Фан-техника | 00:12 / 19.03.2025
5299
2 дақиқада ўқилади

Яқин 75 йил ичида денгиз сатҳи уч метрга кўтарилиши мумкин — олимлар

Мазкур ҳолат Дания учун жиддий таҳдид туғдиради, чунки унинг қирғоқ ҳудудларини катта қисми денгиз сатҳига нисбатан паст жойлашган.

Фото: The Open University

Иқлимшунослар денгиз сатҳи БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи (IPCC) прогнозларида кўрсатилгандан анча юқори даражада кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Олимларнинг фикрича, яқин 75 йилда денгиз сатҳи уч метрга кўтарилиши мумкин. Ушбу мавзуга бағишланган ҳисобот муаллифлари IPCC’нинг 2100 йилга бориб денгиз сатҳи 1 метрга кўтарилиши ҳақидаги хулосаси етарлича баҳолашларни ҳисобга олмаганини таъкидламоқда.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат Дания учун жиддий таҳдид туғдиради, чунки унинг қирғоқ ҳудудларини катта қисми денгиз сатҳига нисбатан паст жойлашган. Агар денгиз сатҳи кўтарилса, ушбу ҳудудлар хавф остида қолиши мумкин.

«Денгиз сатҳининг кўтарилишига етарлича тайёрмизми ва сиёсатчилар бунга жиддий эътиоб қаратяптими — мени шу ташвишга солади. Биздаги ишончли маълумотларга кўра, агар ҳарорат 2-3 даражага кўтарилса, дунё муз қатламларининг айрим қисмлари муқаррар емирилади. Натижада, денгиз сатҳи бу асрда IPCC томонидан «энг ёмон сценарий» сифатида баҳоланган 1 метрдан анча кўпроққа кўтарилиши мумкин», — дейди Копенгаген университети профессори Дорте Дал-Йенсен.

Унинг сўзларига кўра, денгиз сатҳининг бир неча метрга кўтарилиши аста-секин эмас, балки сакрашлар билан юз бериши мумкин. Ушбу хулосани дунёнинг турли университетларини 28 нафар океанолог олимлари қўллаб-қувватлаган.

Аввалроқ Copernicus иқлим ўзгариши бўйича Европа хизмати дунё океанидаги муз қопламининг майдони энг паст даражагача қисқарганини маълум қилганди. Февралда Арктика ва Антарктидадаги муз қопламининг умумий майдони 16,04 миллион квадрат километрни ташкил этган, бу 1979 йилдан бери рекорд даражадаги энг паст даражадир.

Мавзуга оид