Қозоғистонда газ нархи ошишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев республика ҳукуматига «Жанаўзандаги вазиятни зудлик билан кўриб чиқиш» бўйича топшириқ берганини маълум қилди.

Фото: Tengrinews.kz.
Қозоғистоннинг Манғистау областида суюлтирилган газ нархи кескин кўтарилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди, деб хабар берди Tengrinews.
Хабарга кўра, 2 январ куни Жанаўзан шаҳри аҳолиси митинг ўтказган. Автомобилчилар бир литр газ нархи 120 тенгега кўтарилганидан норозилик билдирган ва ҳукуматдан нархни икки бараварга камайтиришни талаб қилган.
3 январ куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев республика ҳукуматига «Жанаўзандаги вазиятни зудлик билан кўриб чиқиш» бўйича топшириқ берганини маълум қилди.
Ўз навбатида, вазирлар маҳкамаси Манғистау областидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилганини эълон қилди ва газ нархини барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини билдирди.
Манғистау областидаги норозиликлар фонида республиканинг йирик шаҳарларида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани айтилмоқда.
«Интерфакс»нинг ёзишича, хусусан, Олмаотада марказий майдон полиция томонидан ўраб олинган.
Мавзуга оид

12:23
Ўзбекистон ва Қирғизистон Қозоғистонга 2 млрд куб метрдан ортиқ сув етказиб берди

13:36 / 11.03.2025
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида саноат кооперацияси маркази ташкил этилади

11:51 / 11.03.2025
Қозоғистонда паспорти олиб қўйилган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди

17:10 / 07.03.2025