Амир Темур ҳақида рисола ёзиб Совет тузуми тазйиқи остида қолган ўзбек олими – Иброҳим Мўминов
1968 йилда академик Иброҳим Мўминовнинг Амир Темур ҳақидаги рисоласи нашр этилади. Ўша пайтда олим Ўзбек совет энциклопедиясининг бош муҳаррири сифатида ишлаб, уни нашрга тайёрлаш ишларига бош-қош эди. Рисола чоп этилгач олимга нисбатан тазйиқлар бошланади. Кўп ўтмай уни энциклопедия бош муҳаррирлигидан бўшатишади. Орадан 6 йил ўтгач олим 65 ёшида вафот этади.

Фото: Kun.uz
Совет тузумнинг энг катта адолатсизлиги шунда эдики, бошқа миллатларнинг, масалан ўзбекларнинг тарихи, миллий қаҳрамонлари ва қадриятлари ҳақида тадқиқот ўтказиш ёки оддий қилиб ёзиш ҳам мумкин эмасди. Аммо рус халқининг “буюк ўтмиши” ва қаҳрамонларини тинмай улуғласа бўларди. Бу учун ҳатто мукофотлар ҳам беришарди.
Узоққа бормайлик, Амир Темур, унинг фарзандлари ва бошқа тарихий шахсларнинг ҳаётини холис ўрганиш қатъиян тақиқланган тузумда Петр I ҳақида бемалол тадқиқотлар ўтказиш, уни кўкка кўтариб, мақтаб роман ёзиш мумкин эди.
Совет тузумининг нохолис сиёсати Сталин вафотидан кейин ҳам давом этади. 1960-йилларда ҳам ўзбек бўладими ёки бошқа миллат вакили, ўз тарихи ва миллий қаҳрамонлари ҳақида ҳеч нарса ёза олмасди.
Йўқ, ёзиш мумкин эди. Фақат Москва хоҳлагандай қилиб ўз аждодларини ёмонлаб, тарихий шахсларни салбий бўёқларда тасвирлаб ёзиш мумкин эди. Холис ёки мақтаб ёзиш мутлақо мумкин эмасди. Мабодо кимдир “ўзбошимчалик” билан шу ишни қилса, ўша одам кимлигидан қатъи назар советлар тайзиқи остида қоларди.
Ана шундай ишлардан бири ўзбек академик олими, 1960-йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбек совет энциклопедияси бош муҳаррири бўлган, Ўзбекистонда тарих ва фалсафа илмида жуда катта ишлар қилган Иброҳим Мўминов билан содир бўлади.
Олим 1968 йилда “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” номли рисола ёзиб чоп эттиради ва совет тузумининг тазйиқлари остида қолади. Кўп ўтмай уни энциклопедия бош муҳаррирлигидан бўшатишади. Олим учун синовли кунлар бошланади. Охир-оқибат Иброҳим Мўминов вафот этади.
Ҳа, тузум Амир Темур ҳақида бор-йўғи рисола ёзган ва ҳатто хорижий давлатларда ҳам таниқли бўлган олимнинг бевақт ўлимига сабаб бўлади.
Иброҳим Мўминов 1908 йил 7 ноябр куни Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилади. Мактабдан сўнг у Бухородаги институтда ўқийди. 1925 йилдан мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. 1931 йилда Самарқанддаги Ўзбекистон Педагогика академиясининг тарих-фалсафа йўналишини тугатади. Самарқанд давлат университетининг ташкил этилишида фаол иштирок этади, бир неча йил шу олийгоҳда турли вазифаларда ишлайди.
Иброҳим Мўминов 1943 йилда Ўзбекистон ССР Фанлар академиясини ташкил этишда иштирок этади ва унинг мухбир аъзоси этиб сайланади. Докторлик диссертациясини Москвада Фалсафа институтида ҳимоя қилади ва Самарқандга қайтиб 1955 йилгача СамДУда фалсафа кафедраси мудири сифатида ишлайди.
Олим 1955—1956-йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология институти директори бўлади. 1956 йилда академик бўлади ва Фанлар академияси вице-президенти этиб сайланади. У бу вазифада вафотигача ишлайди.
Иброҳим Мўминов 1958-1959 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг ташкилотчиси ва биринчи директори бўлади.
У Ўзбекистонда жуда кўплаб тадбирларни ўтказишда жонбозлик кўрсатади. Жумладан, 1957-йилда Тошкентда ўтказилган Шарқшуносларнинг биринчи Бутуниттифоқ конференциясининг асосий ташкилотчиси бўлади.
Унинг ташаббуси билан 1970 йилда Самарқанднинг 2500 йиллигига бағишланган халқаро анжуман ўтказилади. Фанлар академияси Археология институти ташкил этилади.
Иброҳим Мўминов илмий ишлар билан ҳам жиддий шуғулланади. Унинг бошчилигида “Самарқанд тарихи” номи билан 2 жилдлик китоб тайёрланиб, нашр этилади.
Иброҳим Мўминов кўп вақтини таниқли тарихий шахсларнинг ҳаёти ва меросини ўрганишга сарфлайди. У Алишер Навоий, Мирзо Бедил, Бобур, Жомий, Али Қушчининг ижодини ўрганади ва улар ҳақида мақолалар ёзади.
Жумладан, олим 1958 йилда Ўзбекистонда Бобур таваллудининг 475 йиллигига бағишланган биринчи илмий анжуманни ўтказади. 1960-йиллардан бошлаб олим темурийлар меросини ўрганишга кўпроқ эътибор бера бошлайди.
1968 йил феврал ойида Иброҳим Мўминов ташаббуси билан Ўзбекистонда Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллиги кенг нишонланади (Навоийнинг 525 йиллиги 1966 йилга тўғри келган, бироқ совет ҳукуматидан рухсат олиш чўзилиб кетгани учун халқаро тадбир 1968 йилда ўтказилган).
Иброҳим Мўминов Амир Темур ҳақидаги рисола билан чекланиб қолмайди ва 1968 йилда Н.Остроумов сўзбоши билан “Темур тузуклари”нинг факсимил нашрини чоп эттиради.
Шунингдек, 1969 йил апрел ойида олимнинг ташаббуси билан Тошкентда Мирзо Улуғбек таваллудининг 575 йиллигига бағишланган юбилей илмий конференцияси бўлиб ўтади. Бундан ташқари, ўша йили сентябрда Самарқандда темурийлар даври санъати бўйича ЮНЕСКО халқаро симпозиуми ташкил этилади.
1960-йилларгача Ўзбекистонда миллий энциклопедия бўлмаган. Айнан олим ва унинг шогирдларининг саъй-ҳаракатлари билан 1967 йилда Ўзбек совет энциклопедиясини тузиш ва чоп этиш бўйича Москвадан рухсатнома олинади.
Иброҳим Мўминовнинг шогирди, таниқли олим Ғайбуллоҳ ас-Салом (Ғайбулла Саломов) “Эзгуликка боғлан, одамзод” номли китобида ўша ҳодисани қуйидагича эслайди:
“Ўзбек Қомусини ташкил этиш борасидаги сурункали фирибгарликлардан сўнг ниҳоят 1967 йилда Масков сафарида тақдир бизга кулиб боқди. 120 штат, ҳар бири юз босма табоқдан 14 жилднинг барча матбаа-нашриёт сарф-харажатлари-ю катта маош билан таъминланган фармони олийшон, мана қўлимда турибди. “Ҳей бадбин афандилар, кўряпсизми, мана Ўрта Осиёда биринчи Қомус”, деб телбаларча қичқиргим келарди. Мен учун кафтдаги қуёш эди бу”.
Ғайбулло ас-Саломнинг эслашича, ўшанда Ўзбек Қомусини айрим миллатдош чала олимлар рус тилида чоп этишни таклиф этишган. Бироқ Рижов деган академик бу таклифни рад этган.
«Ўзбек Қомуси» таҳририяти бош муҳаррири этиб, Иброҳим Мўминов тайинланади. Шунда олим Марказий Осиёдан чиққан жуда кўплаб буюк кишиларни “А” ҳарфига жойлашга ҳаракат қилган. Чунки совет сиёсатига ишонч йўқ, исталган пайтда қомус иши тўхтатиб қўйилиши ҳам мумкин эди.
1968 йилда Амир Темур ҳақида рисола ёзган олим Қомус учун соҳибқирон ҳақида бир босма табоқ маълумот ёзади. Бироқ Амир Темурни “А” ҳарфига киритишга рухсат берилмайди.
Шу тариқа Амир Темур ҳақидаги маълумотларни Қомуснинг дастлабки томларига жойлаб бўлмайди. Кейинчалик соҳибқирон ҳақидаги маълумотлар “ Темур ибн Тароғай Баҳодир” номи билан 11-томда “Т” ҳарфи бўйича берилган маълумотлар орасига қўйилади.
Биринчи томда эса “Амир Темур (1336-1405) – темурийлар империяси номи билан машҳур бўлган феодал давлат асосчиси. (Қаралсин: Темур ибн Тароғай Баҳодир) деб ҳавола берилади холос.
“Қизил империя” олимнинг ўлимидан сўнг, 1978 йилда Амир Темур ҳақидаги у ёзган бир босма табоқ маълумотнинг 80 фоизини кесиб ташлаб, бор-йўғи 20 фоизини қолдиради. Бу билан чекланмай Иброҳим Мўминов ёзган мақолани ўзгартириб, Амир Темурни “ваҳший, қотил” деб таърифлашади.
Ғайбуллоҳ ас-Салом шундай ёзади:
“(Қомуснинг) 11-томда ёзилган: Темур, Амир Темур, Темурланг... – Ўрта Осиёдаги йирик феодал давлат арбоби, саркарда. Отаси Тароғай барлос қабиласи зодагонларидан. Темурнинг ўнг қўли ва ўнг оёғи майиб бўлган, оқсоқланган. Форсча “Темурланг” (Европада “Темерлан”, яъни “Оқсоқ Темур” деган ном шундан келиб чиққан.
Дарҳақиқат, мақоланинг “бисмилло”сиданоқ унинг “бебисмилло” ёзилганини пайқаш учун унча катта зеҳн-фаросат керак эмас. Бунинг устига, бетавфиқ олим М.Герасимовнинг Темур бош суяги асосида ишлаган ғирт сохта бюст-тасвири илова қилинганки, бу Амир Темурга ҳам, у орқали номини жаҳон майдонига олиб чиққан ўзбек халқига ҳам, ардоқли олимимиз Иброҳим Мўмин хотирасига ҳам ҳақоратдан бошқа нарса эмасди. Домланинг ўз оғзидан эшитганман: Герасимов тўқиган сурат Соҳибқироннинг нуроний, серфайз сиймосига қўпол туҳмат”.
1968 йил июл ойида Иброҳим Мўминовнинг “Ўрта Осиё тарихида Амир Темурнинг ўрни ва роли” номли рисоласи чоп этилади. Ўша пайтда совет тузумининг тарих китобларида, дарсликларда Амир Темур босқинчи деб аталиб қораланарди.
Олим эса бундай қилмайди ва Амир Темурнинг Марказий Осиёда тутган ўрни ва минтақа учун қилган хизматларини холис санаб ўтади.
Ғайбулло ас-Саломнинг эслашича, Иброҳим Мўминов Амир Темур ҳақида рисола ёки илмий мақола ёзиб беришни аввалига шогирдларидан, ҳамкасбларидан сўраган. Ҳеч ким ботина олмагач бу ишга ўзи қўл урган.
Ғайбуллоҳ ас-Салом ўша ҳодисаларни эслаб шундай ёзади:
“Бир гал олим Ҳамид Зиёевни ҳузурига чорлаб ҳазрат Соҳибқирон ҳақида тарихчи олимларимиздан бирон киши холис илмий мақола ёки рисола ёзиб берсин деб топшириқ берибди. Бир ҳафтадан кейин маълум бўладики, ҳеч ким рози эмас. Тарихчилар бу ишни оғизга чўғ солиш билан баробар деб тушунади. Чунки бунга журъат этган кишининг бўйнига қизил “тавқи лаънат” илиниши муқаррар эди. Шундан сўнг домланинг ўзи бу ўта қалтис ишга киришади. Натижада кўп ўтмай олимнинг қаламига мансуб “Ўрта Осиё тарихида Амир Темурнинг ўрни ва роли” рисоласи ўзбек ва рус тилларида чоп этилади. Асарнинг мазмуни Ўзбекистон Фанлар академияси раёсатининг 1968 йил 5 майда ўтказилган йиғилишида муҳокамага қўйилади. Иброҳим Мўмин ўшанда чўғни бировларнинг қўли билан эмас, балки ўз қўли билан ушлаган. Зотан, Соҳибқирон тимсоли ҳалол, жасур, покиза бир инсонни ўзининг бутун онгли ҳаёти давомида ўртар, машъала бўлиб ёндирар, қалбини тилка пора қилар эди. Бу дард унинг юрагида 1968 йилга келиб ногаҳонда пайдо бўлган эмас. Бир неча ўн йиллар давомида томир отиб келган. Соҳибқирон хотирасига шовинистик хусумат унга тинчлик бермаган”.
Ўшанда муҳокама чоғида ҳам, ундан кейин ҳам Иброҳим Мўминовга танқид тошлари отилади. Даврий матбуотда уни босқинчини идеаллаштирганликда айблаб чиқишади. Бироқ олим танқидларга эътибор бермай ўз йўлида давом этади.
Айрим тарихчиларнинг танқидига қарамай, академик Яҳё Ғуломов москвалик тарихчилар гуруҳи кўмагида рисоладаги айрим маълумотларни Совет тарихий энциклопедиясида Темур ҳақидаги мақоласига киритади.
Амир Темур ҳақидаги рисола туфайли тазйиққа учраган пайтда Иброҳим Мўминов 60 ёшда бўлган. Шундан сўнг у зуғумларларга қарамасдан ўз йўлида собитқадам туриб, режалаштирган ишларини бажаришда давом этади.
Бироқ олим 1974 йилнинг 22 июлида 65 ёшида вафот этади. Замондошларнинг хотирлашларича, олим Амир Темур ҳақидаги рисола чоп этилгандан сўнг кучли тазйиқларга дуч келган ва бу унинг вафотигача давом этган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид

17:23 / 01.03.2025
Уруш нега бошланганди: Путин НАТОдан қўрқяптими ёки СССРни тиклаш ҳаракатидами?

10:51 / 28.02.2025
Ҳавога совурилган пуллар — советларнинг ўзини оқламаган яна бир лойиҳаси

20:00 / 27.02.2025
“Ўзбекфилм” ёки “Басмачфилм” – совет даври тарғиботи қандай олиб борилган?

11:03 / 17.02.2025