Украина Қримда «Ростов-на-Дону» сувости кемаси йўқ қилинганини тасдиқлади
«Ростов-на-Дону» сувости кемаси таъмирланаётган Севастополда йўқ қилинди, деб хабар берди Украина Қуролли кучлари Бош штаби.

Фото: Alexander Galperin/Sputnik/dpa/picture alliance
Украина қуролли кучлари Севастопол ҳудудидаги Килен-бухтада жойлашган Россиянинг Б-237 «Ростов-на-Дону» сувости кемасини йўқ қилди. Украина Қуролли кучлари Бош штаби 3 август куни ижтимоий тармоқларда сувости кемасига муваффақиятли зарба берилганини тасдиқловчи хабарни жойлаштирди.
Идора баёнотига кўра, Украина ракета кучлари 2 августга ўтар кечаси Қримдаги Россия Федерациясининг ҳарбий объектларига зарбалар берди. «Севастопол портида Россия Қора денгиз флотининг «Ростов-на-Дону» сувости кемаси муваффақиятли урилди, зарба натижасида у воқеа жойида чўкиб кетди», - дея хабар берди Украина Қуролли кучлари Бош штаби.
Бош штаб маълумотларига кўра, ўша тунда Украина ракета қўшинлари Қримда жойлашган С-400 «Триумф» зенит-ракета комплексининг 4 та учирувчи қурилмасига «жиддий зарар етказган».
Россия Мудофаа вазирлиги «Ростов-на-Дону»га ҳужум ҳақида хабар бермади
Севастополга ракета ҳужумлари уюштирилгани ҳақидаги хабарлар 2 августга ўтар кечаси Қримнинг бир қатор Telegram-каналларида пайдо бўлди. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, ҳужумдан кейин Килен-бухтада Россия кема таъмирлаш заводи ҳудудида тутун пайдо бўлган. Кейинчалик оммавий ахборот воситаларида сувости кемасини таъмирлаш билан боғлиқ шикастланган тузилмалар кўрсатилган сунъий йўлдош тасвирлари эълон қилинди.
2 август кунги ҳужумни Севастопол «губернатори» Михаил Развожаев тасдиқлади. Шаҳардаги объектлар, жумладан, АҚШ томонидан Украинага етказиб берилган ATACMS ракеталари билан ўққа тутилган, деди расмий. Бироқ, Развожаев қандайдир объектга зарар етказилгани ҳақида хабар қилмади ва ҳужумни «қайтарилган» деб атади.
Ўз навбатида, Украина Қуролли кучларининг ҳужумлари доимий тарзда «қайтарилгани» ҳақида хабар берадиган Россия Мудофаа вазирлиги 2 август куни Қримдаги нишонларга зарбалар ҳақида ҳеч қандай маълумот тақдим этмади. Идора фақат кечга бориб Курск области ва Краснодар ўлкаси устидан уриб туширилган учувчисиз учоқлар ҳақида маълум қилди.
«Ростов-на-Дону» сувости кемаси «Калибр» ракеталарини учириши мумкин ва 300 млн долларга баҳоланади
Тахминларга кўра, чўкиб кетган сувости кемаси НАТО таснифига кўра «Кило» синфидаги кемаларга тегишли. Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, бу Россия Қуролли кучларининг тўртта сувости кемаларидан бири бўлиб, улар уруш пайтида Украинани оммавий ўққа тутиш учун ҳам қўлланган «Калибр» ракеталаридан фойдаланиши мумкин. Бунгача Россия Федерацияси Сурияда «Ростов-на-Дону»дан фойдаланган.
Ушбу турдаги сувости кемасининг нархи 300 миллион долларга баҳоланмоқда.
Йўқ қилиш вақтида сувости кемаси 2023 йил 13 сентябрда Украина Қуролли кучлари томонидан уюштирилган ҳужум пайтида шикастланганидан кейин таъмирланаётган эди.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби ўз хабарида таъкидланишича, сувости кемаси йўқ қилиниши «Россия флоти учун Қора денгизнинг Украина ҳудудий сувларида хавфсиз жой йўқлигини яна бир бор исботлайди». Аввалроқ Украина томони Россия Федерацияси Қора денгиз флоти кемаларининг муҳим қисмини Украинадан узоқроқдаги позицияларга олиб чиқиб кетганини даъво қилган эди.
Мавзуга оид

19:28 / 11.04.2025
Россиянинг Украинадаги янги юриши: у қачон ва қаерда бошланади?

09:43 / 11.04.2025
Зеленский Россияга қарши «кучли санкциялар пакетлари»ни анонс қилди

05:20 / 11.04.2025
Путин президент экан ҳарбий жиноятлар учун сиртдан суд қилинмайди — Euronews

20:36 / 10.04.2025