Ўзбекистон | 14:24 / 15.10.2022
29085
6 дақиқада ўқилади

Қишдан қўрқадиган қишлоқ аёллари. Улар қандай орзулар билан яшайдилар?

У ёнғоқни пўстидан ажратганида қўли таниб бўлмас даражада ёрилганидан турмуш ўртоғидан бекитиб юради. Бунинг учун шифокорга бориш эса у учун уят. Ушбу мақолада қишлоқ аёли бўлиш пешонасига битилган опа-сингилларимиз ҳасратига қулоқ тутамиз.

Фото: Kun.uz

15 октябр – Қишлоқ аёллари куни. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2007 йилда қишлоқ аёлларининг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида махсус резолюция қабул қилинган ва мазкур сана Халқаро қишлоқ аёллари куни деб белгиланган.

Ўзбекистонда қишлоқ аёллари қандай яшаётгани, уларнинг муаммо ва ютуқлари нимада экани билан қизиқдик. Шу боисдан республикамизнинг турли вилоятларидаги қишлоқларда истиқомат қилаётган аёлларнинг фикрларини эшитдик.

Қишдан яхши чиқсак деймиз

Мадина (исмлар ўзгартирилган) 38 ёшда, Навоий вилояти:

Баҳордан то кеч кузгача вақт қандай ўтгани билинмайди бизга. Эрта баҳордан ғўза чопиқ бошланади. Ҳозир бола-чақамиз билан пахта теряпмиз, ҳарна ўзларига кийим-кечак оламиз. Пахтадан кейин ғўзапоя терамиз, чунки қишда тандир-ўчоққа ўтин қиммат бўлади. Сотиб олишга имкон йўқ. Уйни иситишга кўмир олсак ҳам катта гап. Қишда ҳаммамиз битта уйда ётамиз, кўмирни тежаб битта уй иситилади. Ёш келинлар, чақалоғи борларга қийин бўлади. Иситишни-ку амаллаймиз, чироқ ўчмаса бўлди. Йўқса болаларимиз дарс тайёрлашга қийналади.

Турмуш ўртоғим устачилик қилади. Унинг топганига ун, ёғга ўхшаган озиқ-овқат ғамлаймиз. Шунинг учун ортиқча харажатларга ўрин қолдирмасликка ҳаракат қилиб пахта теряпмиз. Яхши ниятда болаларимизни ўқитамиз деб мол-қўй қиламиз, уларгаям қишга ем-хашак сотиб оламиз, ўзимиз экканимиз етмайди барибир. Тезагини таппи қиламиз – яхши ёнади. Умуман ёқса бўладиган ҳамма нарсани йиғамиз қишга, масалан маккажўхори донини ажратгандан кейин қоладиган сўтаси, қўйларнинг тезаги қий ҳам яхши ёнади.

Болаларим ўқишини хоҳлайман. Лекин даладан чарчаб келиб зўрға овқатланишга кучлари етади холос. Қўшимча дарсларда ўқитишни жуда истаймиз, ўзимиз ўқимаганимиз учун. Қишлоқда репетиторлар анча арзон, лекин шунгаям беришга шароит йўқ ҳозирча.

Қишлоқда яшашнинг яхши томонлариям бор, ёмон тарафлариям. Ҳозир айни куз, ҳаммамиз қиш ғамидамиз. Бизнинг шаҳар аҳолисидан фарқимиз – улар каби яшаш эҳтиёжларимиздан ташқари нарсаларни, масалан саёҳат, шоппинг кабиларни ўйламаймиз. Қишдан яхши чиқсак, болаларимиз қийналмаса...Орзуларимиз шулардан иборат. Биз кўп нарсани ўзимиз кўраётган сериаллар орқали тасаввур қиламиз.

Аёллигини йўқотаётган аёллар

Нозима 27 ёшда, Тошкент вилояти (пойтахтдан пойтахт биқинидаги туманга узатилган. Қишлоқ аёлига айланганига уч йил бўляпти):

“Ҳозир 27 ёшдаман. Лекин ўзимни ёши ўтган аёллардай ҳис қиляпман. Умуман қишлоқда аёл ўзининг аёллигини йўқотаркан. Ҳозир ўзимни танимай қоляпман – дағал қўллар, ёрилган оёқларим қачон бунақа бўлди, билмайман. Ҳовлидаги катта ёнғоғимизнинг пўстини ажратганимизда қўлим таниб бўлмас даражада ёрилганидан бир неча кундан бери турмуш ўртоғимдан бекитиб юрибман. Ёриқларни қандай парвариш қилишни билмаяпман, бу масалада шифокорга боришни уят деб билишади бу ерда (Ўзи унча-мунча касалликлардаям шифокорга борилмайди одатда).

Буларни тузатса бўлади. Энг ёмони – сув муаммоси билан боғлиқ. Иссиқ сувни айтмаяпман, оддий ичимлик суви - совуқ сув танқис. Қишлоғимизда ичимлик суви йўқ. Икки-уч кунда бир сув келганда ҳамма идишларимизни тўлдириб қоламиз. Шуни кейинги сафаргача тежаб ишлатишга мажбурмиз. Баъзида шу сув учун навбатларда уришиб кетишларга гувоҳ бўламан. Алам қилади шунда – оддий эҳтиёжимиз учун ҳам шунча талашиб-тортишишга мажбурлигимиз. Бошида сув учун ҳам уришадими одам деб жуда ҳайрон бўлганман, ҳозир ўрганиб қолдим.

Қишлоқ шароити деганда фақат кўз олдимга, яшиллик, сара мевалар, кенг далалар, сигир-бузоқлар келарди. Бугун шулар ичида яшаяпман, аммо кун сайин ичимдаги норозилик кучайиб боряпти. Турмуш ўртоғим билан олийгоҳда танишиб, бир-биримизни ёқтирдик ва у ота-онамга ҳам маъқул келиб турмушга беришди. Вилоят ҳудуди бўлса-да яшаш жойлари пойтахтдан унча узоқ бўлмаганлиги учун бу ҳақида ўйламагандим. Оила аъзоларимдан ёки турмуш ўртоғимдан нолимайман, лекин яшаш шароити туфайли ич-ичимдан норози бўламан. Қайнотам ҳамма шароитни қилиб берган, лекин кир ювиш машинасини ишлатиш учун сув йўқ. Ҳар куни эримга шаҳардан уй олиш ҳақида бир хархаша қиламан.

Қишлоқ аёли бўлишни истамайман

Замира, 19 ёшда. Қашқадарё:

Мен қишлоқ аёли бўлишни истамайман. Икки йилдан бери ўқишга кира олмайман, келаси йил яна ҳаракат қилиб албатта ўқийман ва шаҳарда яшайман. Ота-онам ўзлари олий маълумотли бўлишгани учун хоҳишимни инобатга олишади. Лекин мен онамга ўхшаган аёл бўлишни орзу қилмайман. Чунки уларнинг умри фақат меҳнатда ўтяпти. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган онам саҳар соат 5:00 дан ярим тунгача тиним билмайди. Мен институтга тайёрланишим учун кўп ишни ўз зиммасига олади. Ишга кетгунича сигир соғади, хаста бобом учун парҳез овқат пиширади, ҳаммаёқни саранжомлайди. Ишдан келиб томорқамиздаги турп, шолғом, кечки сабзини кавлайди, мош тозалайди, макка ажратади, кўрпача қавийди. Биз укам мол-ҳолларни эплаймиз: ўт бериш, суғориш, тагини тозалаш дегандай.

Дадам давлат ишида ишлайди, улар ҳам тиним билмайдилар. Лекин негадир доим онам ҳаммадан кўп ҳаракатда бўлишларини ҳис қиламан. Унга ёрдам бергим келади. Уйимизда шароит унча-мунча одамларникидан нисбатан яхши. Баъзи қўшниларимизда ҳаммом йўқ – бизникида бор. Шунисигаям шукур қиламиз.

Биз бор-йўғи учтагина вилоятдаги қишлоқ аёллардан фикр олдик холос. Уларнинг илтимосларига кўра исмларини ошкор қилмадик. Ўз муаммоларини айтгани учун ошкор бўлишдан ҳам ийманишди улар...

Гулмира Тошниёзова, журналист

Мавзуга оид