Фан-техника | 19:12 / 21.12.2022
320735
13 дақиқада ўқилади

Илмий мақола нима учун ва қандай ёзилади? — хорижий университетда ишлаётган ўзбек олимидан маслаҳатлар

Хорижий нуфузли илмий журналларда мақолалар чоп этиш муаллифга, у ишлайдиган университетга ва умуман, инсониятга нима фойда келтиради? Муҳимроғи, инглиз тилида мақола қандай ёзилади? Нашр қилиш жараёни қандай кечади?

Фото: Шерзод Мўминов / Kun.uz

Шу пайтгача бир нечта илмий мақола чоп қилган, сўнгги бир йилдан ошиқ давр ичида ўз соҳасида етакчи бир илмий журнал таҳририяти аъзоси ҳисобланувчи Шерзод Мўминов Twitter’да ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.

Гарчи, соҳалар орасида фарқлар бўлса-да, у ҳуманитар фанлар, хусусан, янги тарих/шарқшунослик борасида илмий мақола қандай ёзилиши ва чоп этилиши ҳақида ўз тавсияларини берди. Бу илмий ишлар билан шуғулланаётган ёки келажакда шуғулланишни ният қилган ўқувчиларимизга қизиқ бўлади.

«Албатта, менинг билганларим ва тажрибам чегарали. Кейин, бу ёзганларим барчага бирдек тегишли ё қизиқ бўлмайди. Тредим сўнгида чоп қилинган мақолаларимга ҳавола бераман, ўқиб кўриш имконингиз бўлади», дейди Ш.Мўминов.

Содда қилиб айтганда, мақола соҳангизда яратаётган янгилигингизни ҳамкасбларингиз, маълум доирадаги мутахассислар билан илк бўлишишнинг энг мақбул йўлидир.

Бунинг бошқа йўллари ҳам бор, масалан, конференцияда маъруза қилиш. Яъни, мақола — тадқиқот натижалари билан расман бўлишиш воситаси. Асл моҳияти ҳам айнан шунда. Илм соҳаси натижаларга асосланган, нашр қилинган ишлар «маҳсулот» саналадиган, режалар белгиланадиган бўлгани сари, мақолалар тадқиқотчининг обрўси ё мавқейини белгилайдиган бўлган.

Кўпинча қоралама шаклида бўладиган конференция маърузасидан фарқли ўлароқ, мақола озми-кўпми тугалланган, сайқал берилган шаклда бўлади. Бунинг учун у бир неча «чиғириқ»дан ўтиши керак. Бу босқичлардан энг муҳими — «peer review» бўлиб, уни ўзбекчага «мутахассис баҳоси» деб ўгирса бўлар.

Нимадан бошланади?

Мутахассис баҳосигача йўл узоқ, шунинг учун бошидан бошлайлик. Айтайлик, сиз тарихчисиз ва архивлардан бир нечта янги ҳужжат топдингиз. Буларни ўзингизнинг олдинги изланишларингиз, бошқаларнинг ёзган мақола-ю китобига асослаб, ёки қиёслаб, янги сўз айта олишингизни тушундингиз.

Бу янги сўзингиз, мисол учун, тарихнинг тўлиқ тушунилмаган, ёки (сизнингча) нотўғри талқин қилинган саҳифаларига ойдинлик киритиши, ёки янги топилмалар ёрдамида олдин «А» деб ўйлаб келинган нарса аслида «B» эканини исботлай олиши мумкин. Хўш, буларни бошқаларга қандай билдирасиз?

Албатта, бунинг энг тез йўли — конференцияда маъруза қилиш. Лекин маърузангиз у қулоқдан кириб, бунисидан чиқиб кетса-чи? Агар у босма шаклда, номингиз остида чиқмаса, жиддий қабул қилинадими? Унинг устига, кимдир маърузангиздан илҳомланиб, сиздан олдин шу мавзуда чоп қилса-чи?

Рақибингиз қанча уринмасин, ҳужжатларни илк кўрган, уларни батафсил таҳлил қилган сиз бўласиз. Шу сабаб, таҳлилни китоб шаклида чиқарсангиз бўлмайдими? Бўлади, албатта. Лекин битта муаммо бор: китобни чоп қилишга йиллар керак бўлади. Оралиқ натижани эса тезда эълон қилиш керак.

Шунинг учун, мақола сиз учун — энг маъқул восита. Одатда илмий мақола узунлиги сўзда ўлчаниб, инглиз тилида 8 000–15 000 сўз атрофида бўлади. Яъни, ҳажми у қадар катта бўлмайди. Янгилигингизни шу ҳажм ичида таърифлашингиз керак бўлади. Кейин, шунчаки янгилигингиз ҳақида ёзганингиз билан иш битмайди.

Эски назария ёки ғояни қисқача эслашингиз, сизнинг янги талқинингиз ундан нимаси билан фарқ қилиши, ёки устун/янги/муҳимлигини тушунтира олишингиз керак бўлади. Бунинг учун гапни муаммодан бошлаб, сиздан олдин мавзу бўйича ёзилган ишлар — «адабиёт»ни қисқача талқин қиласиз.

Шундан сўнг, «адабиётда яхши ишлар бор, лекин улар сочган нур мавзунинг барча бурчакларини ёрита олмаган» қабилидаги гап билан ўзингиз учун ана шундай «бурчак» яратасиз. Бу бурчак — ўз соҳангиздаги сизнинг жойингиз. Унда ишингиз янгилиги, муҳимлиги, моҳиятини батафсил ёритасиз.

Бу қисм мақоланинг асосий бўлими бўлиб, киришдаги «муаммо»нинг ечими ҳам айнан шу бўлимда ёритиб берилади. Кўп соҳаларда муаммодан сўнг назария ёки услуб ҳақида бўлимлар (тарихда шарт эмас), асосий қисмдан кейин эса мисол ёки исбот бўлими бўлади. Бўлимларни мантиқан боғлаб борасиз.

Мақола якуний бўлим (Conclusion) билан тугатилади. Conclusion мақолада айтиб ўтилганларни такрорлаб, муаллифнинг асосий топилма ё ечимларини қисқа сарҳисоб қилади. Якундан сўнг фойдаланилган ишлар рўйхати (Bibliography) ва ҳаволалар (бошқа ишларга йўналмалар) келтирилади.

Иккинчи босқич

Хўш, мақолани қораладингиз, яқин ҳамкасбларингиз ёки илмий раҳбарингиз фикрини олдингиз, ўзгартишлар киритдингиз. Қўлёзмани ёзиб тугатдингиз. Аммо, бу биринчи босқич холос. Иккинчиси: ўз соҳангизга, ёки мақола мавзусига энг яқин бир нечта журнални аниқлайсиз. Қисқа рўйхат қиласиз.

Ҳозирги кунда бу журналларнинг барчасида сайт бор. У ердан қўлёзма топшириш тартиби ва шартлари билан танишасиз. Олдинлари Word файлни электрон почтадан муҳаррирга юборардик. Ҳозирда кўпчилик журналлар қўлёзмани керакли шакл ва форматга келтириб, сайтга юклашингизни сўрайди.

Қўлёзмани биринчи бошқарувчи муҳаррир (managing editor) кўради ва мавзу билан энг таниш муҳаррирга юборади. У мақолани ўқиб чиқиб, «кўриб чиқиш»га тайёр ё тайёр эмаслигига баҳо беради. Тайёр бўлса, камида иккита «кўриб чиқувчи» — баҳо берувчи мутахассис (reviewer)ни тавсия қилади.

Бошқарувчи муҳаррир муаллифнинг кимлиги бутунлай ўчирилган (ким ёзганлигини умуман аниқлаб бўлмайдиган) шаклдаги қўлёзмани мутахассисларга юборади. Иккаласи ҳам рози бўлса, «кўриб чиқиш» бошланади. Биттаси рад этса (мисол, бандлиги сабаб), ўрнига яна бошқа reviewer топилади.

Кўриб чиқувчи нима иш бажаради?

Қисқача, reviewer қўлёзмани чоп қилиш керакми, қандай камчиликлари бор, нимани ўзгартириш керак, каби саволларга жавоб беради. Бу умумий хулосалардан ташқари, баъзи (виждонли) reviewer’лар имловий хатоларгача кўрсатади, яхши маслаҳатлар беради.

Энг муҳими, кўриб чиқувчига бу иш учун ҳеч қандай ҳақ тўланмайди. Шунчаки билим, фан ва таълим учун ўз вақтимизни ва кучимизни бағишлаймиз. Муаллиф ҳам қўлёзма учун ҳақ олмайди. Лекин журналга обунани нашр қилувчилар минглаб долларга кутубхона ва университетларга сотади.

Университет ё кутубхонага аъзо бўлмаганлар эса бу мақолаларни кўчириб ололмайди ҳам. Қисқа қилиб айтганда, катта нашриётлар олимларнинг меҳнатини яхши бизнесга, текин даромад манбаига айлантириб олишган. Карьераси ва келажагини ўйлаб, олим мақола ёзади, мазасини нашрчи кўради

Олимлар нега текин мақола ёзади?

Бунинг асосий сабаби: мақола — олим меҳнатининг осон ва яққол кўзга ташланадиган маҳсули, исботига айланган. Яхши журналда мақола чиқариш — олимнинг нонини ҳалоллаб еётганининг исботи. Мансаб поғонасидан кўтарилаётганда булар жуда муҳим.

Албатта, ҳамма нарса мансаб ё обрў учун қилинмайди. Мен таниган аксарият олимлар ўз ишининг жамиятга нафи тегишига чиндан ишонади. Биз тарихчилар индамай турайлик, лекин, масалан, кимё ёки тиббиёт соҳасида тадқиқотлар одамлар ҳаётини осонлаштиради, оғриқ ва дардларни енгишга ёрдам беради.

Яна масалан, Европа ва Британия университетларидаги олимлар солиқ тўловчи ҳисобидан ойлик олади. Шу сабаб, олимлар солиқ тўловчининг болаларини ўқитиш билан бир қаторда, жамият ва умуман инсоният тараққиётига ҳисса қўшиш, жамият билим даражасини кўтаришни ўз вазифаси деб билади.

Нашр жараёни

Reviewer қўлёзма ҳақидаги хулосаси, талаб ва таклифларини расмий шаклда тақдим этади. Одатда булар муаллифга қаратилган бўлади, лекин бошқарувчи муҳаррир иккала reviewer хулосасини жамлаб, муаллифга юборади.

Хулоса 3 хил бўлиши мумкин:

1). Рад қилинсин;

2). Ўзгаришларсиз қабул қилинсин;

3). Маълум ўзгаришлар киритилгач қабул қилинсин.

Тажрибадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, 80-90 фоиз қўлёзма учинчи хулосани олади, лекин рад қилинганлар ҳам талайгина бўлади. 2-вариант жуда кам учрайди.

«Мақола рад қилинди», дегани шунча меҳнат бекорга кетганини билдирмайди, албатта. Уни жуда номдор журнал рад қилган бўлса, мақолани сал нуфузи пастроғига топшириш керак. Номдор журналнинг рад жавоби ҳам кўпинча жуда фойдали бўлади, чунки reviewerлар одатда қимматли маслаҳатлар беради.

Номдор журнал деганда, номи улуғ университет ё нашриёт томонидан босиладиган журнал маъносида эмас, маълум соҳада энг яхши тадқиқотлар чоп қилинадиган журнал назарда тутилади. Мақоланинг яхшилиги нима билан аниқланади? Бошқа мақола/китоблар унга берган ҳаволалар сони билан.

Энг яхши мақолани ҳали қўлёзмалик даврида қандай аниқлаш мумкин?

Фақат ва фақат аноним ва ниҳоятда қаттиқ «кўриб чиқиш жараёни», яъни peer review орқали. Ие, «Ока, мақола чиқаришим керегиди, ёрдамлашворин» деб бўлмас экан-да? Худди шунақа! Ҳақиқий фанда таниш-билиш кетмайди.

Ҳозирда энг етакчи журналлар йиллар, ўн йилликлар давомида холис жараён ва қаттиқ талаб орқали ўз мавқеи ва обрўсини қозонган. Аноним кўриб чиқиш «гуруч»нинг «курмак»дан тезда ажратилишини таъминлайди. «Курмак» қўлёзмалар кўриб чиқиш жараёнига ҳам етиб бормайди.

Албатта, ҳамма журнал ҳам яхши, уларнинг танлови холис, дегани эмас. Тўлиғича сунъий интеллект томонидан ёзилган мақолаларни қабул қилган журналлар ҳам бор. Журнални сотиб пул қилиш учун дуч келган нарсани босадиганлари ундан ҳам кўп. Лекин бундай журналларни ким ҳам ўқирди?

Хўжакўрсинга ёзиладиган, бошқаларнинг ишидан кўчириладиган мақолаларни ана шундай журналлардан бошқа жойда чоп қилиш имконсиз. Номига, ёки бошқа мақсадда фан билан шуғулланиш бор экан, бундай журналлар ҳам бўлиши табиий. Улар номига босилиб, диққатсиз қолаверади.

Инглиз тилида мақола чоп қилиш учун айрим амалий маслаҳатлар

Биринчи маслаҳатим: соҳангизни, ёки тор мавзуни ипидан игнасигача билинг. Бунинг учун, ўз мақолангизни ёзишдан олдин бошқалар бу ҳақда нима ёзган, пухта ўрганиб чиқинг. Ўз бурчагингизни топинг.

Кейинги муҳим маслаҳатим: инглиз тилида ёзишни машқ қилаверинг. IELTS Writingʼдан баллингиз баланд бўлиши мумкин, лекин бунинг ўзи мақола ёзиш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Ёзган нарсангизни биладиганларга кўрсатинг, маслаҳат ва танқидларни тингланг ва қўлёзмага киритинг.

Сўнгги маслаҳат: бўш келманг. Мақолани ёзиш осон бўлмайди, чоп қилиш ундан ҳам қийинроқ бўлади. Лекин яхши журналда мақола чиқариш академик карьерада ниҳоятда фойдали. Баъзи журналларда битта мақола чиқариш бутун бошли китоб ёзганга деярли тенг. Яхши мақола ёзиш — бир санъат.

Нокамтарлик бўлса-да, ўзимнинг чоп қилган иккита мақоламга ҳавола қолдираман. Буларнинг иккаласи ҳам open access, яъни кутубхона аъзолиги талаб қилинмайди. Биринчисини ўзим, иккинчисини ҳамкорликда ёзганман.

1. Совет Иттифоқи ва Хитой Халқ Республикаси ўз қўли остидаги японларга нисбатан муносабатининг қиёсий таҳлили.

2. Совуқ уруш бошланишида Совет Иттифоқидан қайтиб келган япон асирларининг тақдири ҳақида.

Муаллиф ҳақида: Шерзод Мўминов Буюк Британиянинг Шарқий Англия Университети (University of East Anglia) тарих факултетида associate professor бўлиб ишлайди. Кембриж Университетидан 2015 йилда Япония ва Шарқий Осиё тарихи ихтисослиги бўйича PhD даражасини олган.

1982 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидан «халқаро муносабатлар» йўналиши бўйича бакалавр дипломини, Англиянинг Манчестер университети ва Япониянинг Цукуба университетининг магистрлик даражаларини тамомлаган.

Унинг Eleven Winters of Discontent китоби 2022 йилнинг январ ойида Ҳарвард Университети нашриётида босмадан чиқди.

Мавзуга оид