Навоий вилоятида 3та обод қишлоқ фойдаланишга топширилди
Куни кеча Навоий вилоятининг Нурота туманидаги “Чўя”, Учқудуқ туманидаги “Қулқудуқ”, Томди туманидаги “Ўтамурод” қишлоқлари “Обод қишлоқ” дастури доирасида фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Давлат раҳбарининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги фармони асосида жорий йилда Навоий вилоятининг 16 та қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури доирасида 272 миллиард сўмлик ишлар олиб бориляпти.
Бундан ташқари, “Обод маҳалла” дастури доираси ҳудуддаги 2 та шаҳарнинг 5 та маҳалласида 65 миллиард сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур ҳудудларда “Обод қишлоқ” дастури доирасида биринчи навбатда аҳоли учун зарур бўлган ичимлик суви, электр тармоқлари, ички йўллар, пиёдалар йўлаклари бунёд этилгани қишлоқ қиёфасини ўзгартириб юборди.

Шунингдек, маҳалла гузари, мактаб, мактабгача таълим муассасаси, қишлоқ врачлик пункти, ҳаммом, амфитеатр, футбол майдончаси, болалар майдончаси қишлоқ аҳлининг орзуларини рўёбга чиқарди. Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, кичик тикувчилик цехи каби лойиҳалар аҳолининг бандлигини таъминлашда алоҳида ўринга эга бўлди. Фуқароларга тадбиркорлигини бошлаши учун микрокредит маблағлари ажратилди.
Нурота туманининг “Чуя” қишлоғини обод этиш тадбирида қарийб 17,2 миллиард сўмлик, вилоят марказидан қарийб 400 километр узоқда жойлашган Учқудуқ тумани “Қулқудуқ” қишлоғини обод этиш учун 4,8 миллиард сўм, Томди тумани “Ўтамурод” қишлоғини обод этиш учун 7,3 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилди.

Вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида ишлар давом этмоқда.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси президенти давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергенов ҳамда Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов иштирок этди.







Мавзуга оид

15:34 / 28.02.2025
Ўзбекистонда фанга номаълум 2 қўнғиз тури кашф қилинди

18:13 / 13.02.2025
Тошкент ва Навоий вилоятларининг айрим ҳудудларида чиқинди йиғими нархлари ошди

19:33 / 05.02.2025
Олтин изловчи 12 та компания Навоийдаги 31 та олтин участкасини сотиб олди

18:53 / 04.02.2025