Жаҳон | 15:47 / 04.12.2024
1778
3 дақиқада ўқилади

Европада бўриларни муҳофаза қилиш мақоми 2025 йилдан бошлаб пасайтирилади. Уларни овлаш осонлашиши мумкин

Қарор бўрилар сонининг кўпайиши ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликка таъсири туфайли қабул қилинган.

Фото: REUTERS/Axel Schmidt

Европа Иттифоқи мамлакатлари Еврокомиссиянинг минтақада ёввойи фауна ва флора ҳамда табиий яшаш жойларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Берн конвенциясига мувофиқ бўриларни қўриқлаш мақомини “қатъий қўриқланадиган”дан “қўриқланадиган”га тушириш таклифини қабул қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Бундай қарор бўрилар сонининг кўпайиши ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликка таъсири туфайли қабул қилинди, дейилади агентлик хабарида. У 2025 йилнинг 7 мартидан кучга киради.

Бўриларнинг муҳофаза мақомини пасайтириш нияти ҳақида Европа комиссияси 2023 йил декабр ойида эълон қилганди. Таклиф матнида тушунтирилишича, қатъий қўриқлаш мақоми 1979 йилдаги илмий маълумотлар асосида белгиланган, энди эса вазият бўйича чуқур таҳлил ўтказилган.

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Европанинг айрим ҳудудларида бўри галаларининг кўпайиши “уй ҳайвонлари учун ҳақиқий хавфга айланганини” айтди. Шу сабабли, маҳаллий ҳокимият органларига бўриларни назорат қилиш учун кенгроқ имконият керак, деб қўшимча қилди у.

Атроф-муҳит ҳимоячилари таклифга қарши норозилик билдирди ва бу қадам бўриларни сақлаб қолиш бўйича ўнлаб йиллик саъй-ҳаракатларга путур етказишини, улар бутун Европадаги соғлом экотизимлар ва биологик хилма-хиллик учун муҳим тур эканини таъкидлади.

Танқидчилар бўриларнинг муҳофаза мақомини пасайтириш тўғрисидаги қарорни биохилма-хиллик учун “орқага ташланган хавфли қадам”, Европада ёввойи табиатни асраш борасида “хавотирли сигнал” деб баҳолади.

Оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, фон дер Ляйеннинг шахсий адовати бор — 2022 йилда бўрилар Германиянинг Қуйи Саксониядаги мулкида унинг понисини ғажиб ўлдирган. Бўрилар мақомини пасайтириш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг у буни Европа қишлоқ жамоалари ва фермерлари учун “муҳим янгилик” деб атади.

“Чунки бизга ёввойи табиатни асраб-авайлаш ва тирикчилик воситаларини ҳимоя қилиш ўртасида мувозанатли ёндашув керак”, — деган фон дер Ляйен.

Шу пайтгача чорва моллари ёки одамларнинг соғлиғи ва хавфсизлигига жиддий хавф туғдирмаса, бўриларни овлаш ёки тутиш ман этилганди. Энди “популяцияни хавфдан холи сақлаш мақсадида ҳайвонлар сони тартибга солиниши керак”, бу амалда уларни овлаш осонлашганини англатади, дейди Reuters.

Мавзуга оид