Иқтисодиёт | 08:30
3588
3 дақиқада ўқилади

Автомобил саноатидаги учта корхонанинг давлат улуши сотувга қўйилди

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давактив агентлиги Uzsungwoo МЧЖ устав капиталидаги 50 фоиз, Avto Climate Control МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз ҳамда Uz truck and Bus Motors МЧЖ устав капиталидаги 34,2 фоиз давлат улушларининг очиқ савдо жараёнлари бошланганини эълон қилди.

Фото: Kun.uz

Portfolio Investments компанияси ушбу битимлар бўйича соҳавий ёндашувга кўра Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.

Uzsungwoo МЧЖ — автомобил саноати учун штамплаш ва пайвандлаш технологиялари асосида металл қисмлар ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бири бўлиб, 2011 йили “Ўзавтосаноат” АЖ ва Жанубий Кореянинг Sungwoo Hitech Co Ltd. ҳамда I-Zone Co Ltd. компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган. Ишлаб чиқариш майдони 60 500 кв м бўлиб, 1000 дан ортиқ ходим ишлайди, йиллик қуввати эса 120 минг тўпламни ташкил этади. 2022 йилда заводда Марказий Осиё ва МДҲ минтақасида ягона бўлган иссиқ штамплаш технологияси жорий этилди. Бугунги кунда компания Chevrolet Cobalt, Gentra, Tracker ва Onix моделлари учун эҳтиёт қисмлар етказиб беради ҳамда халқаро IATF 16949 сифат стандартларига мувофиқ ишлаб чиқариш жараёнларини йўлга қўйган.

Avto Climate Control МЧЖ - 2010 йилда “Ўзавтосаноат” АЖ ва Жанубий Кореянинг ERAE CS LIMITED (Жанубий Корея) компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти автомобиллар учун иситиш ва совитиш тизимларини ишлаб чиқаришдан иборат. 

Uz truck and Bus Motors МЧЖ — 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, Марказий Осиё минтақасида MAN ва HOWO (Sinotruk) брендлари остида юк машиналари ва йўловчи техникасини ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади. Юк машиналарининг модель қатори 60 дан ортиқ турдаги транспорт воситаларини ўз ичига олади, жумладан, тягачлар, автосамосваллар, фургонлар, махсус техника, юк кўтариш қуввати 5 тоннадан 70 тоннагача бўлган юк машиналари, шунингдек, шаҳар ва шаҳарлараро автобуслар.

Сотиш жараёнлари барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлган музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида ташкил этилади.

Савдо жараёнлари ҳар бир актив бўйича алоҳида-алоҳида икки босқичда амалга оширилади, жумладан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Expression of Interest) ҳамда Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) тақдим этиш босқичлари, якуний босқичда талабгорлар томонидан таклиф этиладиган қатъий нарх таклифининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов сифатида амалга оширилиши белгиланади.

Мавзуга оид