Жаҳон | 19:40 / 01.09.2024
27539
12 дақиқада ўқилади

Беслан, 2004 йил 1 сентябр. 20 йил муқаддам Россия тарихидаги энг қўрқинчли теракт рўй берганди

Суриштирув ишлари ҳамон якунланмаган.

14 ёшли Алина Бекузарова Бесландаги теракт қурбони бўлган амакиваччаси Алан Гайтовнинг мактабдаги дафтарларини изламоқда
Александр Демянчук / Reuters / Scanpix / LETA

Йигирма йил муқаддам замонавий Россия тарихидаги энг даҳшатли теракт содир этилганди. 2004 йил 1 сентябр куни террорчилар гуруҳи Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳрида 1-рақамли мактабни эгаллаб олади, бу вақтда у ерда Билимлар куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилаётганди. Жангарилар мактаб ўқувчилари, ота-оналар ва ўқитувчиларни спортзалга ҳайдаб киришади ва уларни у ерда икки ярим кун давомида егулик ва ичимлик сувсиз ушлаб туришади. Террорчилар томонидан миналаштирилган мактабда 1128 киши бўлиб, уларнинг аксари ўқувчилар эди. Шу билан бирга, расмийлар гаровдагилар сонини мунтазам равишда камайтириб кўрсатишади.

Теракт учун жавобгарликни чечен айирмачилари етакчиси Шамил Басаев ўз зиммасига олган. 3 сентябр куни спортзалда портлашлар рўй беради, шундан кейин махсус топшириқли отряд жангчилари мактабни штурм қилишни бошлайди. Гаровдагиларни озод этиш бўйича амалиёт чоғида 333 киши ҳалок бўлади, шундан 186 нафари болалар эди. Камида 783 киши турли даражада тан жароҳатлари олган. Кун охирига бориб 31 террорчи йўқ қилингани маълум қилинади, жангарилардан бири — Нурпошо Кулаев — тирик ҳолда ушланган ва кейинроқ умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Россия расмийлари Беслан ҳақида эслашни ёқтирмайди. Владимир Путин ўз бошқаруви даврида фақат икки бор шаҳарга ташриф буюрган, теракт содир этилган кунни эслаш куни эса бирор марта ҳам келмаган. 2024 йилда президент 20 август куни Бесланга келди. Гаровга олишнинг 20 йиллиги хотирланаётган кунда эса у Мўғулистонга жўнаб кетган. Теракт бўйича суриштирув ишлари ҳалигача расман якунланмаган. «Медуза» 2004 йил 1-3 сентябр кунлари Бесландаги воқеалар қандай ривожланганини ёдга олди.

1 сентябр

Террорчилар йиғилиш бошланиши биланоқ 1-мактаб ҳовлисига бостириб киради. Бир неча дақиқа ичида улар мингдан ортиқ кишини мактаб спортзалига ҳайдаб киради, гавродагиларнинг шахсий буюмларини олиб қўяди ва бинода баррикада қуриб, қўлбола портловчи қурилмаларни ўрнатишга киришади. Жангарилар мактаб биноси планини олдиндан ўрганишганди. Улар қаерда нима борлигини жуда яхши билишарди.

Расмийлар қанча одам гаровга олинганидан хабардор эди. Мактаб атрофига махсус бўлинмалар олиб келинади, аксилтеррор амалиёт оператив штаби ташкил этилади, жиноий иш очилади. Аммо барча расмий хабарларда мактабда гаровга олинганлар сони аслида кўп эмаслиги айтилади. Хабарларда 120 дан 354 кишигача бўлган рақамлар келтирилади. «Новая газета»нинг ёзишича, Бесландаги амалиётнинг ахборий ёритилиши билан ВГТРК ходими Пётр Василев ва РФ президентининг ҳозирги матбуот котиби Дмитрий Песков шуғулланган. Гаровдагилар сони атайлаб бундай кам кўрсатилиши гаровга олувчиларнинг жаҳлини чиқаради ва улар гаровдагиларга нисбатан муносабатини ўзгартиришади. «Агар улар сизни 300 киши деб ўйлаётган бўлса, унда биз шундай қиламизки, бу ёрда чиндан ҳам шунча одам қолади!» — дея террорчилардан бирининг гаровга олинганларга айтган сўзларини эслайди гувоҳлардан бири.

Мактаб эгалланганидан икки соат ўтиб террорчилар гаровдагилардан бирини расмийларга йўлланган нома билан чиқаришади, унда музокаралар учун Шимолий Осетия раҳбари Александр Дзасохов, Ингушетия раҳбари Мурат Зязиков ва шифокор Леонид Рошал (кейинроқ рўйхатга РФ президенти маслаҳатчиси Асланбек Аслаханов ҳам қўшилади) келиши талаб қилинганди. Улар шунингдек алоқа учун телефон рақами беришганди. Штурм бошланган тақдирда ҳар бир ҳалок бўлган жангари учун 50 нафардан отиб ташланиши билан таҳдид қилишади. Ёзувда икки хатолик бор эди: Рошалнинг рақами ва фамилиясида. Аслида террорчилар генерал Владимир Рушайло билан музокара олиб боришни талаб қилишганди.

Соат 16:00 атрофида мактабда портлаш рўй беради. Бинодаги баррикада олдидаги одамлар олдида худкуш террорчи портлаб кетади, яна бири оғир яраланади. Бунинг ортидан террорчилар 21 кишини отиб ташлайди.

Кечқурун Осетияга Леонид Рошал учиб келади, у 2002 йил Дубровкада рўй берган теракт вақтида террорчилар билан музокара ўтказиш тажрибасига эга эди. Жангарилар уни мактабга киритишмайди, чунки улар генерал Рушайлони кутишганди. Аммо Рошал улар билан телефон орқали гаплашади. Шифокор гаровдагиларга сув ва дори олиб киришга имкон беришни сўрайди, болаларни катта ёшлиларга алмашишни таклиф қилади — шунингдек, террорчиларга Чеченистон ва Ингушетияга чиқиб кетиш учун йўлак ҳам. Барча таклифлар рад этилади.

Ҳарбий гаровга олишнинг илк соатларида ёш қизчага теракт жойидан қочишда ёрдам бермоқда. Кадр 2004 йил 1 сентябр кунги телесъёмкадан
Reuters / Scanpix / LETA
Махсус топшириқли бўлинма Бесландаги мактабда
Reuters / Scanpix / LETA
2004 йил 1 сентябр куни Бесландаги одамлар гаровга олинган 1-мактаб ҳовлисида ерда ётган гул букети
S.Dal / Reuters / Scanpix / LETA
Террорчилар билан музокараларда қатнашган доктор Леонид Рошал
Юрий Кочетков / Reuters / Scanpix / LETA

2 сентябр

Владимир Путин фақат бир кун ўтиб, 2 сентябр куни соат 11:00 да Бесландаги теракт юзасидан миллатга мурожаат қилади. У Сочидаги таътилини барвақт тўхтатади ва Туркияга режалаштирилган сафарини кейинга қолдиради.

Террорчилар Рошал билан музокараларни давом эттиради, аммо бундан ҳеч қандай наф чиқмайди. Ҳукумат расмий хабарларида эса террорчилар музокара олиб бормаётгани ва ўз шартларини қўймаётгани айтилади. Аслида эса улар гаровдагилар орқали Шамил Басаевнинг Путинга мурожаати ёзилган видеокассетани ҳам чиқаришганди. Чечен айирмачилари етакчиси ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва Россия қўшинини Чеченистондан олиб чиқишни талаб қилганди. Бундан ташқари, Ингушетия президенти Руслан Аушев орқали Путинга мактуб узатилганди.

Соат 16:00 да Руслан Аушев музокаралар учун мактабга киради. У террорчилар билан гаровдагиларнинг 26 нафари — эмизикли аёлларни озод этиш бўйича келишувга эришади.

Маҳаллий аҳоли Бесланда гаровга олинган мактаб яқинида, 2004 йил 2 сентябр.
Биринчи суратда Ингушетиянинг собиқ раҳбари Руслан Аушев террорчилар билан музокара учун йўл олмоқда. У ичкаридан 26 нафар аёл ва уларнинг эмизикли чақалоқларини олиб чиқишга эришган.
Виктор Коротаев / Reuters / Scanpix / LETA
Шамил Басаевнинг Владимир Путинга аталган ва террорчилар Руслан Аушев орқали чиқарган хати
Фото Нурпошо Кулаевага қарши жиноий иш материалларидан

Махсус топшириқли отряд аъзоси Элбрус Гогичаев Алена Цкаевани кўтариб кетмоқда — бу қизча гаровдагилар орасида бўлган ва Руслан Аушевнинг террорчилар билан музокаралари вақтида озод этилган. Аленанинг онаси Фотима Цкаева қизини бериб юборган. Фотиманинг ўзини ва бошқа фарзандлари — олти ёшли Кристина ва уч ёшли Махарни — террорчилар қўйиб юборишмаган. Фотима ва Кристина ҳалок бўлган, аммо она Махарни синган деразадан пастга ташлашга улгурган. У омон қолган. Элбрус Гогичаев қизчани Беслан маъмуриятига олиб келган ва мактабга қайтган. Элбрус Гогичаев кейинги йилларда Алена Цкаева билан бир неча бор учрашган: у 2010 йил Алена биринчи синфга борганида ва 2021 йилда мактабни битирганида мактабга борган.
Виктор Коротаев / Reuters / Scanpix / LETA

3 сентябр

3 сентябр тонгида террорчилар гаровдагиларга сув ва егулик беришдан яна бош тортишади. Аммо кейинроқ расмийлар терактнинг илк кунида ўлдирилган кишиларнинг жасадларини эвакуация қилиш бўйича келишувга эришади. Дзасохов ва Аушев бизнесмен Михаил Гуцериев билан биргаликда музокараларга Ахмед Закаев ва Аслан Масхадовни ҳам қўшишни режалаштиришади. Улар рози бўлишади, аммо Бесланга қадар уларга «Новая газета» мухбири Анна Политковская ҳамда «Озодлик радиоси» мухбири Андрей Бабицкий ҳам ҳамроҳлик қилиши шарти билан. Бу эса амалга ошмайди. Бабицкийни ўйлаб топилган сабаб билан Москва аэропортида ушлашади, Политковскаяни самолётда номаълум модда билан заҳарлашади.

12:55 да мактаб олдига қурбонларнинг жасадларини эвакуация қилиш учун ФВВ техникаси олиб келинади. Соат 13:03 ва соат 13:05 да мактабда иккита портлаш рўй беради, шундан кейин штурм бошланади. Ҳарбийлар ҳам, қуролсиз кишилар ҳам мактаб ичкарисига отилади. Кейинроқ терговда маълум қилинишича, кучишлатарлар амалиёт бошлашга мажбур бўлиб қолишган — гаровдагилар ушлаб турилган спортзалда қўлбола бомбалар портлагани туфайли. Аммо омон қолганларнинг кўрсатмаларига кўра, бомбаларни террорчилар портлатишмаганди. Гаровдагилар зал орқали учиб ўтган олов шарини кўришган, бу гранатомёт зарбасидан қоладиган изни эслатарди. «Алфа» ва «Вимпел» отрядлари чиндан ҳам штурм вақтида «Шмел» русумли ўт очиш мосламалари ҳамда пиёдаларга қарши реактив гранатомётлардан фойдаланган.

Соат 13:19 да учинчи портлаш рўй беради. Оперштаб қуйидагича баёнот чиқаради: «Юзага келган вазият туфайли кучишлатар бўлинмалар вазиятдан келиб чиқиб ҳаракат қилишга мажбур бўлишди». Бу вақтда мактабда шиддатли отишма кетаётганди, гаровдагилар эса тартибсиз равишда эвакуация қилинади ёки улар мустақил ҳолда чиқишга ҳаракат қилишади. Соат 13:30 да спортзалнинг томи қулаб тушади.

Расмийларнинг тасдиқлашича, теракт қурбонларининг барчаси террорчилар қўйган бомбалар қурбони бўлган. Аммо спортзалда фақат 116 кишининг жасади топилган. Ҳарбий эксперт ва Давлат думаси собиқ депутати Юрия Савелеванинг ҳисоботига кўра, гаровдагиларнинг катта қисми мактабнинг жанубий қанотида ҳалок бўлган, террорчилар биринчи портлашлардан кейин уларни ўша ерга олиб ўтишганди. Ва бу ҳудуд миналаштирилмаганди. Бинонинг бу қисми терактдан кейин дарҳол, 4 сентябрга ўтар кечаси бузиб ташланади.

Сергей Карпухин / Reuters / Scanpix / LETA
Эдуард Корниенко / Reuters / Scanpix / LETA

Юрий Тутов / AFP / Reuters / Scanpix / LETA
S.Dal / Reuters / Scanpix / LETA
Виктор Коротаев / Reuters / Scanpix / LETA
S.Dal / Reuters / Scanpix / LETA
Reuters / Scanpix / LETA
Виктор Коротаев / Reuters / Scanpix / LETA
Виктор Коротаев / Reuters / Scanpix / LETA

Штурмдан кейин 

Бесланда вайрон бўлган мактабнинг кўриниши, 2004 йил 4 сентябр
S.Dal / Reuters / Scanpix / LETA
Расмийлар гаровдан озод этилган ва шифохонага ётқизилганлар рўйхатини эълон қилган. 2004 йил 4 сентябр
Эдуард Корниенко / Reuters / Scanpix / LETA
Бесландаги ўликхонада теракт қурбонларининг қариндошлари ҳосил қилган навбат. 2004 йил 4 сентябр
Сергей Карпухин / Reuters / Scanpix / LETA
Терговчилар Бесландаги мактаб харобаларидан топилган ҳужжатлар ва шахсий буюмларни ўрганмоқда, 2004 йил 4 сентябр
Денис Маринин / Reuters / Scanpix / LETA
Терактда ҳалок бўлган аёлнинг жасади устида йиғлаётган киши, 2004 йил 3 сентябр.
Эдуард Корниенко / Reuters / Scanpix / LETA
Бесландаги 1-мактаб ҳовлисида ҳалок бўлганларнинг жасадлари. 4 сентября 2004 года
AP / Scanpix / LETA
Беслан теракти қурбонларининг дафн маросими, 2004 йил 6 сентябр
Эдуард Корниенко / Reuters / Scanpix / LETA
Бесландаги 1-мактабнинг вайрон бўлган спортзали, 2004 йил 4 сентябр
Сергей Карпухин / Reuters / Scanpix / LETA
Бесландаги 1-мактабнинг биринчи синф ўқувчиси дафтари, 2004 йил сентябр
Mark McDonald / MCT / Tribune News Service / Getty Images

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери