Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қамоқхонадаги ишқ: терговчи аёл Тошкентда қўлга тушган ашаддий қотилнинг қочишига ёрдамлашганди
1991 йил 3 май куни Ленинград шаҳридаги тергов изоляторида сўроқ қилинаётган ашаддий қотил тўппонча ёрдамида соқчини қуролсизлантириб, қочишга уринади. Аммо жиноятчи қўлга олинади. Тез орада унга тўппончани терговчи аёл бергани ошкор бўлади.
СССР «тахт»ига Михаил Горбачёв келгач, жиноятчилик ҳам авж олади. Мамлакат бўйлаб бир-бирини тан олмайдиган турли жиноий тўдалар урчиб кетади. Қотилликлар кўпаяди. Айниқса 1989-90 йилларда ҳолат жуда оғирлашади. Милиция жиноятчиларга қарши курашолмай қолади ва улар ошкора ҳаракат қилишга ўтади.
Ана шундай жиноятчилардан бири ашаддий қотил Сергей (Али) Мадуев эди.

Сергей Мадуев 1988-1990 йиллар оралиғида кўплаб талончиликлар ва қотилликлар қилади. Тошкентда содир этган навбатдаги талончиликдан кейин уни тутиб олишади. Сўнг Ленинграддаги тергов изоляторига (СИЗО) жойлаштиришади.
Мадуевга бир нечта қотилликлар учун ўлим жазоси беришлари аниқ эди. Оғир ҳолатга тушган Сергей ўзини сўроқ қилаётган терговчи аёлга севги изҳор қилади ва ашаддий қотил эмаслигига уни ишонтиради. Сўнг у билан ишқий муносабатларда бўлиб, аёл ёрдамида қочиб кетишга уринади. Ўз даврида бу иш собиқ иттифоқ бўйлаб катта шов-шувларни келтириб чиқарган ва у ҳақда 1993 йилда фильм ҳам ишлашганди.
Қамоқхонада туғилган жиноятчи
Сергей Мадуевнинг отаси чечен, онаси корейс бўлиб, иккаласи ҳам Сталин даврида Қозоғистонга депортация қилинган эди. Улар қамоқхонада танишиб, оила қуришади ва 1956 йилда Сергей ўша ерда туғилади. Унинг гўдаклиги ота-онасининг ёнида, тиканли симлар ортида ўтади.
Сергей 6 ёшга тўлганда отаси уйдан кетиб қолади. Онаси эса ичкиликка ружу қўйиб, турли эркаклар билан енгил-елпи ҳаёт кечира бошлайди. Ана шунда Сергей уйдан чиқиб кетади ва маҳаллий ўғрилар сафига бориб қўшилади.
1974 йилда, 18 ёшида у ўғирлик учун олти йилга қамалади. Озодликка чиққач, 10 ой ўтиб, колхоз кассасидан 50 минг рубл ўмариб, у яна қўлга тушади. Ўша пайтда бу жуда катта пул эди. Шу сабабли Сергейни бу сафар 15 йилга қамашади.
Қонида чечен қони оқаётган йигит қамоқхонада тез ҳурмат қозонади. У ўзини «қонундаги ўғри» деб эълон қилади ва қамоқхонадаги «кўзир»ларга бўйсунишдан бош тортади. Шу тариқа унинг қамоқдаги ҳаёти ҳам тинч кечмайди.
1988 йилда, озод бўлишига бир йил қолганда у манзил колониядан қочиб кетади. Сергейни қидирувга беришади. Аммо у тутқич бермайди. Қолаверса, бу пайтда милиция жиноятчиларга қарши мутлақо кураша олмай қолганди. Шу сабабли Сергей Мадуев шериги Роман Чернишев билан бутун мамлакат бўйлаб — Сибирдан то Москвагача «гастрол»да юриб, кўплаб талончиликлар ва қотилликлар содир этади.
Мадуев ва аёллар
Мадуев одамлардан тортиб олган пулларини сахийлик билан ишлатади. Йўлида учраган болаларга музқаймоқ олиб беради, таксичиларга ҳар доим ошиқчаси билан пул тўлайди. Аксарият ҳолларда 10 рубллик банкнот ишлатгани учун у «Червонец» лақабини олади. (СССР пайтида 10 рубллик банкнотни «Червонец» деб аташган).
Мадуев талончилик билан топган пулларининг катта қисмини аёлларга сарфлайди. У доим қиммат кийимлар кийиб, қўлида дипломат кўтариб юради. Чўнтаги пулга тўла бу «бойвачча» йигит аёлларни бефарқ қолдирмасди. Бундан ташқари Сергей уларга назокат билан хушомад қилишни ҳам ўринлатарди ва қимматбаҳо совғалар билан сийларди.
Мадуев ўзи билан танишган аёллар билан узоқ вақт алоқада бўлмас, уларни тез-тез алмаштириб турарди. У билан бирга бўлган аёллар ўзларига сахийлик билан пул сарфлаб, хушомад қилаётган бу «жентльмен»нинг ашаддий қотил эканини билишмасди. Уни бой тадбиркор деб ўйлашарди.
«Робин Гуд»
Мадуев баъзида жиноят содир этаётганда ҳам ўзича мардлик кўрсатган. Бир марта у талончиликка тушган уйнинг эгаси қўрқиб, юраги хуруж қилганда қўлга тушиш хавфи бўлса ҳам тез ёрдам чақиради. Сўнг шифокорлар келгунча беморнинг олдида ўтиради.
Яна бир марта шошилинч тарзда талончиликка бориш учун такси тўхтатади. Таксида ҳомиладор аёл ҳам бўлади ва йўлда унинг тўлғоғи тутади. Мадуев таксичига машинани туғуруқхонага ҳайдашни буюради ва аёлни шифокорларга топшириб, сўнг ўғирликка кетади.
Бора-бора Мадуев шахси ҳақида халқ орасида турли гаплар тарқала бошлайди. Эмишки, у бойларни талаб, пулларни камбағалларга тарқатармиш. Шу тариқа унинг «Червонец» лақаби «Робин Гуд»га ўзгаради.
Криминал психологларнинг фикрига кўра, аслида Мадуев одамларни ўзига қандай қилиб жалб қилишни ва уларнинг меҳрини қозона олишни биладиган шафқатсиз социопат бўлган. Аслида, унга бошқаларнинг ҳис-туйғулари ва ҳаёти мутлақо аҳамиятсиз эди.
Қотилнинг қўлга тушиши
1990 йил 7 январь куни Сергей Мадуев Тошкентга келади. Шериги Чернишев билан маҳаллий бойлардан бирининг уйига бостириб киришади. Уй эгаси қаттиқ қаршилик кўрсатади ва Чернишевни ярадор қилади. 8 январь куни Мадуев Тошкент–Москва поездига чиқмоқчи бўлган пайтда уни темирйўл вокзалида қўлга олишади.
Тезкор ходимлар уни ушлаб, дарҳол тўппончасини олиб қўйишади. Сергей пайт пойлаб чўнтагидаги гранатани олади ва зудлик билан пул ҳамда машина беришмаса уни портлатишини айтади. Мерган узоқдан Мадуевнинг қўлини нишонга олади. Граната ерга тушиб кетганда унинг ўйинчоқ экани маълум бўлади.
Илк сўроқдан сўнг Мадуевни Ленинграддаги тергов изоляторига ўтказишади ва уни СССР Бош прокуратурасининг Прошкин бошчилигидаги терговчилар гуруҳи сўроқ қила бошлайди.

Мадуевни 60га яқин талончилик ва қотилликни содир этганликда айблашади. Сергей ўзига ўлим жазоси беришларини билиб турарди. Шу сабабли у терговни чўзишга ҳаракат қилади: кўрсатмаларини ўзгартиради, янги жиноятларни ўйлаб топади. Оқибатда унинг «дело»лари сони ошиб, тергов чўзилиб бораверади.
Сўроқ пайтида Мадуев жуда усталик билан роль ўйнайди. Терговчилар билан ҳатто фалсафий суҳбатлар қуради. Тергов давомида улар билан ҳазиллашади.
Ҳатто тергов гуруҳи бошлиғи Прошкин ҳам Мадуев бироз кўнгилчан одам эканини тан олганди. Унинг фикрича, Мадуев ўта жирканч бандит эмасди. У сўроққа чақирилган Мадуев билан қўл бериб кўриша бошлайди.
Аммо Мадуевнинг ўзига раҳм қилишларини хоҳлаб қилган ҳаракатлари беҳуда кетади. Орада уни сўроқ қилишни аёл терговчига топширишади ва сўзамол Мадуев уни ўзига ром қилади. Сўнг аёлнинг ёрдами билан тергов изоляторидан қочишга уринади.
Наталя Воронцова билан танишув
Терговчи Наталя Воронцова ички ишлар тизимида ўзини кўрсатиб, бир қанча ашаддий жиноятчиларни фош этади ва уни Бош прокуратурага ишга олишади. У ўша пайтда Бош прокуратура таркибидаги ягона терговчи аёл саналарди.

Наталя Воронцова сўроқ қилишни бошлаганида Мадуев шу аёл туфайли мақсадига етиши мумкинлигини ўйлайди ва бор маҳоратини ишга солиб, уни аврай бошлайди. Шунингдек, Вороцовани ишонтириш учун шошилмасдан, эҳтиёт бўлиб муомала қилишни ҳам унутмайди.
У илк сўроқ қилинган кундаёқ аёлнинг «нозик нуқтаси»ни топади – Воронцовада адолат туйғуси кучли эди. Мадуев сўроқ давомида аёлга аввалги терговчилар очилмай қолган турли жиноятларни унга «илишмоқчи» бўлишаётганини айтади. Яна отув ҳукми берилишини билиб, вақтни чўзиш мақсадида сохта жиноятларни ўйлаб топгани ҳақида гапиради.
Табиийки, аёл Мадуевнинг сохта жиноятлар ҳақидаги гапларини текшириб кўради. Воронцова жойлардаги милиция бўлимларидан маълумотлар олганда Мадуев алдамагани, ўша ҳудудларда оғир жиноятлар содир этилмагани маълум бўлади. Шу тариқа, бир пайтлар Мадуев вақтни чўзиш учун ўйлаб топган сохта жиноятлар Воронцова сўроқни бошлаган вақтга келиб, ўзининг фойдасига ишлаб кетади.
Шундан сўнг, аёлда Мадуевга нисбатан ишонч уйғонади. У Мадуев унча кўп жиноят содир этмаган, аксарият очилмай қолган жиноятларни унинг гарданига илишмоқчи бўлишган, деб ўйлай бошлайди.
Бундан ташқари Воронцова Мадуевга тегишли «дело»ни синчиклаб ўрганар экан, унда кўплаб ноаниқликларни аниқлайди. Аёл ўзининг шубҳалари ҳақида тергов гуруҳи бошлиғи Прошкинга хабар беради. Прошкин эса бамайлихотир «Унга Ленинграддаги иккита даҳшатли қотиллик учун барибир олий ҳукм беришади. Шундай экан, Мадуевнинг бўйнига илинаётган жиноятларнинг сонини камайтириш унга ҳеч қандай наф бермайди», деб жавоб беради.
Аммо Воронцова барибир Мадуевнинг тақдирига бефарқ кўз юмиб кета олмайди. Терговчи аёлнинг ўзига ҳамдард бўлаётганини пайқаган Мадуев у билан янада яқинлашишга ҳаракат қилади.
Шундан сўнг, Воронцова ва Мадуев ўртасидаги мулоқот сўроқдан кўра ўзаро суҳбатга ўхшаб кета бошлайди. Мадуев ҳис-ҳаяжон билан аёлга оғир ўтган болалиги, оиласи ҳақида гапириб беради. Уни тинглаган аёл Мадуев унчалик ёмон одам эмас, шунчаки ҳаёт унга нисбатан шафқатсизлик қилган, деб ўйлай бошлайди.
«Мени севсанг, ўзингни тамом қиласан» — терговчи аёл билан ишқий муносабатлар
Сўроқлардан бирида аёл жиноятчининг навбатдаги ғамгин ҳикоясини тинглар экан беихтиёр Мадуев учун ҳамма нарсага тайёрлигини айтади. Шу пайт Мадуев унга жилмайиб қарайди ва аёлни қучоқлаб олади. Унинг қўлида «Мени севсанг, ўзингни тамом қиласан» деб ёзилган татуировка бор эди. Мадуев мақсадига эришганди.

Шу тариқа, улар ўртасида ишқий муносабатлар бошланади ва анча пайт давом этади. Аёл қандай қилиб бўлса ҳам Мадуевга енгил жазо тайинлашларига эришиш йўлини излай бошлайди. Мадуев бунинг иложи йўқлигини, фақат қочсагина жонини қутқариши мумкинлигини, акс ҳолда унга ўлим жазоси беришларини айтади. Охири аёл ўз туйғулари олдида енгилади ва Мадуевга ёрдам беришга рози бўлади.
Муваффақиятсизлик билан тугаган қочиш
1991 йил 3 май куни Мадуевни Москвадаги тергов изоляторига кўчиришлари керак эди. Ўша куни эрталаб у Воронцовадан олган ўзининг тўппончаси билан қуролланиб, тергов изоляторидан қочишга уринади. Қўриқчилардан бири унга қаршилик кўрсатганда отиб яралайди ва дарвоза томон югуради. Аммо чиқиб кетишга улгурмайди, дарвозани ёпишади. Бироз қаршилик кўрсатгач, жиноятчи таслим бўлади.
Шундан сўнг Мадуевнинг терговини КГБ ўз назоратига олади. Ҳаммани бир савол ўйлантирарди: Мадуев қуролни қаердан олган? Ашёвий далил сифатида сақланган тўппонча турган хонага фақат Прошкин бошчилигидаги тергов гуруҳи кира олган, холос. Шу сабабли КГБ бир тарафдан Мадуевни қистовга олади, иккинчи томондан тергов гуруҳидаги барчани сўроқ қилади.
Мадуев КГБ ходимлари томонидан берилаётган саволларга жавоб беришдан бош тортади ва тўппончани ким берганини айтмайди. Фақат КГБ полковниги асосий гумонда Воронцова турганини айтганда бироз асабийлашади ва агар жазони енгиллаштиришга рози бўлишса, улар билан ҳамкорлик қилиши мумкинлигини билдиради.
Терговчи аёлнинг фош бўлиши
Шундан сўнг, Мадуев ва Воронцова ўртасида учрашув ташкил этишади. Ундан аввал эса учрашув бўлиб ўтадиган камера деворига яширин камера ва микрофонлар ўрнатилади.
Учрашув пайтида Мадуев Воронцовага пичирлаб ўзига яқинроқ ўтиришини сўрайди. Уларни кузатиб ўтирган КГБ ходимлари суҳбатни эшита олмай асабийлаша бошлашади. Шу пайт кутилмаганда Мадуев ва Воронцова бир-бирини қучоқлаб ўпиша бошлайди. Шунда уларнинг муносабати терговчи ва тергов қилинаётган шахс ўртасидаги муносабатлардан кўра жиддийроқ экани аён бўлади.
Эртаси куни Воронцовани ҳибсга олишади. Аввалига у жиноятчига ёрдам берганини тан олмайди. Унга Мадуев билан учрашув пайтидаги видеоёзувлар кўрсатилганда йиғлаб юборади ва ўз айбини тан олади.
Воронцовани дарҳол ишдан бўшатишади ва икки йил давом этган терговдан сўнг, 1993 йилда етти йилга қамашади.
«Аёлларнинг хатти-ҳаракатларида мантиқ йўқ дейишади. Улар энг юксак туйғу севги эканига ишонишади. Ҳаётда ортга қарамаганман дея олмайман, менда фақат ёмон хотиралар бор эди. Кейин бу ёрқин доғ (Мадуев) пайдо бўлди ва мен унга ёпишиб олдим. Мадуев мен бахтли келажак сифатида хоҳлаган ҳақиқий эркак эди. Афсуски, ҳис-туйғуларга буюриб бўлмайди», деган эди Воронцова тергов тугагандан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.
«Мадуевни қамоқдан қайтишини кутармидингиз?» деган саволга у қуйидагича жавоб беради:
«Агар инсон севиб қолса, у мўъжизалар яратишга қодир бўлади. Мен унинг шунчаки қамоқдан қочиш режаси қурбони бўлдимми? Бу саволга жавоб бера олмайман. Агар тақдир бизни бирлаштирса, уни яна жиноят йўлидан кетмаслиги учун мен бор кучимни сарфлаган бўлардим. Бу қўлимдан келармиди, йўқми, билмайман. Аммо мен унга содиқман. Уни 15 йил кутиш керак бўлса, эҳтимол кутардим. Агар унга кераклигимни билсам, албатта кутардим».
Воронцова Мадуевни кутмайди. Чунки Наталя қамоқдан чиқиши арафасида Мадуев вафот этганди. Воронцова қамоқдан чиққач, исм-шарифини ўзгартиради ва Украинага кўчиб ўтади. Турмушга чиқиб, ўша ерда адвокатлик билан шуғулланади. Ўзини излаб борган журналистларга интервью бермаслигини айтади.
Мадуевнинг кейинги тақдири
Қочиш режаси муваффақиятсизликка учрагач, Мадуевнинг тергови қайтадан бошланади. У аввалига терговчи аёлнинг айби йўқлигини айтади.
«Ҳа, мен Воронцованинг ҳис-туйғуларидан фойдаландим, лекин бундан бошқа иложим йўқ эди. Қолаверса, у ўзга сайёрадан тушган эмас, унга ҳам меҳр керак эди», дейди сўроқлардан бирида Мадуев.
Кейинроқ эса у кўрсатмаларини ўзгартириб, аёлни айблайди. Мақсад яна тергов муддатини чўзиш эди. Бу масалада у ниятига етади. Узоқ давом этган терговдан сўнг, 1995 йилда иккита қотиллик учун унга ўлим жазоси беришади. Аммо бу пайтга келиб, Россияда ўлим жазосига мораторий эълон қилинганди. Шу тариқа Мадуев тирик қолади ва у ўлим жазоси ўрнига умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Аммо Мадуевнинг пешанасида ёш ўлиб кетиш бор экан. У 2000 йилда қамоқда эканида юрак етишмовчилиги билан оғриб, 44 ёшида вафот этади. Ўшанда у ўз ажали билан ўлганми ёки ўлдирилганми ноаниқ қолади.
Мадуевнинг терговчи аёл билан ишқий муносабатларда бўлиб, қамоқдан қочишга уриниши ўша пайтда жуда катта шов-шувга сабаб бўлади. Ҳатто, 1993 йилда, ҳали Мадуев ва Воронцова тергов бериб юрган пайтлардаёқ улар ҳақида «Қамоқхона романтикаси» фильми ҳам суратга олинади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид

10:52 / 25.06.2025
Урганч шаҳар прокуратураси терговчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

15:23 / 04.05.2025
“Ёпилган иш” ёхуд отган ўқи ўзига қайтган терговчининг иқрори

14:10 / 09.03.2025
“Касбингизни севсангиз, қийинчиликлари билинмайди” – кранчи, терговчи, поезд ва автобус ҳайдовчи аёллар ҳикояси

11:30 / 11.01.2025