Россиянинг Украинадаги янги юриши: у қачон ва қаерда бошланади?
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийнинг сўзларига кўра, Россия армиясининг Украинадаги баҳорги-ёзги ҳужум кампанияси «амалда бошланган». Россия ҳарбийлари Суми ва Харкив йўналишларида фаолликни оширган.

Фото: Reuters
Россия ҳарбийлари томонидан янги ҳужумга тайёргарликнинг дастлабки белгилари қиш охирида сезила бошлаганди.
Донбассда эса россиялик ҳарбийларнинг фаоллиги сусайган, Украина қуролли кучлари баъзи участкаларда ҳатто қарши ҳужумлар уюштиришга муваффақ бўлган.
Буларнинг бари Россия қўшинлари тин олиб, навбатдаги катта мақсад учун куч тўплаётганини кўрсатади.
Русларнинг янги ҳужуми бошланиши
Март ойи охирида Володимир Зеленский Россия ҳарбийлари янги ҳужумга тайёргарлик кўраётганини айтганди. Гап, биринчи навбатда Украинанинг шарқий областлари ҳақида кетганди, гўёки Россия армияси 2025 йил ёзида мазкур ҳудудда яна ҳужумга ўтишни режалаштирган.
«Путин вақтдан ютишга ҳаракат қилмоқда ва баҳорги ҳужумга тайёрланмоқда. Биз бу операцияга тайёргарлик кўрилаётганини кўриб турибмиз ва ўз разведка маълумотларимизни иттифоқчилар билан баҳам кўрдик. Вазиятга катта очилган кўз билан қараш керак. Путин янги ҳужумга тайёрланмоқда, хусусан, Суми ва Харкив областларида», – деганди Зеленский Le Figaro нашрига.
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский бу маълумотни тасдиқлаб, LB.ua нашрида 9 апрел куни чиққан интервюсида ушбу ҳужум «амалда бошланиб кетгани»ни таъкидлади.
Украина бош штаби раҳбариятидаги манбанинг BBC Украина хизматига тушунтиришича, март ойи охиридан бери фронтнинг барча участкаларида ҳарбий тўқнашувлар сони ортгани Россия операцияси бошланганидан далолат бериши мумкин.
Россияликларнинг ҳужумкор ҳаракатлари сони икки баравардан кўпроққа ошган ва йил бошидан бери энг юқори кўрсаткичга чиққан. Агар март ойи бошида кунига юзга яқин тўқнашув кузатилган бўлса, ой охирига келиб кунига 200 дан ортиқ тўқнашувлар қайд этила бошлаган.
Апрел ойида эса ўртача кўрсаткич 150-160 даражасида сақланиб қолди.

Бош штабдаги суҳбатдошнинг ҳисоблашича, «Россия юришидаги кескинлашув» тахминан май охири, июн бошида рўй бериши мумкин.
Украина президенти офиси раҳбарининг ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатчиси, полковник Павел Палиса апрел ойи бошида журналистлар билан мулоқот чоғида Россия қўмондонлиги «ҳарбий ҳаракатларни фаоллаштиришга тайёрланаётгани»ни айтганди.
«Россия гуруҳини тайёрлаш ва бир неча йўналишда ҳарбий ҳаракатларни фаоллаштириш белгилари кузатилмоқда. Албатта, россияликларда ресурслар бор. Аммо улар сезиларли ютуқларга, айниқса, тезкор даражага эришиш учун етарлими – бунисига шубҳам бор», – деди у.
Россиянинг қандай мақсадлари бор?
Россия ҳарбий раҳбарияти ҳозир қандай мақсадларни кўзламоқда?
Шубҳасиз, Россия армияси 2024 йилда яқинлаша олган Донецк областидаги шаҳарлар агломерацияси устувор йўналишлар бўлиб қолмоқда. Булар Покровск-Мирноград ва Краматорск-Словянск-Константиновка агломерацияларидир, деб таъкидлайди BBC Украина хизматининг бош штабдаги суҳбатдоши.
Биринчисига келсак, Россия армияси Покровск чеккасидан 4-5 км масофада турибди. Украина ҳарбийлари бир неча қарши ҳужумлар уюштириб, Шевченко-Песчане-Котлино қишлоқлари чегарасида россияликларни тўхтатишга муваффақ бўлди. Бу Россия ҳарбий раҳбариятининг шаҳарни ярим ҳалқага олиш режаларини барбод қилди, аммо рус ҳарбийлари суръатни пасайтирмаяпти ва Украина қуролли кучлари мудофаасида бўшлиқ топишга ҳаракат қилмоқда.
Краматорск-Словянск-Константиновка агломерациясига келсак, бу ҳудуд учун жангларни бошлаш учун россияликлар қўшни аҳоли пунктлари – Часив Яр ва Торецкни босиб олиш жараёнини якунлаши талаб этилади.
Ҳозирда эса руслар уларнинг ҳеч бирини тўлиқ назорат қилишга яқин эмас, шаҳар ичкарисида кўча жанглари давом этмоқда. Россия позицияларини Константиновка чеккаларидан 8-10 км масофа ажратиб турибди.
Бироқ Россия томонидан баҳорги-ёзги ҳужум кампанияси бошланиши фронтнинг шимолий қисмида аллақачон сезилмоқда.
Апрел ойи бошида россияликлар Украина мудофаасини Лиман йўналишида «ёриб ўтиш»га муваффақ бўлди.
Бу ерда 2024 йил охирида Россия ҳарбийлари Жеребец дарёсининг ғарбий соҳилида кичик плацдарм яратган, ҳозир эса уни кенгайтириб, бир вақтнинг ўзида жанубда – Лиманга, ғарбда – Оскол дарёси ҳамда унинг соҳилидаги Боровая шаҳарчасига ҳужум қилмоқда.
Агар россияликлар бу мақсадларга эриша олса, унда Украина мудофааси қийин аҳволга тушиб қолади, чунки Серебрянский ўрмони, Северск ва Словянск яқинидаги фронт участкасининг логистикасига путур етади.
Донбасс жануби ва Запорижжя областида Россия ҳужуми ҳозирча тактик мақсадларни кўзламоқда. Котляровка-Троицке қишлоқлари ҳудудида (Покровскдан 20 км жанубда) Россия армияси Донецк областининг маъмурий чегараларига ёриб ўтиш ва эҳтимол Днипропетровск области ҳудудига кириш учун Украина мудофаа чизиғига ҳужум қилмоқда.
Бу ерда энг яқин нишон Украина қуролли кучларининг Новопавловка посёлкасидаги логистика маркази бўлиши мумкин. Унгача Россия қўшинлари тахминан 15 км масофани босиб ўтиши керак.
Янада жануброқдаги россияликлар Донецк – Запорижжя трассасига таянадиган мудофаа кучлари логистикасини кесиб ташламоқчи. Бу ерда Богатир ва Комар қишлоқлари хавф остида.
Агар улар эгаллаб олинса, Украина қўшинлари 20 км ғарбга, Днипропетровск области чегараларига, Соленая ва Мокрие Яли дарёлари чизиғига чекиниши керак бўлади.
Запорижжя жанубида ҳам ҳужумлар сони кўпайди. Бу жонланиш ҳозирча област марказига таҳдид солмайди.
Айни босқичда Россия армияси Украина қуролли кучларининг Орихив ва Каменск мудофаа тугунларини боғловчи логистикасини мураккаблаштириш учун атрофдаги баландликларни эгаллашга уринмоқда.
Суми ва Харкив учун хавф борми?
Украина президенти ва Украина қуролли кучлари бош қўмондони Россия ҳарбий раҳбариятининг Суми ва Харкив областлари бўйича тажовузкор режаларини қайд этган.
Чиндан ҳам, феврал ойи охиридан бошлаб рус қўшинлари Курск йўналишида ўз ҳужумларини ривожлантириб, давлат чегараси чизиғини кесиб ўтишга ва Суми области ҳудудидаги қишлоқларда жанг қилишгача етиб келди.
Ҳозирда Басовка, Новенкое, Журавка ва Веселовка қишлоқлари ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмоқда, яъни Россия армияси Суми шимолидаги фронт бўйлаб 25 км кенгликда, 7 км чуқурликда (максимал нуқтада) кириб келган.
Россия мудофаа вазирлиги 6 апрел куни Басовкани назорат остига олганини маълум қилди, Украина ҳукумати буни рад этиб, қишлоқ ҳеч қайси томон назорат қилмаётган «кулранг зона»да қолаётганини айтмоқда.
BBC Украина хизмати маълумотларига кўра, сўнгги ҳафталарда Украина қуролли кучлари қўмондонлиги душманни тўхатиб туриш учун қўшимча бўлинмаларни ушбу йўналишга ўтказмоқда.
Бош штабдаги манбанинг айтишича, Россия ҳарбий раҳбариятининг нияти Суми областида буфер зона яратиш ва унинг марказига таҳдид қилишдир.
«Мақсадлардан бири – Сумини қуршовга олиш ёки ярим қуршов ҳолатини юзага келтириш», – деди суҳбатдош.
Айнан шунга йўл қўймаслик учун Украина қуролли кучлари ҳали ҳам Курск областидаги Олешня ва Горнал қишлоқлари яқинидаги плацдарм қолдиқларини ушлаб турибди ва 18 март куни Белгород ва Курск областлари туташган ҳудудда чекланган операция бошлади.
Бу ерда украинлар оғир жанглар билан Россия ҳарбийларини сиқиб чиқариб, Демидовка ва Поповка қишлоқлари ҳудудида плацдарм яратишга муваффақ бўлишган.
Украина расмийлари анчагача Белгород областига ёриб кирилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқламади, аммо 8 апрел кунига келиб Зеленский Россиянинг ушбу регионида ҳам «Украина ҳарбийлари тургани» ҳақида баёнот берди.
«Биз душман ҳудудидаги чегара ҳудудларида фаол ҳаракатларни давом эттирмоқдамиз ва бу мутлақо адолатли – уруш келган жойига қайтиши керак», – дея таъкидлади у видеомурожаатида.
9 апрел куни Зеленский Украина қуролли кучларининг Белгород областидаги ҳужуми – Россиянинг Суми ва Харкив областларига ҳужум қилиш учун ягона ҳужум гуруҳини шакллантириш режаларини барбод қилганини айтди.
«Бизнинг жангчиларимиз томонидан тегишли қадамлар қўйилди, бу эса россияликларнинг ҳужумкор „мушт“ини улар кутган кўринишда шакллантиришга имкон бермади», – деди Украина президенти.
Россиянинг Харкив областидаги ҳужумига келсак, бу ерда гап бевосита ҳудуд марказига таҳдид ҳақида кетмаяпти.
Украина қуролли кучлари раҳбариятидаги суҳбатдошнинг тушунтиришича, Россия армияси Вовчанск яқинидаги ҳаракатларини фаоллаштиришга ҳаракат қилмоқда, шунингдек, Оскол дарёсидаги бир нечта плацдармларда ўз муваффақиятини ривожлантирган.
Ўтган йил декабрида Россия армияси ушбу сув тўсиғидан Украина қуролли кучлари ушлаб турган ғарбий соҳилга ўтишга муваффақ бўлганди.
Апрел ойи ҳолатига кўра, украинлар қаршилигига қарамай, россияликлар бир вақтнинг ўзида бир нечта плацдарм яратишга ва кенгайтиришга муваффақ бўлишди – Топол, Двуречная, Каменка, Новомлинск қишлоқлари яқинида.
Агар Россия ҳарбийлари дарёнинг бу соҳилида эгаллаб олган ҳудудларини бирлаштириб, зирҳли техникаларни дарёдан ўтказишга муваффақ бўлса, Украина қўмондонлиги Купанск яқинида ҳам, ундан шимолроқда – Харкив ва Белгород областлари чегараси чизиғи бўйлаб ҳам мудофаа инқирозига дуч келиши мумкин.
Ҳозирча украиналик ҳимоячилар душманнинг бу режаларига қарши туришга ҳаракат қилмоқда.
Россияликларда қандай ресурслар бор?
Ҳарбий экспертлар Россиянинг Суми ва Харкив областларидаги операциялари бошланишини таҳлил қилиб, уларда иштирок этиш учун жалб қилинган ресурслар чекланган миқдорда эканини таъкидламоқда.
Хусусан, Украина қуролли кучлари захира полковниги, «Ахборий қаршилик» гуруҳи шарҳловчиси Константин Машовецнинг таъкидлашича, Курск областидаги операциялар учун Россиянинг «Север» қўшинлари гуруҳи қўмондонлиги 62-65 мингга яқин ҳарбийни жалб қилган. Эксперт фикрича, булар асосан ҳаво-десант қўшинлари ва денгиз пиёдалари бўлинмалари, шунингдек, Шимолий Корея жангчиларидан иборат тўрттагача бригададир.
BBC Украина хизматининг Украина бош штабидаги манбаларига кўра, КХДР ҳарбийлари ҳозирча Украина чегарасини кесиб ўтмаган.
Машовецнинг фикрича, бундай сон ва таркибда Россия гуруҳи Суми областида фақат «чекланган миқёсдаги ҳужум операцияси»ни амалга ошириши, яъни буфер зона яратиш учун фронт бўйлаб 10 км ичкарига ва 30 км кенгликкача ҳаракатланиши мумкин.
«Бироқ, унинг Украина қуролли кучларининг ушбу йўналишдаги тайёрланган мудофаасини (ҳатто унинг биринчи чизиғини) оператив-тактик чуқурликда ёриб ўтиш, айниқса, Суми шаҳрига кириб бориш қобилияти шахсан менда ҳозир етарлича шубҳа уйғотади», – дейди эксперт.
Бироқ, унинг қўшимча қилишича, бундай сценарий назарий жиҳатдан имкон доирасидан ташқарида эмас. Бунинг учун Россия гуруҳи жиддий равишда кучайтирилиши керак бўлади.
Россияда бундай захиралар ёзнинг ўрталаридан олдин пайдо бўлмаслиги мумкин – фақат уларни жойлаштириш муаммосиз кечиши ва бошқа йўналишлардаги ҳужум ҳаракатлари кўлами минимал бўлиши шарти билан.

Бундай вазиятда ҳарбий таҳлилчи Россиянинг Суми областидаги ҳужумининг эҳтимолий нишонлари «буфер зона»ни ушлаб туриш учун муҳим бўлган бир нечта объектлар деб ҳисоблайди.
Булар Юнаковка ва Храповшчина қишлоқлари ўртасидаги тепаликлар, Сумининг шимоли-шарқидаги Радковкадан Могрицагача чўзилган ўрмон массиви ва чегарадаги Псел дарёси қирғоғи.
Захираларга келсак, Украина расмийлари Россия ҳарбий раҳбариятининг бу йил 15 та дивизия ташкил этиш ва гуруҳни яна 140-150 минг кишига кўпайтириш режалари ҳақида гапирмоқда. Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Палисанинг таъкидлашича, россияликларда ҳозирча шахсий таркибни жалб қилиш билан боғлиқ муаммолар йўқ.
Бугунги кунда Украинада 623 минг россиялик ҳарбий бор, деган бош қўмондон Сирский.
Украина нима қилади?
Украина қуролли кучлари раҳбариятидаги суҳбатдошнинг айтишича, мамлакат «шунга ўхшаш ҳаракат қилиш»га, яъни одамларни тўплаш ва ҳарбий бўлинмаларни кучайтиришга мажбур.

Унинг фикрича, Кремлнинг сулҳга тайёрлиги ҳақидаги баёнотлари – ҳужумга тайёргарликни яшириш учун манипуляция ҳисобланади.
Владимир Путиннинг сўзлари ҳам буни қисман тасдиқлайди. Украинадаги вазиятни «тинч йўл билан ҳал қилиш»га тайёрлиги ҳақидаги олдинги баёнотларига қарамай, 27 март куни у очиқчасига душманни «таслим қилиш» истиқболи ҳақида гапирди.
«Бутун ҳарбий тўқнашув чизиғи бўйлаб қўшинларимиз стратегик ташаббусга эга. Мен яқиндагина „биз уларни сиқиб қўямиз“ деган эдим, биз уларни таслим қиламиз деб ўйлашга асос бор», - деганди ўшанда Путин.
Москва ҳақиқатан ҳам бундай зарба учун етарлича тайёрланган захираларга эгами ёки қандайдир сабабларга кўра Украина мудофаасининг қулашига умид қиляптими, бу яқин ойларда маълум бўлади.
Мавзуга оид

11:23
Россия дрони Украинадаги автобусга урилди, кўплаб қурбонлар бор

01:32
Путин Украинадаги жанговар ҳаракатларни ҳозирги фронт чизиғи бўйлаб тўхтатишни таклиф қилди — FT

22:46 / 22.04.2025
АҚШ Лондон музокараларида Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олишни таклиф қилади — WP

21:41 / 22.04.2025