Фан-техника | 19:53 / 15.01.2025
1836
2 дақиқада ўқилади

SpaceX иккита тижорий аппарат ортилган ракетасини учирди. Улар Ойга қўнишни амалга оширади

Firefly компаниясига тегишли аппаратлардан бири Ернинг табиий йўлдошига 45 кун ичида етиб боради. Япония компаниясини луноходи эса белгиланган манзилгача беш ой учиши керак.

Фото: SpaceX

SpaceX компанияси Флоридадаги Космик марказ старт майдончасидан Ойга қўнишни амалга оширадиган иккита аппарат ортилган Falcon 9 ракетасини учирди.

Космосга учирилган аппаратлардан бири Blue Ghost бўлиб, у Американинг Firefly компаниясига тегишли. Firefly — NASA пудратчиси ва Artemis дастури иштирокчиси. Ушбу дастур доирасида АҚШ космик агентлиги Ойга астронавтларни қайта юборишни режа қилган.

Resilience номи остидаги иккинчи аппарат Япониянинг Ispece компаниясига тегишли. 2023 йилда Ispece’ни Ойга қўндирмоқчи бўлишган, аммо у ёнилғининг етарли эмаслиги боис юмшоқ қўнишни амалга ошира олмай, қулаб тушган. Янги миссия биринчи парвоздаги хатоликларни тўғирлашга қаратилган.

Биринчи марта космосга учирилган Blue Ghost Ойга етиб бориши учун 45 кун керак бўлади. Resilience эса ушбу масофани беш ойда босиб ўтади, чунки у «кам энергияли траектория» бўйлаб ҳаракатланади.

Blue Ghost Ойда икки ҳафта ишлаши керак. Унинг бортида сунъий йўлдош навигациясини тестдан ўтказишга мўлжалланган ускуналар, юқори радиацияга бардош бера оладиган компютерлар ва табиий йўлдош тупроғини тўплашга хизмат қиладиган ускуналар мавжуд.

Resilience эса Ой юзасини тадқиқ қилувчи у қадар катта бўлмаган Tenacious луноходини олиб кетган. Унинг бортида сув электролизи учун қурилма ва сув ўтлари ўстириладиган блок мавжуд. Тажриба келажакда Ойда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятларини йўлга қўйишга йўналтирилган.

Миссия муваффақиятга эришгудек бўлса, бу Ойга учирилган биринчи тижорий парвоз бўлади.

Мавзуга оид