Дайр-ул-Балаҳга авиазарба, музокараларни рад этган ҲАМАС ва қўҳна қитъага таҳдид солаётган mpox — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият
Исроил Армияси Ғазога ҳужум қилишда давом этмоқда. Секторнинг марказий қисмидаги Дайр-ул-Балаҳдаги фаластинликлар оиласининг уйига берилган авиазарба натижасида она ва унинг 6 фарзанди – жами 7 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Улардан ташқари ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор.
Сўнгги бир сутка ичида Исроил армияси Ғазода 25 нафар фаластинликнинг ҳаётига нуқта қўйган. 72 киши яраланган.
Урушнинг 317-кунига келиб Ғазода ҳалок бўлганлар сони 40 минг 99 кишига етган. Ярадорлар сони 92 минг 609 нафарни ташкил этмоқда.
Исроил армияси Туркиянинг TRT-Arabi телеканали съёмка гуруҳининг автомобилини ҳам ўққа тутган. Ғазо сектори жанубидаги, Исроил томонидан аввалроқ «хавфсиз» деб эълон Хон Юнус шаҳрида кетиб бораётган журналистлар гуруҳи ўқ ёмғирлари остида қолган.
TRT Arabiʼнинг Ғазодаги мухбири Сами Берҳумнинг хабар беришича, машинада пресса логотипи ёпиштирилганига қарамасдан, унга қарата ўт очилган.
«Бизга тўртинчи марта ҳужум уюштирилиши», деган мухбир.
Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз мухбирларга уюштирилган ҳужумни қоралаган.
«Бу ҳужумлар жафокаш Фаластин халқига нисбатан содир этилаётган, инсониятнинг коллектив хотирасига муҳрланаётган ҳарбий ва ҳуманитар жиноятларни яшира олмайди», — деган Йилмаз.
Ғазо бўйича музокаралар
ҲАМАС Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларнинг сўнгги раундидаги таклифларни рад этди ва уларнинг муваффақиятсизлигида Исроилни айблади, деб хабар бермоқда dpa агентлиги.
Хабарга кўра, ҳаракат вакиллари Исроил томони илгари сурган янги талабларни қабул қилишдан бош тортган. «Доҳадаги музокараларнинг сўнгги раундида нималар муҳокама қилинганини воситачилардан билиб, биз яна бир бор амин бўлдикки, (Исроил бош вазири) Нетаняҳу келишувга эришиш йўлига тўсиқлар қўйишда давом этмоқда», — дея ҳамасчилар сўзларидан иқтибос келтиради агентлик.
ҲАМАС Исроилнинг Ғазо секторининг бир қанча нуқталарида, жумладан, Миср чегарасидан ўтувчи Филаделфия коридорида ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолиш ниятидан қониқмаган.
АҚШ президенти Жо Байден Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳали ҳам мумкин, деб ҳисоблашини айтди. «Биз таслим бўлмаймиз», деди у журналистларга уришаётган томонлар ўртасидаги ўзаро даъволар ҳақидаги миш-мишлар фонида.
Ўз навбатида, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда муваффақиятга эришиш учун Тел-Авивга келди. Хабар қилинишича, Блинкен сафари давомида, жумладан, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашади, сўнгра Мисрга боради.
Нетаняҳу, биринчи навбатда ҲАМАСга босим ўтказиш кераклигини яна бир бор таъкидлаган.
«ҲАМАС ўз вакилини ҳатто Доҳадаги музокараларга ҳам юбормади, шунинг учун ҳам Исроил ҳукуматига эмас, балки ҲАМАСга ва Синварга босим ўтказиш керак», деган Нетаняҳу.
Ҳафта охиригача Миср пойтахти Қоҳирада ҳам музокаралар давом эттирилиши кутилмоқда.
Россия – Украина уруши
Курск областини ҳимоя қилиш учун Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги фронтдан 5000 нафаргача ҳарбий хизматчиларни кўчириб ўтказган, бироқ Донецк областидан фақат битта бригада олиб чиқилган, деб ёзади The Wall Street Journal.
Нашр маълумотларига кўра, Россия асосий ҳужумкор кучлари тўпланган Донецк областидан фақат битта бригадани олиб чиққан, қолганлари фронтнинг унчалик муҳим бўлмаган ҳудудларидан тўпланган.
Нашр суҳбатдоши Украина Қуролли кучларини Курск областидан чиқариб юбориш учун Россияга 20 мингдан ортиқ яхши тайёрланган аскар керак бўлиши мумкин, деган фикрни илгари сурган.
Ўз навбатида, Украина ҳужумни қўллаб-қувватлаш учун Курскка 6 минггача ва Суми областига яна 4 минггача аскар юборган. WSJ манбасининг аниқлик киритишича, фронт чизиғини заифлаштирмаслик учун қўшинлар муҳим қисми захирадан чиқарилган.
Бундай ноодатий жойлашув Украина ҳужумкор кучлари атрофида «ҳимоя пуфаги» яратди. Ҳужумга Американинг Stryker зирҳли жанговар машиналари ва Германиянинг Marder пиёда жанговар машиналари билан жиҳозланган, Украинанинг энг кучли бўлинмаларидан бири бўлган 80- ва 82-десантчилар бригадалари бошчилик қилди.
Бу орада Украина қўшинлари Курск областидаги ҳужум пайтида Званное қишлоғидан ўтган Сейм дарёси устидаги стратегик аҳамиятга эга бўлган кўприкни вайрон қилган. У Россия армияси таъминоти учун катта аҳамиятга эга эди.
Россия ва мигрантлар
Россия ҳудудида мигрантлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони шиддат билан камаймоқда. Бу ҳақдаги маълумотни Россия Ички ишлар вазирлиги эълон қилган.
«2024 йилнинг ўтган 7 ойи давомида жиноятлар сони 5 фоизга камайган. Қонунбузарлик билан шуғулланган мигрантлар сони эса 3,1 фоизга озайган. Мигрантлар томонидан содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар сони 9,2 фоизга қисқарган», — деган ИИВ расмий вакили Ирина Волк.
Россияда миграцион жиноятчилик мавзуси «Крокус Сити Ҳолл» савдо марказида содир этилган терактлардан сўнг долзарблашди ва муҳокама мавзусига айланди.
Кейинроқ кенг муҳокама бўлаётган мавзуга РФ Инсон ҳуқуқлари кенгаши вакили Валерий Фадеев ва Кирилл Кабанов, шунингдек, РФ Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин қўшилган.
Июн ойида Кирилл Кабанов «эълон қилинмаган сўровнома»га кўра хорижликларни қўлига қурол олишга тайёрликда айблади. 2023 йилда у хорижликларнинг 40 фоизи жиноятга мойил деган бўлса, бу йил ҳартугул рақамларни камайтирди – 26 фоиз.
Миграцион жиноятчилик ўсиб бораётганини Александр Бастрикин ҳам дам-бадам эслатиб туради. Июл ойи ўрталарида Тергов қўмитаси раиси 2024 йилнинг биринчи ярмида мигрантлар томонидан содир этилган «экстремистик жиноятлар» сони 55 фоизга ўсганини таъкидлаган эди.
Қайд қилиш керакки, Фадеев, Кабанов ва Бастрикин келтираётган рақамлар расмий маълумотларга зид. Агар Бастрикин хорижликларни нопропорционал юқори жиноятчиликда айблаган бўлса, РФ ИИВ маълумотларига кўра, мигрантлар умумий массадаги жиноятларнинг 4 фоизини содир этади, бу эса уларнинг Россия аҳолиси сонидаги улушига мос.
Масалан, 2022 йилда Москва шаҳрида мигрантлар 7372 та жиноят содир этган ва бу пойтахтдаги жиноятларнинг 5 фоизини ташкил этади. Ҳолбуки, Москвадаги мигрантлар улуши аҳоли сонининг 12,7 фоизига тенг.
Боз устига, мигрантлар содир этаётган жиноятларнинг аксарият қисми ўзлари каби мигрантларга қарши қаратилган. Яъни жиноятлар мигрантлар ҳамжамияти чегарасидан чиқмайди ва кўпинча маиший характерга эга.
Бу орада Москвада Россия фуқаролигини қабул қилган мигрантларга урушга чақирув қоғози тақдим этиш бошланган. Ҳарбий суриштирувчилар полиция билан бирга рейд ўтказиб, яқинда Россия фуқаролигини қабул қилган ўнлаб мигрантларга ҳарбий ҳисобда туриш учун чақирув қоғози тақдим этган.
Аввалроқ Россия Давлат думаси Россия фуқаролигини кейинчалик қўлга киритган хорижликлар учун армияда хизмат қилиш муддатини икки йилгача узайтириш ва улар учун чақирув ёшини 27 ёшдан оширишни режалаштираётгани хабар қилинган эди.
Африкадаги хавфли вирус
Бир ҳафта ичида Африка мамлакатларида 1200 киши mpox вируси билан касалланган. Европа Иттифоқида ҳам вирус тарқалиш хавфи даражаси ошди.
Маймун сувчечаги деб ҳам аталадиган mpox вируси инфекцияси Африка мамлакатларида тез тарқалмоқда. 17 август куни эълон қилинган Африка Иттифоқи Соғлиқни сақлаш агентлиги маълумотларига кўра, биргина ўтган ҳафтада 1200 янги гумон қилинган ёки тасдиқланган ҳолатда учта mpox кичик тури, шу жумладан хавфли Clade 1b варианти қайд этилган.
Идоранинг таъкидлашича, йил бошидан буён Африка Иттифоқининг 13 давлатида жами 18 минг 737 та инфекция ҳолати қайд этилган ва 541 киши вафот этган.
Касалликлар олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази касалланиш ҳолатлари «паст»дан «ўртача»гача бўлган ҳудудларда аҳоли ва саёҳатчилар учун mpox вируси инфекцияси (илгари маймунчечак деб аталган) хавфини оширди.
«Европа ва Африка ўртасидаги яқин алоқалар туфайли биз вируснинг Clade 1 штамми билан инфекциянинг янги импорт ҳолатларига тайёр бўлишимиз керак», дея идора бошлиғи Памела Ренди Вагнернинг сўзларидан иқтибос келтирди Reuters.
Мавзуга оид

13:55 / 17.04.2025
Инсонпарварлик ёрдамисиз қолган Ғазо, урушдан миллиардларни ишлаётган КХДР ва сулҳ имзолашга тайёр Арманистон — кун дайжести

13:28 / 16.04.2025
Ғазода тинчликка янги умид, Туркия таъсиридан хавотирга тушган Исроил ва Трампдан Путинга сўнгги муҳлат — кун дайжести

13:45 / 15.04.2025
Ғазодаги стратегияни ўзгартираётган Исроил, яна Зеленскийни айблаган Трамп ва АҚШдан божларни бекор қилишни сўраган Хитой — кун дайжести

13:23 / 14.04.2025