Жаҳон | 20:42 / 27.03.2025
2309
2 дақиқада ўқилади

Европа давлатлари Россияга қарши санкцияларни юмшатишдан бош тортди

Хусусан, Британия бош вазири ҳозир «санкцияларни ечиш вақти эмас»лигини таъкидлади.

Фото: AP

Европа давлатлари етакчилари Парижда ўтказилган учрашувда Россияга қарши санкцияларни юмшатишдан бош тортди.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ҳозир «санкцияларни ечиш вақти эмас»лигини таъкидлади.

«Аксинча, биз АҚШ ташаббусини қўллаб-қувватлаш йўлида Россияни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилиш учун санкцияларни қандай кучайтиришимиз мумкинлигини муҳокама қилдик», — дейди у.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам учрашувда иштирок этиб, санкцияларни бекор қилмаслик қароридан мамнун эканини билдирган. У Россияга «кўпроқ босим» ўтказишни исташини қўшимча қилган.

Саудия Арабистонида ўтказилган АҚШ ва Украина музокаралари якунида томонлар Қора денгиз бўйича сулҳни келишиб олишга муваффақ бўлганди. Аммо Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортчиларидан санкциялар олиб ташланса ва «Росселхозбанк» SWIFT тизимига улансагина, бунга рози бўлишини билдирди. SWIFT Европа Иттифоқи томонидан назорат қилинади.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио 26 март куни Россия денгизда ўт очишни тўхтатиш эвазига санкцияларни юмшатишни таклиф қилганини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, АҚШ ушбу масалани РФ ва ЕИ билан муҳокама қилиш ниятида. Европа комиссияси вакили Анитта Ҳипперга кўра, Россия томонининг талабларига қарамасдан, Европа Иттифоқи «Росселхозбанк»ка нисбатан жорий қилинган чекловларни бекор қилиш имкониятини кўриб чиқмаяпти.

Мавзуга оид