Жаҳон | 20:55 / 31.03.2025
3806
2 дақиқада ўқилади

КХДР ижтимоий тармоқлардаги танқидлар туфайли туризмни чеклади — ОАВ

Пхенян мамлакатга келган шахсларнинг ижтимоий тармоқлардаги салбий постлари туфайли хавотир олган.

Фото: AP

Шимолий Корея ҳукумати мамлакат шимоли-шарқидаги, Хитой ва Россия билан чегарадош Расон махсус иқтисодий зонасида хорижий сайёҳларни қабул қилишни тўхтатди. SCMP маълумотларига кўра, Пхенян мамлакатга келган шахсларнинг ижтимоий тармоқлардаги салбий постлари туфайли хавотир олган.

«Туризм фаолияти қайта тикланганидан сўнг, хорижий меҳмонлар Шимолий Кореяда жамиятнинг ва режимнинг жиҳатларини очиб берувчи видео ва фотосуратларни ижтимоий тармоқларга жойлади. Материаллар халқаро танқидларга сабаб бўлди ва Шимолий Корея ҳукуматини туризмни вақтинча тўхтатишга ундади», деди Сеулдаги Корея Миллий бирлашиш тадқиқот институти вакили О Кюн-Соб.

Январь ойида, Covid-19 эпидемияси туфайли ёпилганидан бери биринчи марта Расон сайёҳларни қабул қилди. АҚШ ва Жанубий Кореядан ташқари барча мамлакатлардан келган меҳмонларга киришга рухсат берилди. Махсус иқтисодий зона Шимолий Кореяга туризм ва хорижий ишбилармонлик фаолияти орқали иқтисодий ўсишни оширишга ёрдам бериш учун мўлжалланган эди. Шунингдек, Расон КХДР учун хорижий валюта манбаи ҳисобланади.

5 март куни Хитойнинг Koryo Group сайёҳлик оператори Расонга кириш сайёҳлар учун ёпиқлигини эълон қилди. Агентлик бу ҳаракатни мисли кўрилмаган деб атади. Ҳудудни ёпиш вақти ва сабаблари кўрсатилмаган. Худди шундай хабарлар бошқа хизматлардан ҳам олинган.

Эътиборни тортган салбий видеолар орасида, SCMP томонидан қайд этилганидек, баллистик ракеталар учирилиб, портлаши фонида шимолий кореялик болалар қўшиқ айтиб, рақсга тушган видео бор. У британиялик блогер Майк О'Кеннеди томонидан суратга олинган ва ижтимоий тармоққа жойланган.

Мавзуга оид