Жаҳон | 13:25 / 16.08.2024
5639
9 дақиқада ўқилади

Фаластин раисининг Туркиядаги нутқи, Британияда аксилисроил босимлар ва Россияда қулаган ҳарбий самолёт — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фаластин раисининг Туркиядаги нутқи

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Россияга қилган ташрифидан сўнг Туркияга борди. У президент Ражаб Тоййиб Эрдўған билан ҳам учрашди ва Туркия парламентида чиқиш қилди.

«Бизда бошқа ечим қолмади. Шу муносабат билан мен ва Фаластин маъмуриятининг барча аъзолари Ғазога боришга қарор қилдик ва биз буни амалга оширамиз», деди Фаластин президенти.

Маҳмуд Аббос Туркиянинг Фаластин халқи қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги позициясини ва инсонпарварлик ёрдамларини юксак қадрлашини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, Фаластин халқи ўз ерларини озод қилиш учун курашдан воз кечмайди.

“Фаластинликлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этади ва ўз ерини ташлаб кетмайди. Фаластин халқи босқинчиларни ўз еридан албатта қувиб чиқаради. Халқимиз нафақат Фаластинни ҳимоя қилади, балки бутун минтақада ҳукмронлик қилмоқчи бўлган сионистик ҳаракатдан Ислом умматини ҳимоя қилишда олдинги сафда туради”, деди Маҳмуд Аббос.

Фаластин президенти халқаро ҳамжамият Исроил томонидан ҳар куни амалга оширилаётган қирғинларга сукут сақлаётганидан ҳайронлигини изҳор этди.

“Тинчлик ва хавфсизлик сари йўл Фаластиндан бошланиб, Фаластин билан тугайди», деди Фаластин раҳбари.

Маҳмуд Аббос Фаластиндаги барча сиёсий кучларни бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.

«Бизнинг ҳаётимиз Ғазо секторидаги ҳар қандай боланинг ҳаётидан қимматли эмас. Босқинчилар мағлуб бўлишга маҳкум. Фаластин озод бўлади. Президент Эрдўған ва турк халқига Фаластинни қўллаб-қувватлаганлиги учун миннатдорлик билдираман», деди Аббос нутқи охирида ва гулдурос қарсаклар билан қарши олинди.

Бу орада Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони 40 мингдан ошди. Урушнинг 314-кунига келиб Исроил зулми қурбонлари 40 минг 5 кишига етган. 92 минг 294 киши яраланган. Сўнгги сутка ичида 40 киши ҳалок бўлган, 107 киши ярадор қилинган.

Британиядаги аксилисроил босимлар

Исроилнинг Ғазо секторида агрессияси бошланганидан бери Британия ҳукумати жуда катта жамоатчилик босимига дуч келди. Британия ҳукуматидан Исроилга қурол экспортини тўхтатиш талаб қилинмоқда.

Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми X ижтимоий тармоғи орқали баёнот эълон қилди ва Исроилнинг яқинда мажбуран кўчирилган фаластинликлар бошпанасига уюштирган зарбасини қоралади.

Бироқ унинг бу пости фойдаланувчилар танқидига сабаб бўлди. Улар вазирга Лондоннинг Исроил давом этаётган ваҳшийликларида ҳам дипломатик яширин йўл билан, ҳам қурол етказиб бериш орқали иштирок этганини эслатишди.

Худди шундай реакцияга бош вазир Кир Стармернинг Британия, Франция ва Германиянинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни қўллаб-қувватловчи қўшма баёнотини эълон қилиши сабаб бўлди.

Британия Исроилга асосий қурол етказиб берувчи бўлиб қолмоқда. Британия мудофаа саноатининг бу мамлакатга экспорти сўнгги бир неча йил ичида юзлаб миллион долларни ташкил этди.

Исроилнинг Ғазо секторидаги агрессияси бошланганидан бери Британия ҳукумати Исроилга қурол сотишни тўхтатиш бўйича мамлакатда катта жамоатчилик босимига дуч келмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва ҳуқуқшунос олимлар Британия ҳукуматидан ўз позициясини аниқлаштиришни талаб қилмоқда. Таъкидланишича, расмий Лондон хатти-ҳаракатлари унинг ўт очишни тўхтатишни қўллаб-қувватловчи баёнотларига зид келади ва Исроил урушига шерикликда айблаш учун асос яратади.

«Британия ҳукумати Исроилни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирувчи қуруқ баёнотлар беришда давом этмоқда», деди Фаластинликлар учун халқаро адолат маркази (ICJP) ҳуқуқшуноси Закий Сарроф.

Унинг сўзларига кўра, Исроилга зудлик билан қурол-яроғ эмбаргоси жорий этмаслиги «Британия ўз иттифоқчиси томонидан содир этилган ҳарбий жиноятларга ёрдам беришдан афсусланмайди», деган маънони англатади.

Украинанинг Россияга ҳужуми

Украина армиясининг ҳужуми давом этаётган Россиянинг Курск областида ҳарбий комендатура ташкил этилди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский Олий бош қўмондонлик штабининг йиғилишида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, комендатура «ҳуқуқ-тартиботни, маҳаллий аҳолининг барча эҳтиёжларини таъминлаши керак». Унга генерал-майор Эдуард Москалёв раҳбар этиб тайинланди.

Сирскийга кўра, 15 августда Украина Қуролли кучлари Курск областида турли йўналишларда 500 метрдан 1,5 километргача бўлган масофада олдинга силжиган ва ҳозирда 1150 квадрат километр майдондаги 82 аҳоли пункти Украина армияси назорати остида. Умуман олганда, операция бошланганидан бери Украина Қуролли кучлари Курск ҳудудига 35 километр масофага кирган.

Курскка ҳужум қилиш мақсадида Донецк областидаги позицияда жойлашган бўлинмаларнинг олиниши Украина мудофаасини заифлаштирмоқда.

Россия армияси Донбассда босимни кучайтирди ва бир нечта аҳоли пунктини эгаллаб олди. Куркс операциясининг муваффақиятига аскарлар етмаслиги сабаб қийналаётган фронтнинг бошқа нуқталаридаги муаммолар соя солмоқда.

Россия қўшинлари ўтган кунлар мобайнида Желанне ва Орливка қишлоқларини эгаллади, шунингдек, Нью-Йорк, Миколайивка, Журавка ва Красноҳоривка аҳоли пунктлари томон силжиди. Ушбу аҳоли пунктлари апрель ойидан бери рус бўлинмалари ҳужум қилиб келаётган Торецк ва Покровск шаҳарлари ўртасида жойлашган.

15 август куни Россия Мудофаа вазирлиги Иванивка қишлоғи назорат остига олинганини маълум қилди. У Покровск шаҳарчасидан 16 километр узоқликда жойлашган. Украина қуролли кучларининг йирик таъминот маркази шу ерда жойлашгани боис, ушбу шаҳарча стратегик аҳамиятга эга.

Шимолий оқим”даги қўпорувчилик

Украина президенти Володимир Зеленский “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим–2” газ ҳайдаш қувурларини портлатиш режасини шахсан маъқуллаган, деб ёзмоқда The Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб.

Зеленский аввалига режани маъқуллаган, деган режадан хабардор офицер ва яна уч киши. Кейинроқ АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси режадан хабар топиб, Зеленскийдан уни бекор қилишни сўраган ва Украина президенти операцияни тўхташ тўғрисида буйруқ берган. Бироқ Украина қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Валерий Залужний унга қулоқ солмаган, дейилади нашр материалида.

WSJ билан суҳбатда айни дамда Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси бўлиб ишлаётган Валерий Залужний операция ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтган.

Нашрнинг қайд этишича, газ ҳайдаш қувурини портлатиш украиналик мулозимлар томонидан 2022 йилнинг майида оғзаки муҳокама қилинган.

14 август куни Германиянинг бир қатор нашрлари газ ҳайдаш қувурларини портлатиш иши бўйича ҳибсга олиш учун ордер берилганини хабар берган. Жумладан, бу ишга алоқадорликда Украинанинг уч фуқароси ва бир нафар аёл ҳам гумон қилинмоқда. Улар дайверлар сифатида қувурларга портловчи моддалар ёпиштириб чиққан бўлишлари мумкин.

WSJ маълумотларига кўра, режани яхтада йўлга чиққан бир неча дайверлар амалга ошириши керак бўлган. Вазият шунчаки денгизда сайрдек кўриниши учун яхтада ҳаттоки аёл киши бўлган. Қўпорувчиликни амалга оширишда ҳомийлик қилишга украиналик ишбилармонлар ҳам жалб қилиниши лозим бўлган.

Бутун операция 300 минг долларга тушган, деб ёзади WSJ. Ғаввослар жуфт-жуфт бўлиб ишлашган ва денгиз тубидаги қувурга октоген моддали портловчи қурилма жойлаштиришган. Германия полицияси кейинроқ яхтада портловчи модда қолдиқлари, бармоқ излари ва ДНК намуналарини топган.

Россияда ҳарбий самолёт қулади

Россияда Ту-22М стратегик бомбардимончи самолёти ҳалокатга учради. Ҳалокатга техник носозлик сабаб бўлгани, тўрт нафар экипаж тирик қолгани таъкидланмоқда.

Ҳалокат Россиянинг Иркутск вилоятида рўй берган. Қайд этилишича, бомбардимончи самолёт Усолский туманидаги Белая авиабазаси аэродромидан ҳавога кўтарилган. Сўнгра, Черемхово туманида ерга қулаган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, самолёт қулашдан аввал ҳавода ёниб кетган.

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, самолёт экипажи катапулта қилишга улгурган. Улар 4 нафар бўлгани ва тирик қолгани айтилмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги режали парвозни амалга ошираётган самолёт ҳалокатга учраганини ва «экипаж тирик» эканини тасдиқлади. Ту-22М техник носозлик туфайли қулаб тушгани таъкидланмоқда.

Мавзуга оид