Академик Темуржон Носиров 83 ёшида вафот этди
Темуржон Носировнинг саноат корхоналарида энергия сарфини ўрганиш ва тежамкор технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш билан боғлиқ бир қатор илмий ишланмалари иқтисодиёт тармоқларига муваффақиятли жорий этилган.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, техника фанлари доктори, профессор Темуржон Носиров 12 ноябр куни 83 ёшида вафот этди.
Темуржон Носиров 1941 йил 25 июлда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида туғилган. 1963 йилда Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)ни муҳандис-электрик мутахассислиги бўйича тамомлаган. Меҳнат фаолиятини ушбу олийгоҳда ассистент сифатида бошлади. Кейинчалик институт аспирантурасида таҳсил олиб, дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.
У ўзининг 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент давлат техника университетининг катта ўқитувчиси, доценти, кафедра мудири, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти ҳузуридаги Энергетика маркази директори, Фанлар академиясининг Энергетика муаммолари институтида бош илмий ходим каби масъулиятли лавозимларда самарали фаолият кўрсатиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган.
Таниқли олимнинг электр энергияси тизимларининг нормал ва авария ҳолатидаги режимларининг комплекс таҳлил усулларини яратиш ва умумлаштириш борасидаги илмий тадқиқот ишлари мамлакатимиз илмий жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилган.
Темуржон Носировнинг электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш режимларини самарали бошқариш учун интеграллашган моделларни яратиш, саноат корхоналарида энергия сарфини ўрганиш ва тежамкор технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш билан боғлиқ бир қатор илмий ишланмалари иқтисодиёт тармоқларига муваффақиятли жорий этилган.
Олимнинг 300 дан ортиқ илмий мақолалари, 6 та монографиясида Ўзбекистоннинг замонавий энергетика тизимидаги ислоҳот ва модернизация жараёнлари, соҳани ривожлантириш истиқболлари атрофлича таҳлил этиб берилган. Унинг раҳбарлигида 5 нафар фан доктори ва 10 нафардан ортиқ фан номзоди тайёрланган.
Мавзуга оид

17:29 / 28.02.2025
Амир Темур ҳақида рисола ёзиб Совет тузуми тазйиқи остида қолган ўзбек олими – Иброҳим Мўминов

13:57 / 13.07.2023
“Қачонки эркинлик бўлса, ўшанда олимлар давлатга ёрдам беролади” — Америкадаги ўзбек профессори

07:35 / 24.12.2021
Таниқли физик олим, академик Темурбек Усмонов вафот этди

11:03 / 17.02.2018