Блинкеннинг Яқин Шарққа ташрифи, Курскда 92 та аҳоли пунктини эгаллаган Украина ва Туркияда топилган қадимий тақвим — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги оташкесим сари
Исроилга сафар қилаётган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог билан учрашуви чоғида Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги кутилаётган музокаралар босқичи гаровдагиларни қутқариш ва ўт очишнинг узил-кесил тўхтатилишини таъминлаш бўйича “сўнгги имконият” бўлишини таъкидлади.
«Бу — гаровда ушлаб турилган барчани ўз уйларига қайтариш, ўт очишнинг тўхтатилишига эришиш ва барчани мустаҳкам тинчлик ва хавфсизлик йўлига тушириш учун ҳал қилувчи палла, эҳтимол энг яхши ва сўнгги имконият бўлиши мумкин”, — дея АҚШ давлат котибининг сўзларини келтирмоқда AFP.
«Буни қилиш фурсати етди», — деган Блинкен, АҚШ президенти Жо Байден уни “келишувни маълум бир маррагача олиб бориш, пировард натижада ўша маррани босиб ўтиш” учун жўнатганини қайд этиб.
Энтони Блинкен Қуддусда Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог ва бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан учрашган.
АҚШ давлат котиби минтақага ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни амалга оширишга уриниб кўриш учун ташриф буюрган. У бугун Миср пойтахти Қоҳирага ҳам боради. Бу ерда ҳафта ичида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар қайта бошланиши кутилмоқда.
Ғазодаги вазият
Исроил 450 минг фаластинликни аввалроқ ўзлари «хавфсиз зона» деб эълон қилган ҳудудлардан кўчиб кетишга мажбур қилмоқда. Бу мажбурий кўчириш халқаро ҳуқуққа зиддир.
Фуқаролик мудофааси бошқармасининг Ғазо секторидаги вакили Маҳмуд Басалга кўра, Исроил Хон-Юнус шаҳрининг шарқий ва марказий қисмлари аҳолисини, шунингдек, Дайр ул-Балаҳ шаҳри, ал-Мағазий ва аз-Зувайда туманларида бошпана топган фаластинликларни эвакуация қилишни режалаштирмоқда.
«Бу ҳуманитар вазиятни янада ёмонлаштиради», - дея огоҳлантирган Маҳмуд Басал.
Маҳмуд Басал «зўравонлик ва очарчилик билан қўрқитиш» орқали мажбуран кўчириш халқаро ҳуқуққа зид эканлигини эслатди.
Унинг таъкидлашича, исроиллик ҳарбийлар Хон-Юнус ва марказий Ғазо минтақасидаги қочқинлар лагерларида яшовчи фаластинликларни бир неча бор кўчирди.
Басал БМТ ва Халқаро судни «Исроилга Ғазо секторидаги фаластинликларни кўчириш сиёсатини тўхтатиш учун босим ўтказишга» чақирди.
Ғазо сектори аҳолисининг 90 фоизи Исроил армиясининг ҳужумлари туфайли уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Кўплаб фаластинликлар вақтинчалик чодирларда яшашга мажбур.
Россия-Украина уруши
Украина Россиянинг Курск областидаги ҳарбий амалиётини давом эттирмоқда. 92 та аҳоли пункти аллақачон Украина Қуролли кучлари назорати остида, деган Украина президенти Володимир Зеленский. Украина ҳарбийлари Курск областида ўз назорати остига олган ҳудуд 1250 километр квадратни ташкил этмоқда.
Зеленскийга кўра, Украина учун асирларни айирбошлаш фонди ҳам тўлдирилмоқда.
«Умуман олганда, бу операция украиналикларни рус асирлигидан озод қилиш жараёнидаги энг катта сармоямиз бўлди, биз бир операцияда энг кўп рус асирларини қўлга киритдик ва бу ҳаракатларимиз давом этмоқда», деди Зеленский.
Бир неча ой олдин дунёда кўпчилик бундай операцияга ишонмаган ва Россия ҳудудига бостириб киришни энг катта «қизил чизиқ» деб ҳисоблаган.
«Шунинг учун ҳам аскарларимизнинг ҳақиқий тайёргарлиги ҳақида ҳеч ким эшитмаган. Энди жангчиларнинг ҳақиқий муваффақиятини кўриб туришибди, чегаранинг нариги томонидаги фаол ҳаракатларимиз ва Путин ўз ҳудудини ҳимоя қила олмаслиги кўп нарсадан далолат беради», деди Зеленский.
Украина раҳбарининг қўшимча қилишича, Курск областидаги операция Россия террорига қарши энг самарали чора бўлиб, тажовузкор давлат учун вазиятнинг ҳақиқий мураккаблашишини таъминлайди.
«Шерикларимиз бундай дадилликда биз билан ҳамоҳанг бўлиши муҳим, шунда Россиянинг адолатли тинчликдан бошқа қадами қолмайди», деб таъкидлади Зеленский ва ҳамкорларнинг қуролларидан Россия бўйлаб зарба беришга рухсат сўради.
Модининг Киевга ташрифи
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Вашингтон ва Москва билан алоқаларни қайта тиклаш мақсадида 23 август куни Киевга ташриф буюришни режалаштирмоқда.
Bloomberg нашрига кўра, Моди Россиянинг Украинадаги урушини тугатишда воситачи ролини ўз зиммасига олишдан бош тортган, аммо Владимир Путиннинг муждаларини Володимир Зеленскийга етказишга рози бўлган. Жумладан, у 2022 йил февралида бошланган кенг кўламли урушни тўхтатиш учун мулоқот ва дипломатияга чақирмоқчи.
«Модининг Украинага ташрифи, Ҳиндистоннинг узоқ йиллик иттифоқчиси бўлган Россияга ташрифи Вашингтонда умидсизликка сабаб бўлганидан сўнг, АҚШ расмийлари Ҳиндистон билан яқин алоқаларни ўз ташқи сиёсатининг асосига айлантирганидан кейин содир бўлмоқда», дейилади Bloomberg хабарида.
Қайд этилишича, Модининг Украинага ташрифи хавфсизлик нуқтаи назаридан бир неча соат давом этади.
«Ҳиндистон Зеленскийнинг Глобал Жануб деб аталадиган асосий мамлакатларнинг марҳаматини қозониш ташаббусида марказий рол ўйнайди, аммо бу йил июн ойида Швейцарияда бўлиб ўтган саммитда Ҳиндистон якуний баёнотни имзоламаган давлатлар қаторига кирди. Бу эса Украинанинг Россия босқинчи кучларига қарши урушда қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш бўйича уринишига зарба бўлди», дейилади мақолада.
Кун тартиби билан таниш бўлган одамларнинг таъкидлашича, Моди билан учрашув катта баёнотларга олиб келиши даргумон. Бир нечта келишувлар, шу жумладан қишлоқ хўжалиги ва мудофаа бўйича иш олиб борилади.
Муваффақиятсиз лойиҳа
«Сила Сибири-2» Россия — Хитой газ қувури лойиҳаси амалга оширилмайди. Россия, Хитой ва Мўғулистон лойиҳа шартлари бўйича келишувга эришолмагани таъкидланмоқда.
Россия ва Хитой ўртасидаги «Сила Сибири-2» газ қувури Мўғулистоннинг 2028 йилгача бўлган миллий ривожланиш режасига киритилмади. Бу ҳақда The South China Morning Post хабар берди.
Шундай қилиб, президент Владимир Путиннинг Хитойга газ етказиб беришни кўпайтириш ва янги «Сила Сибири–2» қувурини қуриш лойиҳаси яқин йилларда амалга оширилмайди, деб аниқлик киритди нашр. Қайд қилинишича, 2,5 минг км узунликдаги газ қувури Мўғулистон орқали ўтиши лозим эди.
Нашрнинг Мўғулистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ аъзоси Мунхнар Байарлхавгга таяниб ёзишича, Москва Пекин билан лойиҳа бўйича келишувга эриша олмаган.
«Биз узоқ паузага киряпмиз, чунки Москва Пекиндан ўзи хоҳлаган келишувга эриша олишига энди ишонмаяпти ва эҳтимол лойиҳа бошқа муддатга қолдирилади», деди у.
Россия транзит даромадларидан ташқари, Мўғулистонга лойиҳа қуввати йилига 50 млрд метр куб бўлган қувурдан газ олишни ҳам таклиф қилган эди.
2022 йилда Россия президенти Владимир Путин Хитой раҳбари Си Жинпингга «Газпром»нинг Европа бозоридаги йўқотишларини қоплаши учун Россиядан газ сотиб олишни йилига 100 миллиард метр кубгача оширишни таклиф қилди. Бироқ, Си якунда лойиҳани маъқулламади.
Financial Times хабарига кўра, томонлар газ нархи бўйича келиша олмаган: Хитой газ учун нархни Россиянинг ички бозори учун белгиланган даражага, яъни минг метр куби учун тахминан 60 долларга туширишни талаб қилган. Бу Россия газининг бугунги кунда Хитойга сотаётган нархидан тўрт баравар кам: «Сила Сибири-1» газ қувури орқали ҳар минг метр куб учун 260 доллар тўланмоқда.
Антиқа топилма
Туркияда инсониятнинг энг қадимги тақвими топилди, унинг ёши 13 минг йил экани айтилмоқда.
Дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири – Гўбеклитепада улкан тош устунларга ўйилган ғайриоддий чизмалар топилган. Олимларнинг фикрича, улар муҳим самовий ҳодисаларни, жумладан, қуёш, ой ва юлдузларнинг жойлашувини кузатувчи тақвимдир.
Қадимги Гўбеклитепа шаҳрининг ёши 12 минг йилдан ошади. Тош устунлардаги ҳайвонларнинг суратлари ва бошқа мавҳум белгилар янги тадқиқот мавзуси бўлди.
“Тош устунга ўйилган белгилар тарихдаги энг қадимий қуёш тақвими бўлиши мумкин, улар афтидан, кометаларнинг ҳалокатли зарбасидан хотира сифатида яратилган”, — дейишмоқда олимлар.
Экспертларнинг фикрича, бу белгилар инсоният цивилизацияси тарихида муҳим бурилиш ясаган глобал астрономик ҳодисани акс эттириши мумкин.
Гўбеклитепада топилган тақвим шу пайтгача энг қадимий деб ҳисобланган тақвимдан минг йилга “қадимийроқ”.
Мавзуга оид

13:55 / 17.04.2025
Инсонпарварлик ёрдамисиз қолган Ғазо, урушдан миллиардларни ишлаётган КХДР ва сулҳ имзолашга тайёр Арманистон — кун дайжести

13:28 / 16.04.2025
Ғазода тинчликка янги умид, Туркия таъсиридан хавотирга тушган Исроил ва Трампдан Путинга сўнгги муҳлат — кун дайжести

13:45 / 15.04.2025
Ғазодаги стратегияни ўзгартираётган Исроил, яна Зеленскийни айблаган Трамп ва АҚШдан божларни бекор қилишни сўраган Хитой — кун дайжести

13:23 / 14.04.2025