Иқтисодиёт | 16:43 / 21.02.2023
23341
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ходимларнинг 28 фоизи 1 млн сўмгача маош олади 

Ўзбекистонда бюджет ва нобюджет ташкилотларда ишловчи 28 фоиз – 1,4 млн ходимнинг маоши 1 млн сўмдан камроқ. 24-25 фоиз ходимлар 1 млн сўмдан 4 млн сўмгача маош олади. 5,5 ва ундан юқори ҳақ олувчилар – 12,9 фоиз. 

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат бюджети даромадларининг 2022 йилдаги ижроси бўйича дастлабки натижаларини эълон қилди.  

Вазирлик релизида 2020-2022 йилларда бюджет ва нобюджет ташкилотлари кесимида иш ҳақи даражаси динамикаси ҳақидаги рақамлар ҳам акс этган.  

Маълумотларга кўра, бюджет ва нобюджет ташкилотларда 5 018 032 нафар ходим ишлайди. 2021 йилда бу миқдор 4 802 617 нафар бўлган.  

2022 йилда 28 фоиз – 1 404 377 млн нафар ходим 1 млн сўмгача маош олган. Рақамлар 1 млн сўмгача иш ҳақи оладиганлар ўтган йилга қараганда 3,4 фоизга камайганини кўрсатмоқда – 2021 йилда 1 058 101 млн ходим шунча маош эвазига ишлаган.

 

1,4 млн сўм ойлик олувчиларнинг катта қисми нобюджет ташкилотларида ишлайди – 1 млн нафар.  

2022 йилда 1 млн сўмдан 2 млн сўмгача ойлик олувчилар сони 1,2 млн нафарни (24,6 фоиз) ташкил қилган. Ўтган йилга қараганда 1 млн сўмдан 2 млн сўмгача ҳақ олувчилар сонида сезиларли ўзгариш бўлмаган.  

Шунингдек, 25,2 фоиз ходим 2 млн сўмдан 4 млн сўмгача маош олади. 2022 йилда 2-4 млн сўм ҳақ олувчилар бюджет ташкилотларида 655 минг нафар, нобюджет ташкилотларида эса 608 минг нафар бўлган.  

Аҳамиятлиси шундаки, рақамлар Ўзбекистондаги ходимларнинг асосий қисми – 77,8 фоизи 4 млн сўмгача маош олишини кўрсатмоқда.  

Бундан ташқари, 467 233 нафар ходим 4,5-5 млн сўм ҳақ олади. Уларнинг сони ўтган йилга нисбатан 1,3 фоизга ўсган.  

5,5 ва ундан юқори маош олувчилар 12 фоиз – 649 255 нафарни ташкил қилмоқда. Юқори ҳақ эвазига ишловчи ходимлар сони 2021 йилга қараганда 1,5 фоизга ўсган. 

Вазирликнинг маълум қилишича, 2022 йилда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди 156,9 трлн сўмга етиб, 2021 йилга нисбатан 30,7 трлн сўмга ёки 25 фоизга ошган. 

Аввалроқ, 2022 йил якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 3 млн 892 минг сўмни ташкил этгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид