Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент вилоятидаги колонияда 20 ёшли йигит ўз жонига қасд қилди. Прокуратура ва қамоқхона раҳбари изоҳ берди
Товоқсой қамоқхонасида 20 яшар маҳкум ўзини 2-қаватдан ташлади. Инсон ҳуқуқлари фаоли у қийноқларга дош беролмасдан шундай йўл тутганини айтмоқда. Прокуратура Kun.uz'га қамоқхонанинг 2-қаватидан ўзини пастга ташлаганлар икки нафар экани, улар оғир тан жароҳати олганини маълум қилди.

Фото: Edijs Palens
“Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, ҳодиса 25 июн куни рўй берган. Ҳуқуқ фаолига кўра, маҳкум айни пайтда халқ тилида “сангород” деб аталадиган маҳбуслар шифохонасида даволанмоқда, аҳволи оғир.
“Алишер Якубов жонига қасд қилгани ҳақида яқинларига орадан 4 кун ўтиб хабар беришибди. Орада мазкур ҳодиса бўйича бир одамни ишдан бўшатишибди. Суриштирув хулосалари борасида эса ҳеч нима дейишмаётган экан”, дейилади Ташанов Facebook'даги саҳифасида қолдирган хабарда.
Ҳуқуқ фаоли жабрланувчининг яқинлари берган маълумотга таяниб у мунтазам қийноққа солинганини айтмоқда. Маҳкумнинг отаси фарзандини 10 апрел куни онаси билан биргаликда кўриб келишгани, эртасига у карцерга ташланганини таъкидлаган.
“Шу йилнинг январида отаси Элмурод акага ўзининг мунтазам қийноқларга тутилаётгани ҳақида хат ёзган. Суд ҳукми билан 2020 йилнинг февралида 10 йилга қамалган бу йигитча панжара ортига кирганида 18 ёшда эди. Бош миясида болаликдан жароҳати бор экан, “Эзгулик”ка қилган мурожаатига қўшиб бир дунё тиббий хулосаларни ҳам тақдим қилишган бояқишлар.
Талаби – қийноққа солган ўша зўравонларга нисбатан чора кўрдириш экан адвокатга қўли калта ота-онанинг. Колония маъмурияти эса боланинг ўзини иродасизликда айбламоқда. Кўринадики, иродасиз бўлсангиз, қамоққа тушманг. Акс ҳолда, сиз учун ҳеч ким жавоб бермайди. Расмийлар бундай нохуш ҳодисани яширишади, гўё ҳамма ёқ чаман, гуллаб кетган, яшнаб кетган”, деб ёзади Абдураҳмон Ташанов.
Ҳолат юзасидан баёнот берган Тошкент вилояти прокуратураси бинонинг юқори қаватидан ўзини ташлашга уринган маҳкумлар икки нафар бўлганини маълум қилган.
Қайд этилишича, 19 июн куни маҳкумлар колония бошлиғи томонидан тасдиқланган кун тартибига риоя қилмасдан, ўзларининг яшаш саҳнига кириш ўрнига 2-яшаш саҳнидаги танишлари олдига яширин равишда ўзбошимчалик билан ўтишган ва ички тартиб-қоидаларини бузган ҳолда 5-туркумда жазо муддатини ўтаб келаётган бошқа бир маҳкумнинг қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан шахсиятига тегиб, қўпол муомалада бўлишган. Бунинг учун ҳар икки маҳкум интизомий жазога тортилган.
ИИВ Жазони ижро этиш департаменти тасарруфидаги 7-сон ЖИЭК бошлиғининг маълум қилишича, уч нафар маҳкум шу йилнинг 20 июнида қўлланган интизомий жазодан норози бўлиб, 25 июн куни соат тонгги бешлар атрофида колониянинг 10-туркуми том қисмига чиқиб, ўзларини бошқа колонияга ўтказишларини талаб қилишган; колония ходимларининг тушунтиришларига қарамасдан соат 6:30да бинонинг 2-қаватидан ўзларини пастга ташлашган.
Расмий ахборотда, колониянинг даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлими ходими томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилгани, маҳкумнинг умумий аҳволи қониқарли экани айтилади.
Тошкент махсус прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, ушбу ҳолатда жиноят аломатлари аниқланмаган ва жиноят иши қўзғатиш рад этилган.
Ўтган йили ҳам Қашқадарёдаги қамоқхонада маҳкум томирини кесиб, ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабарлар тарқалган, ҳолат бўйича текширув ўтказган Бош прокуратура мазкур хабар ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилганди.
Ҳолатга Омбудсман ва унинг миллий превентив механизмлар гуруҳи, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ҳам эътибор қаратиши мақсадга мувофиқ.
Мавзуга оид

07:47 / 28.06.2025
ЕИ саммитида Исроил Ғазода инсон ҳуқуқларини поймол этаётганига урғу берилди

16:33 / 27.06.2025
Қамоққа олинган шахсни ҳибсхонада мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш ҳақидаги қонун имзоланди

20:15 / 12.06.2025
Пасайишлар кўтарилишлардан кўп: Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни қандай ўзгаряпти?

22:10 / 01.06.2025