Спорт | 10:28 / 17.03.2021
23095
5 дақиқада ўқилади

Футбол ҳаками коррупцияга аралашса, интизомий жазо билан қутулиб қолаверадими?

Суперлига 2-тури доирасидаги «Сўғдиёна» – «Турон» (1:0) учрашувида бош ҳакам Виктор Серазетдинов қўпол хатога йўл қўйди. Тўп меҳмонлар ҳимоячисининг юзига текканига қарамай, ҳакам вазиятни қўл билан ўйнаш деб баҳолаб, Жиззах клуби фойдасига пенальти белгилади. Мезбонлар шу пенальтидан урилган гол ҳисобига ғалаба қозонди.

Ўйиндан кейин журналистлар билан интервьюда «Турон» бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўзбек футболидаги ҳакамларнинг қинғир ишлари ҳақида алам билан айтган гапларини эшитгандирсиз.

Ушбу воқеа ўзбек ҳакамлигидаги яраларни яна янгилади, дейиш мумкин.

Шу йилнинг январ ойида ФИФА ва ОФК ҳаками Шерзод Қосимовнинг уч йил муддатга футболдан четлатилгани хабар қилинганди. Бунга сабаб сифатида Ш.Қосимовнинг «ЎФA Интизом кодексининг 5.44-бандига асосан бир қатор футбол учрашувларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани» кўрсатилди.

2020 йилнинг ноябр ойида ҳам ЎФА уч нафар ҳакамни (ФИФА ҳаками Жасур Мухторов, ЎФА ҳакамлари Аскер Нажафалиев ва Темур Тўхтасинов) футболдан четлатиб, 90, 70 ва 10 миллион сўмлик жарималар қўллаган. Ўшанда ҳам Мухторов ва Тўхтасиновга юқоридаги банд билан бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадидаги келишувларда қатнашганлик айби қўйилганди.

Бундан ташқари, шу йилнинг 12 февралида «Футбол соҳасида коррупцион ҳолатларга чек қўйиш бўйича кенг кўламли ишлар давом эттирилмоқда» сарлавҳали хабарда, ЎФА Этика қўмитаси йиғилишида ЎФА ҳаками О.Тўйчибоевни қўмита томонидан ЎФА Интизом кодексининг яна ўша 5.44-бандига асосан бир қатор футбол учрашувларида ўйин натижасига таъсир ўтказиш мақсадидаги келишувларда қатнашгани учун 1 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилингани маълум қилинди.

Юқоридаги ҳолатда ЎФАнинг ўзи ўз сайтида берган хабарда мазкур ҳолатларни футбол соҳасидаги коррупцион ҳолат сифатида эътироф этган.

Бироқ, мазкур ҳолатларда ҳакамларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида ҳеч қаерда эшитганимиз йўқ. Тушунишимизча, нечадир йилга футболдан четлатиш ва маълум миқдордаги жарималардан бошқа ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Хорижий давлатларда футбол ҳакамларининг келишилган ўйинларга аралашиши жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли асос ҳисобланса-да, бизда «қулоқни чўзиб» қўйиш билан чекланилаётгани таажжубли ҳолат.

Ахир, ҳакамлар футболчиларнинг қош-кўзи чиройлилиги учун уларга ён босмаса керак? Бу келишувларга катта эҳтимол билан пора орқали эришилган бўлиши мумкин.

Расмийлар нима дейди?

Ушбу ҳолат бўйича ЎФА Ҳакамлар қўмитаси раҳбари Эркин Бахтиёров билан боғландик.

ЎФА расмийси Ўзбекистон тарихида ҳали бирор бир ҳакам келишилган ўйинларда қатнашгани учун жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Бахтиёров футбол ҳакамининг келишилган ўйинлардаги иштироки учун уни жавобгарликка тортиш тартиби тўғрисида қуйидагиларни маълум қилди:

«Бизда Ҳакамлар қўмитаси бор. Ҳакам қайсидир ўйинда жиддий хатога йўл қўйса, унинг иши шу қўмита томонидан кўриб чиқилади. Айби тасдиқланадиган бўлса, уни нечта ўйинга четлатиш масаласи ҳам кўрилади. Мана, кечаги ўйин бўйича Виктор Серазетдинов номуайян муддатга четлатилди.

Ундан ташқари, Футбол фаолиятини назорат қилиш инспекцияси бор. Инспекция ушбу ўйин бўйича келишув аломатлари бор ёки йўқлигини аниқлаш бўйича ўз ўрганишларини бошлади. Агарда келишув борлиги ўз исботини топса, иш Этика қўмитасига оширилади.

Этика қўмитаси – алоҳида қўмита, унинг ўз раиси ва мутахассислари бор. У ерда ҳатто мен ҳам иштирок этолмайман. Уларга материаллар тақдим қилинади. Шундан сўнг, улар ҳакамга қандай жазо тайинлаш масаласини ҳал қилишади.

Виктор Серазетдиновга келадиган бўлсак, унинг ҳакамликдан номуайян муддатга четлатилгани ҳали якуний чора эмас. Ўрганишлар якунланганидан сўнг, келишилганлик ўз тасдиғини топадиган бўлса, ана шундагина аниқ ва қатъий жазо тайинлаш мумкин», – деди Эркин Бахтиёров.

Ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг фикри билан ҳам қизиқдик.

Агентлик вакили Баҳром Бурҳониддинов мазкур ҳолат агентлик томонидан ҳам ўрганилаётганини, ўрганиш натижаси бўйича жамоатчиликка маълум қилинишини, агарда ҳакамнинг ҳаракатларида келишилганлик ва коррупция ҳолатлари аниқланадиган бўлса, бу бўйича жиноий жавобгарлик чораси ҳам қўлланиши мумкинлигини маълум қилди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Ўзбекистонда ҳам футболдаги коррупция ҳолатлари учун хоҳ ҳакам бўлсин, хоҳ бошқа вазифадаги шахс, сўзсиз жиноий жавобгарликка тортилиши лозим. Интизомий жазо қўллаш билан чекланаверадиган бўлсак, жазонинг енгиллигидан қўрқмаган «ҳакам»лар бу ишларда бардавом бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 15 июль куни ЎФАнинг янги президенти этиб Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов сайланганди.

Азизов бу лавозимга сайлангани муносабати билан ЎФА конференциясида сўзга чиқиб, ўзбек футболида тотализатор, келишилган ўйинлар каби тушунчаларни йўқотиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини айтганди.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид