Жаҳон | 12:54 / 09.01.2025
2759
3 дақиқада ўқилади

Ғазо секторида 7 октябр куни гаровга олинган шахснинг жасади топилди

Юсуф аз-Зиёднинг жасади Ғазо сектори жанубида Рафаҳ ҳудудидаги туннелдан топилган. ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, у ўлдирилган.

Фото: IDF/Xinhua/picture alliance

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазо секторида 2023 йил 7 октябр куни Фаластиннинг Ҳамас гуруҳи томонидан Исроилга ҳужум пайтида гаровга олинган шахснинг жасадини топди, деб хабар берди Исроил ҳарбийлари ўзининг Telegram-каналида 8 январ, чоршанба куни.

ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, Юсуф аз-Зиёдннинг жасади Ғазо сектори жанубида Рафаҳ шаҳри яқинидаги туннелдан топилган. Унинг ўлдирилгани тахмин қилинмоқда. Шунингдек, унинг ўғли Ҳамза аз-Зиёдннинг тириклиги ҳақида савол туғдирувчи материал аниқлангани хабар қилинган.

Айни пайтда Исроилнинг қатор оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац Ҳамза аз-Зиёднинг ҳам жасади топилганини ёзмоқда. ЦАҲАЛ расмий баёнотида бу ҳақда айтилмаган.

Ҳамас жангчилари Исроилга ҳужуми чоғида аз-Зиёдлар оиласининг тўрт аъзосини гаровга олди. Улардан икки нафари – Юсуфнинг ўғли ва қизи озодликка чиққан. Оила бадавийлар жамоатига тегишли.

Ғазо секторида қолган гаровга олинганлар сони – агар Ҳамза аз-Зиёднинг ўлими тасдиқланса – 99 киши бўлади. Улардан қанчаси тириклиги номаълум. Қатар ва Миср воситачилигида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар давом этмоқда.

БАА Исроил ва АҚШ билан Ғазо секторидаги бошқарувни муҳокама қилди

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Исроил ва Қўшма Штатлар билан Исроил қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин ва Фаластин миллий маъмурияти тўлиқ назоратни ўз қўлига олмагунча, Ғазо секторини вақтинчалик бошқаришда иштирок этиш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда 7 январ куни ўнлаб хорижий дипломатлар ва Ғарб расмийларига таяниб, Reuters хабар берди.

БАА АҚШнинг хавфсизлик бўйича яқин ҳамкори бўлиб, Исроил билан дипломатик алоқаларни давом эттириб, бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига маълум даражада таъсир кўрсатади, дея таъкидлади агентлик.

Унинг манбаларига кўра, парда ортидаги музокаралар давомида Абу-Дабидаги сиёсатчилар мустақил Фаластин давлати доирасида Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддус устидан доимий назоратни таъминлаш учун Фаластин миллий маъмуриятини ислоҳ қилиш тарафдори бўлган. 

«БАА Фаластин маъмуриятини жиддий ислоҳ қилиш, унинг ваколатларини кенгайтириш ва Фаластин давлатини яратиш бўйича ишончли йўл харитасини ишлаб чиқишни ўз ичига олмаган ҳеч қандай режада иштирок этмайди», деди Бирлашган Араб Амирликлари вакили. Унинг фикрича, бу элементлар ҳозир йўқ, лекин у Ғазодаги жанглар тугаганидан кейин ҳар қандай режанинг муваффақияти учун зарур.

Мавзуга оид