининг танқиди

ГСДП (53) ва "Яшиллар" (32) Ҳамбург парламентида энг кўп ўринга эга. Федерал давлат мақомига эга бўлган шаҳарни қизил-яшил коалиция бошқаради. Ҳамбургнинг биринчи мэри, социал-демократ Петер Ченчер Вайделнинг нутқига қарши чиқди. Унинг сўзларига кўра, «баъзида ҳатто бу ерда ҳам чақирилмаган меҳмонлар бўлади».

ГСДПнинг Ҳамбург бўлими раҳбари, маҳаллий парламент аъзоси Деннис Теринг воқеани танқид қилди: «Бугун бизнинг гўзал ва эркин Ҳамбургда Россия тарафдори гапираётгани ачинарли. ГуМга йўқ деймиз».

Мавзуга оид