Жаҳон | 17:25 / 09.08.2024
19817
4 дақиқада ўқилади

Россия ракетаси Константиновкадаги супермаркетга келиб тушди

10 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар яраланган.

Фото: Андрій Єрмак

Россия қўшини 9 август куни соат 11:05 да Донецк области Краматорск райони Константиновка шаҳрига ракета зарбаси йўллади. Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкинга кўра, россиялик ҳарбийлар «шаҳарга Х-38 ракетаси билан авиазарба йўллаган ва супермаркетни аниқ нишонга олган». Аввалига Филашкин шаҳар стволли артиллериядан ўққа тутилганини айтганди. Украин нашрларига кўра, зарба «Экомаркет» дўконига келиб тушган. Бош прокурор офиси аниқлик киритишича, бу озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотлари дўконларини ўз ичига олган савдо маркази бўлган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Константиновкага зарба оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, дея хабар берган Украина бош прокурори офиси. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизматига кўра, яраланганлар сони 44 нафарни ташкил этмоқда.

Зарба оқибатида савдо марказида йирик ёнғин юзага келган. Соат 13:50 да Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко қутқарувчилар минг квадрат метр майдонаги ёнғинни ўчиришгани ҳақида хабар қилганди. Зарба туфайли супермаркетдан ташқари тўртта хусусий уй, тўққизта дўкон, автомойка, «Новая почта» терминали, савдо павилёнлари ва 12 та автомобил шикастланган.

«Новая почта» хабар беришича, «россияликларнинг савдо марказини мўлжаллаб берган зарбаси оқибатида» компания бўлими бутунлай вайрон бўлган. Ходимлардан бирида контузия кузатилган. Дастлабки маълумотларга кўра, жўнатмаларнинг бир қисми бутун қолган.

Константиновкада қутқарув амалиёти давом этмоқда.

Украина ҳукумати Россия қўшинини террор амалга оширишда айблаган. Украина президенти Володимир Зеленский «россиялик террорчилар» «оддий супермаркет ва почта»га зарба берганини айтган: «Россия бу террор учун жавоб беради ва биз дунё келгусида ҳам Украина билан бўлиши, бизнинг ҳимояланишимизга кўмак бериши ва одамларимиз ҳаётини сақлаб қолиши учун барча ишни қиламиз».

Шунга ўхшаш фикрни Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ҳам айтиб ўтган. «Константиновкада супермаркет бўйлаб зарба — россияликларнинг навбатдаги террори. Оддий фуқаролар билан уришиш — бу улар биладиган ягона иш», — деган Ермак. Украина бош вазири Денис Шмигал ҳам Константиновкага ҳужум юзасидан муносабатида россиялик ҳарбийларни «террорчилар» деб атаган.

Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин Россия қўшини «одамлар тўпланиб турган жойга навбатдаги марта қасддан зарба бергани»ни таъкидлаган. «Россияликлардан навбатдаги террор акти», — дея қўшимча қилган у.

«Экомаркет» компанияси вакили ҳам Константиновкадаги дўконига зарба юзасидан изоҳида шунга ўхшаш сўзларни айтган. «Фожиа куппа-кундузи рўй берди, шу туфайли россияликлар билиб турган ҳолда айнан тинч аҳоли вакилларини нишонга олган. Ахир дўконлар — одамлар озиқ-овқат учун келадиган фуқаролик объектлари. Бу зарбада ҳеч қандай ҳарбий мантиқ йўқ — фақат терроризм», — дейилади компания баёнотида.

Украина омбудсмени Дмитро Лубинец ҳам супермаркет — «кўплаб тинч аҳоли вакиллари тўпланадиган фуқаролик объекти» бўлишини ва Россия кучлари «инсон ҳуқуқларини кенг миқёсда ва тизимли равишда бузаётгани»ни таъкидлаган.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти