Жаҳон | 20:52 / 14.03.2025
6972
3 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги Қўштепа канали қурилиши USAID томонидан молиялаштирилган – ОАВ

Трамп маъмурияти USAID фаолиятини музлатиб қўйганидан кейин канал қурилиши ҳам тўхтатилиши таъкидланмоқда.

Фото: TOLOnews

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон сув таъминотига таҳдид солаётган Афғонистондаги Қўштепа сув канали қурилишига яширинча ҳомийлик қилган. Бу ҳақда Россиянинг «Известия» газетаси ёзди.

Нашрга кўра, қиймати 700 миллион доллар бўлган канал қурилиши 80 фоизга якунланган. USAID томонидан лойиҳани молиялаштириш аввалги Афғонистон ҳукумати даврида бошланган ва «Толибон» ҳокимиятга келганидан кейин ҳам давом этган. Айни пайтда президент Трамп маъмурияти USAID фаолиятини музлатиб қўйган. Энди канал қурилиши ҳам тўхтатилиши таъкидланмоқда.

«Сув канали Марказий Осиё мамлакатлари учун жиддий экологик муаммоларни келтириб чиқаради, чунки қурилиш ибтидоий усулда амалга оширилиб, суғориш тизимини бузади», деб ёзди нашр.

Лойиҳага кўра, Қўштепа канали Афғонистоннинг Балх, Жузжон ва Фарёб вилоятларидаги ерларни суғориш имкониятини бериши керак. Аммо Афғонистоннинг қишлоқ хўжалиги ерлари учун фойдали бўлишига қарамай, лойиҳа халқаро баҳсларга сабаб бўлмоқда. Қўштепа канали Амударёдан йилига 10 куб километр сув (жами сув ҳажмининг 25 фоизини) олиш имкониятига эга. Бу эса дарёнинг саёзлашиши, қурғоқчиликка ва сув омборларининг қуришига олиб келиши мумкин.

«Известия» ёзганидек, Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссияси таҳлилига кўра, агар Қўштепа сув таъминоти тизими ишга тушса, Амударёнинг қуйи оқимидаги ҳавзалар зарур сувнинг атиги 30 фоизини олади.

Аввалги Афғонистон ҳукумати қўшни мамлакатларда сув муаммосини юзага келтирмаслик учун тўғон қурмаган эди. Аммо «Толибон» бу масалада, хусусан, Амударё бўйича ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ниятида.

Маълумотларга кўра, дарё умумий оқимининг 30 фоизи Афғонистонда, 6 фоизи Ўзбекистонда ва 1 фоизи Туркманистонда шаклланади. Шу билан бирга, Афғонистон Амударё сув ресурсларининг бор-йўғи 2 фоизи, Ўзбекистон 48,2 фоизи, Туркманистон 35,8 фоизидан фойдаланади.

Бундан ташқари, Афғонистон Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сув келишувлари билан боғлиқ масалаларда иштирок этмайди.

Мавзуга оид