Барчаси ксерокопиядан бошланган: Dekos, Deli ва MFaktor тарихи
Шаҳардаги тадбиркорларни бир жойга тўплаш, стартап ғоялар ҳақида бош қотириш тажрибаси ХХ аср ўрталарида Буюк Британияда, кейинроқ АҚШда синовдан ўтказилган. Бундай платформаларни бизнес инкубаторлар дейишади.
Американинг илк инкубатори – Нью-Йоркдаги завод омборида очилган Батавия саноат марказининг мақсади ўша даврдаги иқтисодий тушкун шаҳарда янги иш ўринларини яратиш бўлган.
Вақт ўтиб бундай инкубаторларнинг турлари кўпайиб кетади. Улардан энг машҳури Hi-Tech йўналишидаги Силикон водийси ҳисобланади. Компьютер қурилмалари ишлаб чиқариш, уни қўллаб-қувватлаш орқали ташкил этилган бу водийда бугунги кунда Google, Facebook, Apple, Tesla каби дунёнинг гигант компаниялари жам бўлган.
Business Class'нинг бу галги сонида Ўзбекистондаги бизнес инкубаторларидан бири, MFaktor таъсисчилари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовлар ташкил қилган Impulse Business Hub қароргоҳи ҳақида сўз юритамиз.

Биз уларнинг бош офисида, MFaktor студиясида, музокара залларида бўлиб, шароитлар билан танишдик. Ҳусан Мамасаидов талабалик пайтлари, оилавий бизнесга кириб келишнинг илк йиллари, бизнес инкубатор ғояси келгунга қадар бўлган тажрибалар ҳақида сўзлаб берди.
“1994-98 йиллар биз Ҳасан акам билан Шарқшунослик университетида ўқиган пайтларимизга тўғри келади. Билсангиз, 3–4-курсларда ҳар бир талаба нима иш қилсам экан деб юради. Биз ҳам ота-онамиздан пул сўрашдан хижолат бўлиб, иш қидиришга тушдик. Бир куни Фозил қори аканинг аудио овозларини эшитиб қолганмиз ва у кишини қидиришга тушдик. Ҳасан акам Қумаро масжидида у кишини топдилар. Фозил қори акадан овозларини магнитофонда ёзиб олишга рухсат олдик. Масжиддаги одамлар кассеталаримизга харидор бўлиб қолди.
Ҳасан акам қори аканинг овозларини ёзиб оларди, мен эса масжид эшигининг тагида кассеталарни сотардим. У вақтларда файлдан сонияда нусха кўчириб қўйиш йўқ эди. Маърузани қайта-қайта эшитиб, ҳар уч соатда кассеталарга ёзардик. Шу аснода катта илм ўзимиз сезмаган ҳолда онгимизга сингиб бораверган экан”.

Мамасаидовлар оиласининг бизнеси 90-йиллар сўнгида бошланади. Ертўлада бир нусха кўчирувчи дастгоҳ орқали бланкалар кўпайтирилиб, дўконларга олиб бориб сотилган. Секин-секин бошқа маҳсулотлар савдоси ҳам қўшиб борилган. Кейинчалик Ҳасан Мамасаидов Dekos, Ҳусан ака Deli брендларига асос солишади.
“2017 йилда Ҳасан акам Dekos'да йўл қўйган хатоси туфайли $400 минг йўқотдик. Ҳар бир муаммонинг ортида бир ҳикмат борлигини ўшанда тушуниб етганман. Негаки айнан шу хато MFaktor лойиҳаси пайдо бўлишига сабаб бўлди. Ўша пайтлар бизда қачонгача бу каби хатолар туфайли тадбиркорларимиз азият чекиши керак деган савол туғилган. Ва бу каби муаммоларга ечим сифатида интервью шаклида кўрсатувлар тайёрлашга қарор қилдик”, – дейди Ҳусан Мамасаидов.
MFaktor ўзи қандай лойиҳа? Бизнесми ёки ижтимоий ҳаракатми? Шу саволлар бизни ҳам қизиқтирар эди. Ҳасан Мамасаидовдан жавоб олишга уриндик. Ҳаммасини бошидан, бафуржа сўзлаб беришди.

“Ҳобби сифатида бошланган MFaktor лойиҳаси 3 йил деганда даромад келтира бошлади. YouTube'дан деярли фойда кўрмаймиз. Охирги марта кўрганимда канал орқали бир ойда 179 доллар топилган экан. Ваҳоланки, умумий видеолар ойда 1-2 миллион марта кўрилади. Лойиҳа бошланган пайтлари MFaktor мухлислари YouTube'да кўрсатилаётган сонларимиздан ташқари, ўзлари билими бор, тажрибага эга одамларнинг олдига келиб, саволларини шахсан беришга, яқиндан танишишга қизиқиб қолганди. Вақт ўтиб, бундай кишиларга пулли хизмат кўрсатишни бошладик. Кейинроқ талабгорлар кўпайиб, жойимизни кенгайтирдик.
Пандемияда инқирозли вазият кузатилди. Ижара ҳаққи тўлаб бориларди, лекин пул умуман келмасди. Март ойида кўп ходимларимизга жавоб бериб юбордик. Саноқли ишчиларимиз қолганди. Лекин пандемияда YouTube'даги обуначиларимиз сони бирданига ошиб кетди. Ҳамма уйда ўтириб, интернетда вақт ўтказа бошлади. Зарбада ҳам ҳикмат бор экан, негаки 100 мингдан иборат аудиторияга эга бўлиб олдик, бунгача обуначиларимиз сони 14 минг эди, холос”, – дея ҳикоя қилади Ҳасан Мамасаидов.
MFaktor'да ходимларга бўлган эътибор алоҳида аҳамиятга эгалиги яққол кўринади. Ҳасан ака Мамасаидов Intel компаниясида бўлган пайтлари ходимларга бўлган эътиборни кўриб ҳайратга тушган ва шундай муҳитни MFaktor'да ҳам яратиш ниятида эканини яширмади. Аллақачон Малдив, Сейшел каби оролларда бўлиб қайтган 18 яшар “Нархоз” талабаси Фаррух MFaktor'да шогирд сифатида стипендия ҳам олиши сўзимиз исботи бўла олади.
Business Class'нинг асосий эътибор қаратадиган жиҳатлари бу – бизнеснинг рақамларга оид маълумотлари саналади. Кўрсатувнинг YouTube'даги тўлиқ талқинини кўриш орқали, нархлар, умумий харажатлар, даромад ва бундай бизнес турининг узоқ келажакдаги истиқболлари ҳақида танишасиз.
Кузатувчи ва MFaktor мижозлари учун эълон! Видео остига ўз фикрингизни қолдиринг! Энг қизиқарли ва креатив изоҳ эгаси деб топилган кишиларга МFaktor ва Impulse Business Hub хизматларидан фойдаланишда ваучерлар тақдим этилади. Муддат – 2022 йилнинг 8 апрель санасига қадар (8 апрел куни ҳам).
Кўрсатувларимизни кузатишда давом этинг, биз бизнесни ичкаридан кўрсатамиз!
Ижодий жамоа:
Элдор Абдулвоҳид
Нуриддин Нурсаидов
Иброҳим Саматов
Афзалбек Муҳаммаджонов
Муҳаммаджон Ғаниев
Абзал Тиллахўжаев
МFaktor билан алоқа:
+998 99 802 00 88
Тавсия этамиз
Ҳиндистон ва Покистон: кимнинг армияси кучлироқ?
Жаҳон | 19:21 / 09.05.2025
Мафкуралар кураши: 9 май аслида қандай кун?
Ўзбекистон | 14:22 / 09.05.2025
Қатиқ, мураббо ва ядро қуроли. Путин янги филмда нималар деди?
Жаҳон | 21:59 / 06.05.2025
Автомобил импортига экосертификат – утилизацияга қўшимча “бонус”ми?
Ўзбекистон | 20:34 / 06.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ким Чен Ин Россияни Ғарб тажовузидан ҳимоя қилишга ваъда берди
Жаҳон | 19:20
-
Ҳиндистонлик ўқитувчиларга мактабда хивич билан юришга рухсат берилди
Жаҳон | 18:08
-
Ҳиндистон ва Покистон АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишди
Жаҳон | 17:43
-
Россия ва Ўзбекистон ҳарбий соҳада стратегик шериклик режасини имзолади
Жаҳон | 17:15
Мавзуга оид

11:53 / 06.10.2024
Ўқув маркази, китоб дўкони ва SMM: Икки йилда учта бизнес очган ёш тадбиркор ҳикояси

14:44 / 26.08.2022
“Бизнес бошлаш осонлашади” — тадбиркорлар президент билан учрашув таассуротлари ҳақида

19:31 / 13.07.2022
“Ўзбекистоннинг силикон водийсини қуряпмиз” — айти таълим гиганти

20:57 / 27.06.2022