Жамият | 15:38 / 29.10.2019
14379
4 дақиқада ўқилади

«Машиналар бу ердан ойналарини ёпиб ўтади» — Қўштепада аҳоли заҳарли тутун ичида яшамоқда

Фарғона вилояти Қўштепа тумани «Хумдон» маҳалласидан бир гуруҳ фуқаролар таҳририятга мурожаат йўллашди. Мурожаатчилар яшайдиган ҳудудда «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасига қарашли чиқиндихона мавжуд бўлиб, у ердан тарқалаётган заҳарли тутун аҳоли соғлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Бу бўйича бир неча ташкилотга мурожаат қилинганига қарамай муаммо ижобий ҳал этилмаган.

Чиқиндихона маҳалладаги «Фарғона–Қўқон» катта автомобиль йўлига туташ бўлган ҳудудда жойлашган. Ҳолатни ўз кўзимиз билан кўрдик. У ердан таралаётган қўланса ҳидга инсон зоти чидаши қийин. Шамол бўлиб қолса у ердаги чиқиндилар атрофга учади, дарахтларга илашиб ётган елим халталар киши таъбини хира қилмасдан қолмайди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади. Лекин натижа йўқ. Ёзда жазирама об-ҳаво сабаб чиқинди уюмларидан газ чиққани боис олов чиқиб бир неча кун давомида тутаб турди. Орада масъуллар келиб ўчирди ҳам. Лекин жуда кўп вақт тутаб туради. Чиқаётган заҳарли газ ва тарқалаётган бадбўй тутун болалар соғлигига салбий таъсир қилмоқда. Нафас олиш йўлларимиз зарарланиб, аллергик касалликлар бошланмоқда.

Кечки пайт соат 19:00 атрофида тутун ҳиди шу атрофни эгаллайди. Катта йўлда ўтаётган машиналар ҳам шу ерга келганда ойналарини ёпиб ўтади. Биз эса яшаб келмоқдамиз. Айбимиз шу ерда яшаганимизми? Нега шунча мурожаатларга қарамай ҳамма сукут сақламоқда? Давлат минглаб одамлар тақдирига бефарқми?», деди маҳалла фаолларидан бири.

Аҳвол жуда ачинарли. Муаммо ечимини кутмоқда.

Шу йилнинг май ойида «Mahalla» газетаси мухбирлари ҳам вазиятни ўрганиб кетишган экан. Ўшанда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўлими бошлиғи Фарҳоджон Холматов ҳам масалага изоҳ берган, бироқ вазият ёмонлашса ёмонлашганки, яхшиланмаган.

«Mahalla»га кўра, вилоятда бир кунда 3080 тонна, бир йилда эса 1 миллион 124 минг тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. «Тоза ҳудуд» ДУК ва санитар корхоналари 1 миллион 633 минг кишига хизмат кўрсатмоқда. Бу умумий аҳолининг 44 фоизини ташкил этади, холос. Айни кунда фаолият кўрсатиб келаётган 20та кичик чиқиндиларни қайта ишлаш корхона ва ташкилотлари мавжуд чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш имкониятига эга эмаслиги чиқиндилар уюмлари «тоғ» бўлишига сабаб бўлмоқда.

Гап инсон соғлиғи ҳақида кетмоқда, бу барчасидан муҳим бўлиши керак. «Хумдон» маҳалласи фуқаролари заҳарли газ ва тутундан йиллар давомида азият чекиб келмоқда. Масъуллар эса ваъда беришдан нарига ўтолмаяпти. Балки, улар ўзлари келиб шу уйларда бир неча кун яшаб кўриши керакдир. Шунда кўзлари очилармиди? Шунда у ердаги норасидаларга раҳми келармиди? Бирор чора топилиб, муаммо ижобий ҳал этилган бўлармиди?

Сайлов ҳам яқин. Барча партиялар ҳаракатга тушиб қолган. Улардан ҳам, айниқса, Ўзбекистон Экологик партиясидан мазкур муаммо ечилишида ташаббус кўрсатишларини кутиб қоламиз. Ахир асосий мақсадимиз халқни рози қилиш эмасми? Ўзимизга ўхшаган одамлар тақдирига бефарқ бўлмайлик, азизлар. 

Зафарбек Солижонов

Мавзуга оид