Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ билан музокаралар кунида Россия Суми марказига зарба берди
Ҳужум оқибатида 100 дан ортиқ киши яраланган.

Yevhen Abrasimov / AFP / Scanpix / LETA
Россиялик ҳарбийлар 24 март куни Суми шаҳри бўйлаб ракета зарбаси йўллади — ушбу област маркази Курск области билан чегарадан 30 километр масофада жойлашган. Расмийларга кўра, 101 киши яраланган, шундан 23 нафари — болалар; Катта ёшли жабрланувчиларнинг 16 нафари ва 14 бола шифохонага ётқизилган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, кўплаб одамлар шиша парчаларидан шикастланган. Зарба шаҳарнинг мактаб, бир нечта болалар боғчаси ва юқумли касалликлар шифохонаси жойлашган турар жойлар ҳудудига берилган.
«Ҳамма жойда болалар бор эди», – дейди Сумида яшовчилардан бири BBC Украина хизматига.
Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари Володимир Артюхнинг маълумотларига кўра, Россия ҳужуми оқибатида турар жой бинолари ва инфратузилма объектларига зарар етган.
Артюхнинг ёзишича, Россия Сумига ракета ҳужуми уюштирган, натижада мактабга ҳам зарар етган. Ҳужум вақтида болалар бомбапаноҳда бўлган, улардан ҳеч бири жабрланмаган.

Қутқарувчилар 40 нафар бола ва ёши катта бўлган 16 кишини эвакуация қилган. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати мактаб биноси қисман вайрон бўлганини маълум қилди.
Маҳаллий журналистлар таъкидлашича, зарбалар берилган вақтда Сумида ҳаво тревогаси эълон қилинмаган.
Зарба Ар-Риёдда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларнинг янги босқичи бўлиб ўтаётган кунда йўлланди. Россия Мудофаа вазирлиги ҳужумга изоҳ бермади.
Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари портлаш овозлари эшитилаётган воқеа жойидан олинган видеони эълон қилди.

Област маъмурияти томонидан эълон қилинган бошқа видеоларда вайрон бўлган бинолар ва хонадонлардан чиқаётган тутунни кўриш мумкин.
Портлаш тўлқини уйлар вайрон бўлишига олиб келган, кўп қаватли уйларнинг дераза ва эшикларини синдирган. Баъзи хонадонларда ёнғинлар бошланган, деб хабар беради полиция.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак шаҳарга берилган зарба оқибатлари акс этган видеони эълон қилди ва Путин шу тариқа тинч аҳолига зарба беришни «тўхтатгани»ни таъкидлади.
Катта эҳтимол билан, у Россия президенти ва Доналд Трамп ўртасида яқинда бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида энергетика инфратузилмаларига зарбалар беришдан тийилиш бўйича эришилган оғзаки келишувни назарда тутган. Америка манбалари АҚШ ва Россия президентлари нафақат энергетика инфратузилмасига, балки бутун инфратузилмага зарбалар беришга 30 кунлик мораторий ҳақида келишиб олгани ҳақида хабар берган, бироқ Москвада бу маълумотлар тасдиқланмаган.

Расмийлар маълум қилишича, зарба натижасида хонадонлари зарар кўрган аҳоли учун тунаш жойлари таълим муассасаларида ташкил этилган.


29 январдан 30 январга ўтар кечаси ҳам Россия дрони Суми шаҳридаги кўп қаватли бинога келиб урилганди. Ўшанда тўққиз киши ҳалок бўлган, яна 13 киши яраланганди.
Украинанинг Россиянинг Белгород ва Курск областлари билан чегарадош Суми областига деярли ҳар куни дронлар, ракеталар ва бошқариладиган авиация бомбалари катта зарар етказмоқда. Бундан ташқари, ҳудуд Россия артиллерияси нишонида туради.
2024 йил августида Украина қуролли кучлари Курск областида амалиёт бошлаганидан бери Суми областини ўққа тутиш фаоллашди.
Феврал ойи охирида Россия армияси Суми областида давлат чегарасини кесиб ўтди ва Украина қуролли кучларини Курск областидан чекинишга мажбур қилиш учун Украина ҳудудига киришга уринди.

Тавсия этамиз
Урушга тайёр Жўланий, таксидаги Пизишкиён – ҳафта дайжести
Жаҳон | 12:00
Лёв ёки Кападзе. Миллий жамоа бошқарувида ўзгариш қилиш керакми?
Спорт | 11:30
Одамлар энг тез ва секин қарийдиган мамлакатлар аниқланди
Жаҳон | 21:57 / 17.07.2025
Жиноят оламида бунақаси кам учрайди: яширин устахона ва ғойиб бўлган 276 та машина
Жамият | 13:40 / 16.07.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

23:10 / 19.07.2025
Украина Россияга келаси ҳафта янги музокаралар ўтказишни таклиф қилди – Зеленский

07:53 / 19.07.2025
Россия ва Украина яна ҳалок бўлган аскарлар жасадини алмашди

07:29 / 19.07.2025
НАТО: Patriot'ни Украинада тезкор жойлаштиришга тайёргарлик кўрилмоқда

23:30 / 18.07.2025