Ўзбекистон | 20:28 / 29.08.2024
8580
4 дақиқада ўқилади

“Ортга қайтолмаймиз, лекин Қорақалпоғистонга меҳримиз абадий” – хориждаги қорақалпоқлар

Хорижда яшаётган қорақалпоқ диаспораси вакиллари Нукусга таклиф этилди. Уч кунлик дастур асосида улар Республиканинг қадимий ва тарихий объектларида бўлди. Меҳмонларнинг аксарияти бундан 25-30 йил аввал ватанини тарк этган. Бироқ, Қорақалпоғистонга бўлган меҳри ўзгармай келмоқда.

Ватан унутилмайди, инсоннинг киндик қони тўкилган юртга меҳри ҳам болаликдаги каби сақланади. Бундан анча йиллар илгари турли мақсадлар ортидан Қорақалпоғистонни тарк этган бу юртдошларимиз юқоридаги фикрларни тасдиқлайди. Меҳмонлар тарихий ватанига келаркан, болалик хотираларини ёдга олди.

Даставвал, улар Тахтакўпир туманининг Даухара овули, Қоратерен кўлига борди. Бундан 30 йил аввал ўқиш мақсадида Қорақалпоғистонни тарк этган Луиза Ўримбетова айнан шу туманда туғилиб ўсган. Мени таклиф қилишган заҳотиёқ етиб келдим, дейди у. Ўримбетова бугун оиласи билан Остона шаҳрида яшайди. Болалиги шу кўл атрофида ўтган. Ўзгаришлар катта, бу ерларни таний олмадим. Бир неча ўн йиллардан бери Қозоғистонда яшайман, лекин қариндошларим Қорақалпоғистонда. Ватанга меҳр ўзгармас экан, дейди у.

Қоратерен кўли атрофи туристик масканга айланиб, 10 та ўтовлар, концертлар учун саҳна ва томошабинлар майдончаси қурилган. 

Қоратерен атрофини ободонлаштириш ишлари яқинда бошланди. Атроф чўл эди, этнотуристик мажмуанинг қурилиши эса  даухараликларни хурсанд қилди, дейди расмийлар. 

Елена Дўспанова бундан қарийб 20 йил аввал Россияга кўчиб кетган. Ўзи таржимон, филолог. Москвада қорақалпоқ миллий марказига раҳбарлик қилади. Қорақалпоқ эли доим миллийлигига содиқ бўлиб келди, мен ҳам шу йўлда хизматдаман, дейди у. Дўспановага кўра, Нукус яхши ривожланяпти. 4 ой аввал хизмат сафари билан келиб-кетгандим, қисқа муддат ичида ҳам янгидан-янги бинолар қад ростлабди, дея қўшимча қилади у.

Меҳмонлар Нукус шаҳридаги IT парк, ундан кейин эса Республика шошилинч тиббий ёрдам марказида бўлишди. Ушбу тиббиёт муассаси бош шифокори сўзларига кўра, қорақалпоқ халқи учун замонавий шифохонага эга бўлиш 30 йилдан бери армон эди. Шу армонимиз ушалди, дейди Эрназар Холмирзаев. Маълум қилинишича, бу ерда кунига 20-25 та операциялар ҳам бўлар экан.

Бугун Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида яшовчи Жеткербай Пишенбаев 25 йил аввал Қорақалпоғистондан кўчиб кетган. Лекин ака-укам, қариндошларим бу ерда яшайди, дейди у. Чимбой туманида туғилган Жеткербай узоқ йиллар ўтгач ўз Ватанига қайтганида, туман кўчаларини асфальт қилинган ҳолда кўрганидан хурсандлигини айтади.

Кун давомида меҳмонлар Нукусдаги “Оқ қуш” меъморчилик марказига ҳам боришди. Бу ерда жаҳоннинг Гиннес рекордлар китобига киритилган қорақалпоқ халқи қора уйи - яъни ўтов жойлашган. Бу ўтов эса 40,5 метр диаметри билан дунёда энг каттаси деб топилган. Жаҳон рекордлари китобига кириш – мустақилликнинг 33 йилида қорақалпоқ халқи учун совға бўлди, дейди Жеткербай Пишенбаев.

Иккинчи кун дастур бўйича меҳмонлар яна қатор тарихий обидалар, қадимий объектларда бўлди. Нукусдан 150 километр узоқликда жойлашган Тупроққалъа қадимда Хоразмшоҳлар пойтахти бўлган. Бугун қадимий пойтахтдан эса харобалар қолган холос.

Беруний тумани, Дўстлик овулида Султон Увайс қараний зиёратгоҳи жойлашган. Меҳмонлар бу ерда ҳам бўлиб, ўтганлар ҳаққига дуо қилишди.

Биз хорижга кўчиб кетган қорақалпоқлардан агар имконият туғилса, ўз ватанларига қайтишлари мумкин ёки йўқлиги хусусида ҳам сўрадик. Аксариятининг айтишича, улар ҳозир яшайдиган жойини қулайроқ деб билади. Аммо, Қорақалпоғистонга бўлган меҳр ўзгармайди. Алоқаларимизни ҳеч қачон узмаймиз, дейди хориждаги қорақалпоқлар.

Шохрух Мажидзода тайёрлади.
Тасвирлар муаллифи Асрор Алмурадов.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери