Жаҳон | 21:48 / 16.04.2025
4966
2 дақиқада ўқилади

КХДР Украинадаги уруш ортидан 20 млрд долларга яқин даромад кўрди — Жанубий Корея

Жанубий Кореянинг Мудофаа тадқиқотлари институти ҳисоботига кўра, Пхенян энг катта даромадни қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етказиб беришдан олган — 19,2 млрд доллар.

Фото: KCNA

КХДР Россияга Украинадаги уруш учун қурол-яроғ етказиб бериш орқали тахминан 20 миллиард доллар ишлаб олди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Мудофаа тадқиқотлари институти (KIDA) ҳисоботида сўз боради.

Ҳисоботга кўра, КХДР энг катта даромадни қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етказиб беришдан олган — 19,2 миллиард доллар. Пхенян, шунингдек, технологияларни топширишдан 630 миллион доллар, ҳарбий хизматчиларни юборишдан эса 280 миллион доллар ишлаб олган.

Жанубий Корея тадқиқотчилари ўз баҳолашларини КХДР фақат денгиз йўли орқали Россияга юборган 21 минг контейнер қурол ва ўқ-дори ҳақидаги маълумотдан фойдаланган.

Шимолий Корея аскарларининг жойлаштирилишидан тушган даромадни ҳисоблашда эса институт КХДРдан юборилган 11 минг нафар ҳарбийга ойлик маош ва бир марталик мукофот пули тўлаётгани ҳақидаги маълумотларга асосланган. Ҳисоботда айтилишича, Пхенян пулларни ҳарбийларга юборишдан олдин уларнинг бир қисмини ушлаб қолади.

Reuters маълумотларига кўра, сўнгги ойларда Россия армияси томонидан ишлатилган ўқ-дориларнинг тахминан 50 фоизи КХДРдан етказиб берилган.

Россия ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида 2023 йилда маълум бўлганди — ўша вақтдан бошлаб Шимолий Корея илк снарядларни етказиб беришни бошлаган. 2024 йил ёзда мамлакатлар кенг қамровли стратегик шериклик шартномасини имзолади. Шимолий Корея ўқ-дорилардан ташқари фронтга бир неча минг ҳарбий хизматчисини ҳам юборган.

Мавзуга оид