Ўзбекистон | 08:45 / 27.05.2021
2441
2 дақиқада ўқилади

Чинозда тунда хонадонлардан бирига бостириб кирган беш нафар шахс ушланди

Фото: Тергов департаменти

Чиноз туманида хонадонлардан бирига бостириб кириб, эр-хотинга ҳужум қилган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 23 май куни 33 ёшли С.А. Чиноз тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 2021 йилнинг 21 май кунидан 22 май кунига ўтар кечаси соат 01:15 ларда номаълум шахслар юзларига ниқоб кийган ҳолда Чиноз тумани Навоий кўчасида жойлашган яшаш уйига ғайриқонуний равишда бостириб кириб, турмуш ўртоғи 33 ёшли С.З. ва унинг ўзига ҳужум қилиб, уриб-дўппослаб, пул беришларини талаб қилиб, уйдан ҳеч нарса топа олмаганликларидан сўнг ҳодиса жойидан яширинганликларини, ушбу фуқароларни аниқлаб қонуний чора кўришларини сўраган.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Чиноз туманида яшовчи 44 ёшли И.А., А.Ф., Р.Д., 25 ёшли Б.Ш. ва 19 ёшли Б.Б. содир этганлиги аниқланиб, улардан 2 дона қора ниқоб, 1 дона спорт кепкаси, 1 дона скотч ўрами ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чиноз тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, юқорида қайд этилган шахслар процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид